Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
Эй, одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра, вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир.
(Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа-спермасидан дунёга келди. Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?! Ана шу заррадан одам яратган Холиқ Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?! Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила зулукдек бачадонга ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг суврати ҳақиқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди. Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор? Ҳомила ривожланиб, алақа-лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади, бачадондан тушиб кетади. Ҳеч ким уни эсламайди ҳам. Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик? Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмасми?!)
Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У, дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир.
(Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом — иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?)
Кимки унга бу дунёю охиратда Аллоҳ нусрат беришига шубҳа қилса, бир восита топиб, осмонга осилсин, сўнгра уни кессин. Бас, назар солсин-чи, унинг бу ҳийласи ғам-ғуссани кеткизармикан?!
(Аллоҳга иймони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга иймони бўлмагани учун ундан нусрат келишига ҳам умид қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин, ё, ундай қила олмаса, ўзини оссин. Бошқа иложи йўқ.)
Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.
(Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга — қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.)
Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар у ерда олтин билакузуклар ва инжулар ила безанурлар. У ердаги либослари эса, ипакдандир.
(Бир-бирига қарама-қарши икки нарсани бир жойда, бир хил савияда васф қилишлик Қуръони Каримга хос хусусиятлардан биридир. Жаҳаннамда оловнинг азобига қўшимча қилиб, ўта қайноқ сув қуйилса, жаннатда соя-салқин боғлар остидан муздек зилол, ҳузурбахш сувлар оқиб турибди. Жаҳаннамда азоб устига азоб келса, жаннатда ҳузур устига ҳузур. Дўзахиларга оловдан кийим кийдирилса, жаннатиларга ипакдан кўйлак кийдирилади. Дўзахилар бошига темир гурзи билан урилса, жаннатиларга олтин ва инжулардан безак тақилган.)
Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз.
Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.
Ана шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бас, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир. Ва сизларга (келажакда) тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг.
Аллоҳга бўлган иймондан оғманг, унга ширк келтиргувчи бўлманг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушган-у, уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир.
(Инсон иймонга эришганда, юқори мартабаларга эришган бўлади, кимки ўша юксак мартабани хоҳламай, Аллоҳга ширк келтирса, худди осмондан қулаб тушган каби бўлади.)
Улар Аллоҳ зикр қилинган вақтда қалблари титрайдиган ва ўзларига етган мусийбатга сабр қилгувчилар ҳамда намозни тўкис адо этгувчилардир, уларга ризқ қилиб берган нарсамиздан инфоқ қиладилар.
Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки, шукр қилсангиз.
Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер.
(Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.)
(Демак, кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган. Мусулмонлар ҳужумга ва зулмга учраганлар. Энди улар ўзларини ҳимоя қилмасалар, бўлмайди. Кофирлар уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин. Мусулмонлар урушга кирсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир.)
Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан дафъ қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.
Мадян эгалари ҳам. Ва Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бердим, сўнгра уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?!
(Албатта, ўта шиддатли бўлди. Ўта қўрқинчли бўлди. Ўша кофир, жиноятчи, пайғамбарларини ёлғончига чиқарган қавмларнинг баъзиларини тўфон азоби тутди. Баъзиларини ер ютди, зилзила ва бошқа азобларга дучор бўлдилар.)
(Ўша кофирлар Ер юзида айланиб юрганларида, ўтган кофирлардан қолган асарларни кўрар эдилар. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Одамлардан ўтган золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олар эдилар.)
Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир.
(Модомики кофирларга азоб юборишни ваъда қилдими, уларга Аллоҳнинг азоби, албатта, келади. Шошилмай турсинлар. Азобни қачон юборишни Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло ҳеч шошилмайди. «Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир». Шунинг учун ҳам У зот шошилмайди.)
Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра, Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
(Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажнабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)
Куфр келтирганлар уларга соат (қиёмат) тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этадилар.
(Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)
(Ҳижрат Аллоҳ йўлида ватандан, қариндош-уруғдан, молу дунёдан, турли қулайликлардан узоқда бўлишдир. Ҳижрат барча пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса, Ислом Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ва у кишининг сафдошлари — саҳобаларнинг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди.)
Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилса-ю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ афвли ва мағфиратли Зотдир.
(Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)
Чунки, Аллоҳ, албатта, кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи Зотдир.
(Доимий сувратда кеча кундузга, кундуз кечага кириб туради. Буни Аллоҳга куфр келтириб, гердайиб юрган одамлар ҳам, бошқалари ҳам қила олмайди. Буни фақат Аллоҳ таологина қилади. Аллоҳнинг бу ишини биров тўхтата олмаганидек, У зотнинг мазлумларга нусрат беришини ҳам тўхтата олмайди.)
Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзигина беҳожат ва мақталган Зотдир.
(Аллоҳ таоло осмонлару Ердаги нарсаларга эга бўлганидан, У зотнинг ҳеч бир нарсага ҳожати йўқ. Шундай ҳам мақталган, ҳамду сано эгаси бўлган Зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир.)
Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир.
(Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло Ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.)
Сизларни тирилтирган, кейин ўлдирадиган, сўнгра (қайта) тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, инсон ўта ношукрдир.
(Инсонга ҳаёт бериб, уни йўқдан бор қилган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ана шу Зотга шукр қилиб, Унга иймон келтириб, Унинг ибодатини қилса, бўлмасмиди?! Бу дунёда яшаб юрган инсонни ўлдирадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ўлганларни қиёмат куни қайта тирилтирадиган, уларни сўроқ-саволга тутадиган, қилганига яраша мукофот ёки жазо берадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, инсон ўша кунга тайёргарлик кўрса бўлмасмиди?! «Албатта, инсон ўта ношукрдир». Шунинг учун ҳам Аллоҳга куфр келтиради. Унга исён қилади. Унинг кўрсатган йўлидан юрмайди.)
Биз ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сен ила низо қилмасинлар. Роббингга даъват қил. Албатта, сен мустақийм ҳидоятдасан.
Улар Аллоҳни қўйиб, У зот у ҳақида бирон ҳужжат туширмаган, ўзларида у ҳақда илм бўлмаган нарсага ибодат қилурлар. Золимларга ҳеч бир нусрат бергувчи йўқдир.
Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганида, куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрурсан. Улар ўзларига оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга чанг солишларига оз қолурлар. Сен уларга: «Бунингиздан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзахдир. Аллоҳ уни куфр келтирганларга ваъда қилгандир. Ва у нақадар ёмон қайтиш жойидир», дегин.
Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди.
(Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.)
Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азийздир.
(Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)
Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу, отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу (Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун «мусулмонлар» деб номлади. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг хожангиздир. Бас, У зот қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчидир.
(Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан «Эй иймон келтирганлар», деб бошламоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса, рукуъ, сажда қилмоқликдир.)
Kur'an-ı Kerim Mealinin Özbekçe Tercümesi. Muhammet Sadık Muhammet Yusuf tercüme etmiştir. Basım tarihi H.1430 Açıklama: Bazı ayetlerin (İşaretle belirtilmiş) tercümesi Rovvad Tercüme Merkezinin bilgisi dahilinde düzeltilmiştir. Bununla beraber fikir, değerlendirme ve sürekli gelişimi sağlamak amacıyla orijinal çeviriye erişim sağlanmıştır.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Arama sonuçları:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".