Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.
Албатта, бу ҳолат, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмаган бўлсалар ҳам, Роббинг сени ҳақ ила уйингдан чиқарганга ўхшайди.
(Яъни, уйингдан Бадрга уруш қилиш учун чиқарганга ўхшайди. Ушбу икки иш — ўлжани бўлиш ва ғазотга чиқишнинг бир-бирига ўхшашликлари бор. Ўлжа тақсимоти бир гуруҳ мўминларга ёқмаганидек, урушга чиқиш ҳам баъзи бир мўминларга ёқмаган эди.)
Худди ўзлари кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдалаётгандек, ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам сен билан баҳслашадилар.
(Ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам, яъни уруш бўлиши аён бўлиб қолгандан кейин ҳам. Чунки Абу Суфён карвонни бошқа томонга буриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетганининг ва қурайшликлар аскар тортиб келаётганининг аниқ хабари етган эди. Шундай бўлса ҳам, баъзилар биз карвонни қасд қилиб чиққан эдик, урушга тайёр эмасмиз, деб сен билан баҳс қилдилар. Агар урушга борсак, албатта, ўламиз, деб ўйладилар.)
Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингиз. Аллоҳ эса, Ўз калималари ила ҳақни ҳақ қилишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди.
(Яъни, Бадр томон юрган вақтингизда, икки тоифадан бири — ёки Абу Суфённинг карвони ёки Қурайш лашкарлари сизники бўлишини Аллоҳ ваъда қилган эди.)
(Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мадад учун фаришталарни юборганлиги ҳақида мавзуларда энг ишончли манба Қуръони Карим ва ҳадиси шариф бўлади. Икрима ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом Бадр куни: Мана бу Жиброил отининг бошидан тутиб устида уруш анжомлари билан келмоқда, дедилар.)
Аллоҳ у(мадад)ни башорат ва қалбларингиз у билан хотиржам бўлиши учунгина қилди. ўалаба эса, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди.
(Мусулмонларга ажойиб бир руҳий ҳолат пайдо бўлди ўшанда. Ҳозиргина қўрқиб, хавсираб турган одамлар бир мудроқдан кейин қалблари тўла сокинлик, ўзлари хотиржам, душмандан заррача қўрқмайдиган ҳолга келдилар. Мудроқ босиш ҳолати Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломда қандай кечгани Имоми Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бундай ривоят қилинган: «Бадр уруши куни Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан капада дуо қилиб турганларида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни мудроқ босди. У киши кулиб уйғондилар. «Суюнавер, эй Абу Бакр, Жаброил отда икки томонидан чанг чиқариб келмоқда», дедилар. Сўнгра кападан «Тезда бу жамоат енгилади ва орқага қараб қочурлар», деган оятни ўқиб чиқдилар». Сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.)
Кимки ўша кунда жанг ҳунари кўрсатиб ёки бошқа гуруҳга қўшилмоқчи бўлган ҳолатдан ташқари, уларга орқа ўгириб қочса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳдан бўлган ғазаб ила қайтибди. Унинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой.
Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайтингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир.
(Бадр урушида Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, Ер юзида сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...», деб дуо қилдилар. Жаброил келиб у кишига: «Бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг юзига қараб от!» деди. Бир сиқим тупроқ олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига тупроқ кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин ортларига қараб қоча бошладилар».)
Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, батаҳқиқ сизга орани очиш келди. Агар тўхтасангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Сизнинг гуруҳингиз қанча кўп бўлса ҳам, сизга ҳеч бир ҳожатингизни чиқара олмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.
Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганида, албатта эшиттирар эди ва агар уларга эшиттирса ҳам, албатта юз ўгириб, бурилиб кетар эдилар.
(Аллоҳ таоло улардан бирор яхшилик чиқишини билганида эди, албатта, уларни эшитганидан фойда оладиган қилиб қўйган бўларди. Аммо уларнинг табиатлари бузуқлигини, эшитсалар ҳам, юз ўгириб кетишларини билгани учун ҳам Аллоҳ бундай қилмади.)
Эй, иймон келтирганлар, сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билингки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз.
(«Ҳаёт берадиган нарса» — иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолмайди.)
Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки, шукр қилсангиз.
(Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда қийин пайтларида ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатмоқда. Исломий даъватнинг бошланишида мусулмонлар оз сонли, заифҳол эдилар. Маккада қўрқиб бекиниб юрардилар.)
(Аллоҳга хиёнат — «Ла илаҳа илаллоҳ», деб иймонга келган шахснинг ана ўша «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ» шиорига хилоф қилишидир. Аллоҳдан ўзганинг йўлига юриш, Аллоҳ фарз қилган амалларни тарк этиш, қайтарганларидан қайтмаслик ва бошқа гуноҳлар Аллоҳга хийнат қилиш бўлади. Пайғамбарга хиёнат қилиш эса, «Муҳаммадун Расулуллоҳ»га хилоф қилишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг шариатларига юрмаслик, суннатларига амал қилмасликдир. Кишилар орасида бўладиган муомалаларда омонатлар бор. Муомалалар шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқача бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасида ҳам бировга бир нима ишониб топширилса, омонат бўлади. Уни ўз ўрнига қўя олмаслик хиёнат ҳисобланади.)
Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир.
(Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматлари.)
Куфр келтирганлар сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир.
(Уламоларимиз Аллоҳга «маккор» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак.)
Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, Унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмаслар.
Уларнинг Байт олдидаги намозлари ҳуштак ва қарсак чалишдан иборат эди, холос. Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг.
(Мушриклар Байтуллоҳнинг валий-мутасаддилари бўлса, ибодатлари ҳуштак ва чапак чалишдан иборат бўлармиди? Бу ишда на Байтуллоҳга ҳурмат-эҳтиром бор ва на Аллоҳга ибодат. Фақат овоз чиқариш, тўс-тўполон қилиш. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида уларга хитобан: «Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг», дейилмоқда.) (Яъни, Бадр урушидаги азобни татиб туринг, қолганини қиёматда оласиз.)
Ва улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча уруш қилинг. Агар тўхтасалар, бас, Аллоҳ, албатта, нима қилаётганларини кўриб тургувчи Зотдир.
Ва агар Аллоҳга, фурқон куни — икки жамоат тўқнашган куни бандамизга нозил қилган нарсамизга иймон келтирган бўлсангиз, билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(«Фурқон куни — икки жамоат тўқнашган куни»дан мурод Бадр уруши кунидир. Чунки айни ўша кун Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни фарқ қилган, ажратган кундир. Ўша кун мусулмонлар билан мушриклар тўқнашган кундир. Оятда Бадр уруши куни Расулуллоҳга нозил қилинган оятларга иймон келтиришлик Аллоҳга иймон келтириш билан бирга зикр этилмоқда. Ўша куни нозил қилинган ояти карималар ўлжани тақсимлашга ҳам тааллуқли эди. Ана ўша оятлардаги ҳукмларга амал қилсалар, иймонлари борлигига далолат бўлиши таъкидланмоқда. Жиҳод пайтида қўлга тушган ўлжаларнинг бешдан тўрти мужоҳидларга бўлиб берилади. Қолган бир қисми эса, ушбу оятда зикр қилинган тоифаларга ажратилади.)
Ўшанда сизлар (водийнинг Мадинага) яқин тарафида, улар узоқ тарафида, отлиқлар эса сиздан пастда эди. Агар ваъдалашиб олганингизда ҳам, келишилган жой ва вақтда хилоф қилардингиз. Лекин Аллоҳ қилиниши керак бўлган ишни ҳал этиши учун, ҳалок бўладиган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан ҳалок бўлиши учун, яшаши керак бўлган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан яшаши учун (тўқнашдингиз). Ва, албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир.
(Яъни, Бадр уруши куни сизлар, эй мусулмонлар, водийнинг Мадинага яқин тарафига келиб тушдингиз. Мушриклар водийнинг Мадинадан узоқ тарафига келиб тушдилар. Карвондаги отлиқлар эса, сиз турган жойнинг пастроғидан юриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетди. Сиз билан мушриклар ўртасида тепалик бўлиб, бир-бирингизни кўрмас эдингиз.)
Ўшанда Аллоҳ тушингда уларни сенга оз кўрсатди. Агар уларни сенга кўп кўрсатганида, тушкунликка учрар эдингизлар ва бу ишда ораларингизда низо чиқар эди. Лекин Аллоҳ сақлади. Албатта, У дилингиздаги нарсани билгувчи Зотдир.
Ўшанда, тўқнашганингизда, уларни сизнинг кўзингизга оз қилиб кўрсатганини, сизни уларнинг кўзига оз қилиб кўрсатганини эсланг. Буни Аллоҳ қилиниши керак бўлган ишни ҳал этиш учун қилди. Ва барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг кўрган тушлари рост чиқди. Аллоҳ таоло мусулмонларга кўп сонли мушрикларни оз қилиб кўрсатди. Аллоҳ таоло мушрикларга оз сонли мусулмонларни яна ҳам камайтиб кўрсатди. Улар биз кўпмиз, мусулмонлар оз экан, деб ғурурга кетишди ва ғафлатда қолиб, мағлуб бўлишди.)
Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир.
(Ғалаба омилларидан бири — Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидаги гап. Энди оламларнинг Яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, У зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.)
Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлганлар: «Анавиларни дини мағрур қилиб юборди», – дедилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
Бундай бўлиши Аллоҳ бир қавмга берган неъматини, токи, улар ўзларини ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зот бўлганидандир.
(Иймон бўлмаган жойда яхшилик қаердан бўлсин. Яратган холиққа — Аллоҳга ишонмай юрган одамдан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Бундай одам иймонсиз — кофир бўлгани учун ҳайвондан ҳам паст даражага тушиб қолади. Тушганда ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида тушади. Бу эса, ҳар қандай инсон учун бадбахтликдир.)
Улардан сен аҳдлашганлар сўнгра ҳар сафар аҳдларини бузарлар ва улар У зотдан қўрқмаслар.
(Бу қилмишлари билан яна бир инсонийлик хусусиятларини йўқотадилар. Яъни, аҳдда туриш инсонни ҳайвондан ажратадиган хусусиятларидан бири саналади. Кофирлар аҳдни бузиш билан шу сифатни ҳам йўқотдилар. Бу қилмишларига бош сабаб уларнинг Аллоҳдан қўрқмасликларидир.)
Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқадиган бўлсанг, уларга тенгма-тенг (аҳд бузилганини) ўртага ташла. Албатта, Аллоҳ хоинларни севмас.
(Яъни, бирор кофир қавм билан аҳдлашган бўлсанг, аммо содир бўлаётган гап-сўз ва тасарруфлардан, баъзи бир маълумотлардан аҳдга хиёнат қилаётганларини билиб қолсанг, уларга аҳд икки томондан баробар бузилганини билдир. Аҳдга ишониб, хотиржам турган томонга ёмонлик қилиш хоинлик бўлади.)
Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас.
(Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади.)
Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
(Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.)
Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади. Бу, улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир.
Энди, Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгади. Аллоҳ сабрлилар биландир.
(Мусулмонлар доимо қувватли бўлиб туравермас эканлар, уларда заифлик ҳоллари ҳам учраб тураркан. Буни Аллоҳ таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун аввалги оятда келган ҳукмни енгиллаштириб, заиф ҳолатида бир мусулмон жангчи иккита душманга ғолиб келишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, номи мусулмон бўлса бўлди, деган тушунча уйғонмаслиги учун «Аллоҳнинг изни ила» шарти ҳам қўшиб қўйилди.)
Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истайсизлар. Аллоҳ эса, охиратни истайдир. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
(Ушбу ва кейинги ояти карималар Бадр урушида асирга тушган мушриклар масаласида нозил бўлгандир.)
Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, сизга олган нарсаларингиз туфайли улуғ азоб етар эди.
(Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу ҳолатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)
Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар қалбларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ билур ва сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳимли Зотдир», – деб айт!
(«Қурайшликлар Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга асирларни тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади. Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси учун тўлов бер», дедилар. Аббос: Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. Аббос: «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди, деб ҳисоблайверинг», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берганидир», дедилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди.)
Агар сенга хиёнат қилишни истасалар, батаҳқиқ, бундан олдин Аллоҳга хиёнат қилган эдилар. Бас, У уларга қарши имкон топди. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи Зотдир.
(Исломда «вала»-валийлик ақида асосида бўлади. Ким мўмин-мусулмон бўлиб, Исломга кирар экан, бошқа ҳамма восита ва алоқалардан узилиб, ақида ила боғланади. Барча мўмин-мусулмонлар унинг валийсига айланади. Қариндошлари мўмин бўлмаса, валий эмаслар; жамияти мўмин бўлмаса, валий эмас.)
Иймон келтирган, ҳижрат этган, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар ҳақ мўминлардир. Улар учун мағфират ва карамли ризқ бордир.
Кейин иймон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан жиҳод қилганлар ҳам сизлардандир. Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи Зотдир.
(Ҳижратнинг аввалида мерос маълум муддат мусулмон биродарлиги асосида тақсимланган. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, мерос мусулмон қариндошлар орасида бўладиган бўлди.)
Übersetzung der Bedeutungen von dem heiligen Quran - Uzbekische Übersetzung - Übersetzungen
Übersetzung der Quran-Bedeutung in Uzbek Sprache von Muhammed Sadeq und Muhammed Yusuf, in 1430 H. Hinweis: Einige übersetzte Verse, korrigiert von Ruwwad Translation Center. Die Originalübersetzung steht für Anregungen, kontinuierliche Auswertung und Entwicklung zur Verfügung
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Suchergebnisse:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".