(Бу) Аллоҳ ва Унинг Расулидан одамларга «ҳажжул акбар» кунидаги билдиришдир. Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулининг мушриклар билан оралари очиқдир. Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир. Агар юз ўгириб кетадиган бўлсангиз, билингларки, албатта, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз. Куфр келтирганларга аламли азобнинг «башоратини» беравер.
Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Оятдаги амр йигирма икки йиллик сабр-чидам натижасидир, тушунтириш, турли йўлларни ахтариш ва аҳднома тузишлар наф бермаганидан сўнг, шунингдек, чор атрофни хавф-хатар ўраб олгандан кейин, Ислом марказини ички душмандан тозалаш ниятида қилинган буйруқдир. Бу амрдан мақсад қириб ташлаш эмас, балки ҳақиқатни яхшилик билан тушунмаганларга бир оз таъсир ўтказиш эканлиги оятнинг иккинчи ярмидан ҳам билиниб турибди.)
Қандай қилиб мушрикларга Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расулининг ҳузурида аҳд бўлсин?! Магар сиз билан Масжидул Ҳаром олдида аҳдлашганлар, сизга нисбатан мудом мустақийм турсалар, сиз ҳам мустақийм туринг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир.
(Аҳду паймон уларнинг фақат бир тоифасига, яъни мусулмонлар билан Масжидул Ҳаром олдида, яъни Ҳудайбияда аҳдлашган мушрикларгагина бўлиши мумкин. Агар улар аҳдларида турсалар, мусулмонлар ҳам аҳдида туради. Модомики улар аҳдларида турган экан, мусулмонлар ҳам вафоли бўлишлари шарт. Чунки Ислом — аҳдга вафо динидир.)
Қандай қилиб (уларга аҳд бўлсинки), улар агар сиздан устун келсалар, на аҳдга ва на бурчга риоя этмаслар. Сизни оғизлари билан рози қиладилар-у, қалблари кўнмас. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
Бас, агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, дин қардошингиздирлар. Биладиган қавм учун оятларимизни батафсил баён қиламиз.
Агар аҳд берганларидан кейин аҳдларини бузсалар ва динингизга таъна тошини отсалар, куфрбошиларга қарши жанг қилинг! Зеро, уларнинг аҳдлари йўқдир. Шоядки, тўхтасалар.
(Улар ўзлари рози бўлиб аҳднома тузганларидан сўнг, ўзлари уни бузсалар, бунинг устига, сизнинг динингиз Исломга таъна тошини отсалар, улар куфрбоши, кофирларнинг бошлиғи — имоми бўладилар. Уларга қарши жанг қилиш лозим. Чунки улар аҳдга вафо қилмайдиган одамлардир. Уруш уларни йўқотиш учун эмас, душманликларини тўхтатиш учундир.)
Аҳдларини бузган, Расулни (юртдан) чиқаришга қасд қилган ва сизга (қарши) биринчи бўлиб (уруш) бошлаган қавм билан урушмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга лойиқ зот Аллоҳдир!
(Ушбу ояти каримада мушрикларга қарши урушнинг баъзи сабаблари баён қилинмоқда. Мусулмонлар орасида ҳам, қавм билан нима учун урушамиз, деган савол туғилиши мумкин. Шундай саволга савол билан жавоб берилмоқда.)
Уларга қарши жанг қилинглар! Аллоҳ уларни сизнинг қўлингиз билан азоблайдир, хорлайдир ва уларга қарши сизга ёрдам берадир. Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир.
Сиздан жиҳод қилганларни, Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва мўминлардан ўзгани дўст тутмаганларни билмай туриб, Аллоҳ томонидан тарк этиб қўйилмоғингизни ўйладингизми? Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардор Зотдир.
(Даъват қилиб динга қизиқтирилганда, одамлар кўпчиликка қўшилаверадилар. Турли фикр, мақсад ва ғараз билан ўзини мусулмон кўрсатишга ҳамма уринаверади. Баъзилар сиртдан ўзини мусулмон кўрсатиб, ичдан Аллоҳдан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Мўминлардан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Бундай кишиларнинг ҳақиқий башараларини очиш учун сохтакорлар чидай олмайдиган қийинроқ иш таклиф қилинади. Жиҳод ана ўша ишлардан биридир. Жиҳодда ҳақиқий мўмин-мусулмонлар бошқалардан ажралиб чиқиб қоладилар.)
Мушрикларга, ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида, Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Ана ўшалар амаллари ҳабата бўлганлардир ва улар дўзахда абадий қолувчилардир.
Ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, охират кунига иймон келтирган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган каби қилдингизми?! Улар Аллоҳнинг ҳузурида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
(Макка мушриклари Масжидул Ҳаромнинг ва ҳажнинг хизматларини тақсимлаб олишган эди, айниқса, ҳожиларга сув бериш алоҳида мартаба ҳисобланарди. Бу ишлардан мушриклар доимо фахрланиб юришар эди. Ҳатто кишилар орасида бу ҳақда тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Оятда бу ишнинг ҳақиқий баҳоси берилмоқда.)
Иймон келтириб, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жидду жаҳд қилганларнинг даражалари Аллоҳнинг ҳузурида жуда улуғдир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир.
Эй, иймон келтирганлар! Агар куфрни иймондан устун кўрсалар, ота-онангиз ва ака-укаларингизни дўст тутманг. Сиздан ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир.
(Ислом ақидаси учун соф қалб керак. Ақида тоза қалбдан жой олиши учун ундан бошқа манфаатлар узилиши лозим. Яъни, иймон, эътиқод, дину диёнат масаласи ҳамма нарсадан устун қўйилмоғи керак. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар.)
«Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жидду жаҳд қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас», – деб айт.
(Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра, ортга қараб қочдингиз.
Сўнгра, Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша, кофирларнинг жазосидир.
Эй, иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ, бу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Агар фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ, Ўзи хоҳласа, сизни тезда фазли ила бой қилиб қўядир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
(Ақидалари бузуқ мушриклар маънавий жиҳатдан нажас ҳисобланадилар. Ушбу ояти карима ҳукмига биноан улар Масжидул Ҳаромга яқин келишлари мумкин эмас. Оятда «бу йилларидан» ибораси билан тўққизинчи ҳижрий йили назарда тутилган. Ўша йили, юқорида ўрганганимиздек, Ҳазрати Абу Бакр амирликларида ҳаж бўлган ва ҳазрати Али бу оятларни ҳажга келганларга ўқиб, ҳукмини тушунтирганлар. Ўша йилдан бошлаб мушрикларнинг Масжидул Ҳаромга келишлари ман қилинган. Бунинг учун ҳарам чегараси белги қилиб олинди. Маккаи Мукарраманинг атрофидаги ўша чегарадан мусулмон эмасларга ичкари киришга рухсат берилмайдиган бўлди.)
Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунича, жанг қилинг.
(Жизя, ғайридин кишининг Ислом ҳимояси остида яшаши, мусулмонлар томонидан тақдим этилган оммавий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа сабаблар учун Ислом давлатига тўлаб туриладиган маблағдир. Жизяни ўз қўли билан бўйинсунган ҳолда берадиган аҳли китобларга қарши мусулмонлар урушмайдилар.)
Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масийҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир.
(Адий ибн Ҳотим жоҳилият даврида насронийлик динига кирган экан. Синглиси бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ҳузурларига боришга ундабди. У Мадинага борганида, бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот алайҳиссалоту вассалом: «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар».)
Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир.
У, гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир.
(Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. У дини Исломнинг дунёдаги барча динлардан устун бўлишини хоҳлайди. Аҳли китоблар Аллоҳнинг бу хоҳишига қарши чиқадилар. Улар Исломнинг бошқа динлардан устунлигини кўра олмайдилар. Шунинг учун қўлларидан келган барча ёмонликларни қиладилар.)
Эй, иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер.
(Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихда маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди. Бу эса, воқеликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган. Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам.)
Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» – дейилур.
Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир.
(Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару Ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда. Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унда инсоннинг ҳеч даҳли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.)
Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас.
(Ояти каримадаги «насийу» луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса, унга тегмасди. Аммо бордию урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар. Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилишар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди. Оятда уларнинг бу тасарруфларига баҳо ва шарҳ берилмоқда.)
Агар қўзғалмасангиз, сизни аламли азоб билан азоблайдир. Ўрнингизга бошқа қавмни келтирадир. Сиз Унга зарар келтира олмассиз. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига: «Хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан», деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)
Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғалингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жидду жаҳд қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир.
(Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)
Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», – дерлар. Улар ўзларини ҳалок қилурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини албатта биладир.
(Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)
Агар чиқишни хоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишларини ёқтирмай тутиб қолди. Уларга: «Ўтирувчилар билан ўтиринглар», деди.
(Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)
Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи Зотдир.
Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, токи улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди.
(Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)
Сен: «Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», – деб айт.
(Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири — мусулмон инсоннинг олий мақсади — Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса — урушда ғолиб келишдир.)
Уларнинг нафақаларининг қабул этилишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир.
Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини хоҳлайди, холос.
Улардан садақалар ишида сенга айб қўядиганлари ҳам бор. Агар ўша садақалардан уларга берилса, улар рози бўларлар. Агар берилмаса, кўрибсанки, ғазабланарлар.
Агар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсаларидан рози бўлганларида ва «Аллоҳ бизга кифоя қилур, бизга тезда Аллоҳ ва Унинг Расули ўз фазлидан беради. «Албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз», деганларида, яхши бўларди.
Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
(«Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга мойил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга» — турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади. «Аллоҳнинг йўли» — энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади. «Йўл ўғли» — яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс.)
Улар кимки Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилса, албатта, унга жаҳаннам оташ бўлиб, унда абадий қолишини, ана шу катта шармандалик эканлигини билмасларми?!
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом замонларида яшаган мунофиқлар ҳар доим мусулмонлар билан бирга юрганларидан, нозил бўлаётган оятлар ва суралардан хабардор эдилар. Улар баъзи вақтларда сура нозил бўлиб, ҳеч ким билмайдиган яширин ишлар ҳам фош қилинаётганининг жонли гувоҳи эдилар. Ўзлари мунофиқлик қилиб, яширин гаплар айтиб ёки дилларида Исломга, мусулмонларга қарши ўй-фикрларни тугиб юришар эди. Аммо, бирон сура нозил бўлиб, қалбимиздаги сирни очиб қўймаса эди, деб қўрқардилар ҳам.)
Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», – дейишади. Сен: «Аллоҳни ва Унинг оятларини истеҳзо қилаётган эдингизми?» – деб айт.
(Яъни, агар мунофиқлардан ўша истеҳзо қилиб айтган гаплари ҳақида сўрасанг, улар, биз ҳеч нарса деганимиз йўқ, фақат шундай ўзимизча гаплашдик, ўйнашдик, холос, дейдилар.)
Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар ҳаммалари бирдирлар, ёмонликка буюрурлар, яхшиликдан қайтарурлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар — улар фосиқлардир.
(Мунофиқлар қаерда бўлсалар ҳам, кимлигидан қатъий назар, эркак-аёл бўлсин, нима иш қилмасин, барибир мунофиқдир. Ҳаммалари ҳам бир гўр. Чунки асллари бир. Кўрсатадиган фаолиятларининг маъноси бир.)
Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир.
Ўзингиздан аввалгиларга ўхшайсиз. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, молу дунё ва бола-чақалари кўпроқ эдилар. Бас, ўз насибалари ила маза қилдилар. Ўзингиздан олдингилар насибалари ила маза қилганларидек, сиз ҳам ўз насибангиз ила маза қилдингиз. Улар шўнғигандек сиз ҳам шўнғидингиз. Ана ўшаларнинг амаллари дунёю охиратда ҳабата бўлди. Ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир.
Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳим қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир.
(Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)
Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир.
(Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.)
Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жидду жаҳд қил ва уларга нисбатан қаттиққўл бўл. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қайтадиган жой.
(Маълумки, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом аввалда мунофиқларга нисбатан жуда ҳам кечиримли бўлганлар. Уларнинг кўпгина беодоблик ва душманликларини авф қилганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар ҳаддан ошиб кетган мунофиқларни ўлдиришга изн сўраганларида ҳам, қўй, одамлар, ўз шерикларини ўлдиряпти, демасин, деганлар. Аммо ушбу ояти карима энди юмшоқ муомалаларнинг вақти ўтганини, энди мунофиқларга ҳам кофирларга қилгандек муомала қилиш вақти келганини билдирмоқда. Уларга қарши жиҳод қилиб, қаттиққўл бўлиш тайинланмоқда. Уламоларимиз Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом мунофиқларга қарши уруш қилмаганларини, уларни ўлдирмаганларини алоҳида таъкидлайдилар. Лекин шу оятдан кейин муомала кескин ўзгариб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинган ва кирдикорлари аёвсиз фош этилган.)
Улар гапирмаганлари ҳақида Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Батаҳқиқ, куфр калимасини айтдилар ва Исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ета олмаган нарсаларига қасд қилдилар. Ҳолбуки, улар Аллоҳ ва Унинг Расули уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўйганларидан бошқа «айб» топа олмадилар. Агар тавба қилсалар, ўзларига яхши бўладир. Гар юз ўгириб кетсалар, Аллоҳ уларни бу дунёю охиратда аламли азоб билан азоблайдир. Ер юзида уларга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ.
( Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган. Ояти каримада ўша ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда. Оятдаги «ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломни ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.)
Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир.
Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам, барибир. Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу, уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.
(Мунофиқлар сурасидан маълумки, мунофиқларнинг гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, улар учун истиғфор айтиш таклиф қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом бу ишга мойил бўлганлар. Ўшанда ҳам шу маънодаги ояти карима нозил бўлган. Биз ўрганаётган ояти каримадан билиниб турибдики, Табук ғазоти асносида мунофиқларнинг кирдикорлари кетма-кет фош бўлгандан кейин яна улар учун истиғфор айтиш таклифи бўлган ёки ҳолат шуни тақозо қилиб қолган. Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга хитоб қилиб, мунофиқлар учун истиғфор айтишлари ва айтмасликлари барибир эканлигини, фойдаси йўқлигини билдирмоқда.)
Улар, Аллоҳнинг Расулига хилоф қилиб ортда қолганлар ўтирган жойларида хурсанд бўлдилар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жидду жаҳд қилишни ёқтирмадилар ҳамда: «Иссиқда қўзғалманглар», – дедилар. «Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ, агар тушунсалар», – деб айт.
(Яъни, улар одамларни ҳам ўзларига ўхшаб сафарбарликдан қочишга чақирдилар. Улар бу дунёнинг арзимаган иссиғидан қочишмоқда-ю, аммо ўзларини охиратнинг ашаддий иссиғига дучор қилишмоқда.)
Бас, Аллоҳ сени улардан бир тоифасига қайтарса-ю, улар сендан (урушга) чиқишга изн сўрасалар: «Мен билан ҳеч қачон чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон жанг қилмайсизлар, сизлар биринчи мартада ўтиришга рози бўлдингиз, бас, ортда қолувчилар билан ўтираверинглар», – деб айт.
Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар.
(Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак. Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.)
Уларнинг мол-дунёлари ва бола-чақалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини хоҳлайди, холос.
«Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Расули билан жидду жаҳд қилинглар», – деб сура нозил қилинган пайтда улардан бой-зодагонлари: «Бизни тек қўй, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик», – деб изн сўрайдилар.
Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар ва қалбларига муҳр босилди. Бас, улар англамаслар.
(Улар ўзлари хоҳлаб пасткашлик қилдилар. Шу сабабдан қалбларига муҳр босилди. Энди улар ўз фойдаларини англамайдилар. Агар англаганларида жиҳоддан қочмас эдилар.)
Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жидду жаҳд қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўладир. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.
(Булар мунофиқларга ўхшаб молу дунёга берилиб, унинг кетиб қолишидан қўрқиб, бахиллик қилмадилар. Топганларини Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга сарфладилар. Улар мунофиқларга ўхшаб жонлари ширин кўриниб, қўрқиб, урушдан қочиб, хотин-халаж орасига кириб ўтириб олмадилар. Улар Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг йўлида шаҳид бўлишни орзу этиб жиҳод қилдилар. Шунинг учун уларга барча яхшиликлар берилади. Шунинг учун улар нажот топадилар.)
Заифҳолларга, беморларга ва сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Чиройли амал қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Урушга ярамайдиган заифҳол кишилар, беморлар ёки урушга бориш учун керак сарф-харажатларни кўтара олмайдиган одамлар урушга бормай қолсалар, айб эмас. Гуноҳ ҳам бўлмайди. Чунки Ислом инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.)
Яна, сенга улов беришинг учун келганларида: «Сизларни миндиргани нарса топа олмаяпман», деганингда ғамгин бўлиб, кўзларидан ёшлари тўкилиб, орқага қайтиб кетганларга ҳам, сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаганлари учун гуноҳ йўқ.
(Бу тоифадагилар ўзлари соғ-саломат, бақувват, урушга ярайдилар. Рағбатлари ҳам бор. Урушга бориш учун жўнаб йўлга ҳам чиққанлар. Аммо Табук узоқ жой бўлгани учун миниб оладиган улов керак. Уларнинг эса, уловлари йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг олдиларига улов сўраб келишган.)
Бой-бадавлат бўла туриб сендан изн сўрайдиганларни айблашга йўл бор. Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босди. Бас, улар билмаслар.
Уларнинг ҳузурларига қайтиб келганингизда уларни айбламаслигингиз учун сизга Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Албатта, улар нопокдирлар. Қилиб юрган касблари жазосига жойлари жаҳаннамдадир.
(Урушдан қочиб, сафарбарликдан ортда қолган ўшалар фақат оддий узр айтиш билан кифояланмайдилар, балки узрлари ҳақиқий эканлигига ишонтириш учун қасам ичадилар. Қасам ичганда Аллоҳнинг номини тилга оладилар. Лекин уларнинг қасамларига ҳам ишонмаслик керак экан. Чунки пасткаш мунофиқнинг ўз манфаати йўлида Аллоҳ номи ила ёлғон қасам ичиши ҳеч нарса эмас.)
Аъробийлар куфр ва нифоқда ашаддийроқ ва Аллоҳ Ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсанинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
(Оятда аъробийларнинг асл табиатлари васф қилинмоқда. Улар ўзлари яшаб турган муҳитга мослашиб қолганлар. Улар куфр ва нифоқда ашаддий бўладилар. Аъробийлар шафқатсиз табиий шароитда узоқ яшагани учун кўнгли қаттиқ, қўпол табиатли бўлиб қоладилар. Яна бунга ўхшаган сабаблар жуда ҳам кўп бўлиши мумкин.)
Аъробийлардан қилган инфоқни зиён деб биладиган ва сизга бало-офат келишини кутиб турадиганлари ҳам бор. Ёмон балолари ўзларига урсин! Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир.
(Оятда васфи келган мунофиқлар аъробийлардир. Улар мусулмонларга ўзларининг сири очилиб қолишидан қўрқиб, закот беришга ва жиҳод учун баъзи бир сарфларни қилишга мажбур бўладилар.)
Аъробийлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ҳамда инфоқ қиладиган нарсасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Расулнинг дуосига мушарраф этиш воситаси деб биладиганлари ҳам бор. Билсинларки, албатта, ўша нарсалар улар учун қурбатдир. Албатта, Аллоҳ уларни Ўз раҳматига киритадир. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Бу оятда васфлари келган аъробийлар мухлис, мўмин-мусулмон аъробийлардир. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган саодатманд кишилардир.)
Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.
Атрофингиздаги аъробийлардан мунофиқлар бор. Мадина аҳлидан ҳам. Улар нифоқда сийқаси чиққанлардир. Сен уларни билмассан, уларни Биз билармиз. Албатта, уларни икки марта азоблармиз. Сўнгра, улкан азобга қайтарилурлар.
(Ушбу ояти каримада аъробийларнинг ва аҳли Мадинанинг алоҳида мунофиқлари, сийқаси чиққан мунофиқлари ҳақида сўз кетмоқда. Шу даражада сийқаси чиққанки, усталигидан, ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ҳам уларнинг мунофиқ эканликларини билмайдилар. Мунофиқлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.)
Бошқалар эса, гуноҳларини эътироф қилдилар: улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Ушбу оят тушишига сабаб бўлганлар Табук урушига бормай қолиб, сўнгра ўз ишларидан афсус-надомат қилиб тавба этган кишилардир. Улар ғазотдан қолиб жуда ёмон иш қилган, аммо чин кўнгилдан афсусланишлари яхши ишдир. Энди бундай кишиларнинг ишлари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади.)
Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир.
Улар, албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан тавбани қабул қилишини ва садақаларни олишини ва, албатта, Аллоҳнинг Ўзи тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва раҳимли Зот эканини билмасларми?
Ва Аллоҳнинг амрига ҳавола қилинган бошқалар бор. Уларни ёки азоблайдир ёки тавбаларини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир.
(Уламоларимиз бу тоифадаги одамлар мазкур оят нозил бўлган пайтда уч киши, яъни Ҳилол ибн Умаййа, Каъб ибн Молик ва Мирор ибн ар-Робийълар эди, дейдилар. Улар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар. Сўнгра афсус-надомат қилганлар-у, аммо Абу Лубоба ва унинг шерикларига қўшилиб, ўзларини масжид устунига боғламаганлар. Абу Лубоба ва унинг шерикларининг тавбалари қабул қилинди, гуноҳлари кечирилди. Аммо бу уч кишининг амри Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинди. Хоҳласа, уларни азоблайди, хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради.)
Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.
(Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор — зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди, дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)
Сен у(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса, покланувчиларни севадир.
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди. Улар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар, ўлдирурлар ва ўлдирилурлар. Бу, Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шод бўлаверинг. Ана шунинг ўзи улкан ютуқдир.
(Ушбу савдо алоқасида Аллоҳ таоло харидору, мўмин инсон сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин мусулмон бандасига жонингни ва молингни Менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман, деб сотиб олади. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат звазига сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни савдо тугади. Шунинг учун ҳеч бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмасликка, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим.)
(Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар.)
Пайғамбар ва мўминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, агар яқин қариндошлари бўлса ҳам, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир.
(Демак, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломгаки рухсат йўқ экан, бошқаларга бўлмаслиги аниқ гап. Мўмин киши учун ҳамма нарсадан иймони афзал, шунинг учун у аввало иймон, дин қардошлари ила алоқа ва боғланишларни йўлга қўяди. Қон-қардошлик алоқаси эса бу жойда ҳеч нарсани ҳал қилмайди.)
Иброҳимнинг отаси учун айтган истиғфори унга берган ваъдаси устидан эди, холос. Вақтики, унга отасининг Аллоҳга душман эканлиги аён бўлганда, ундан воз кечди. Албатта, Иброҳим тазарруъли ва ҳалиймдир.
(Яъни, отаси Иброҳим алайҳиссалом билан тортишиб, уни сўкиб, тошбўрон қилмоқчи бўлганда ҳалийм сифатли Иброҳим алайҳиссалом: «Сенинг учун Аллоҳга истиғфор айтаман», деб ваъда берган эди. Ана шу ваъдага вафо қилиш учун отасига истиғфор айтди, холос. Кейинчалик унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аён бўлди. Ўшанда у отасидан воз кечди.)
Аллоҳ бир қавмни ҳидоятга бошлаганидан сўнг, уларга сақланишлари лозим бўлган нарсани баён қилмасдан туриб, залолатга кетказмас. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи Зотдир.
(Яъни, иймон келтириб мусулмон бўлганларга аввало нима қилиш кераклиги, нималардан сақланишлари лозимлиги баён қилинади. Кейин ҳам ноҳақ иш қилсалар, нотўғри йўлда юрсалар, ана шундан сўнг Аллоҳ уларга нисбатан чора кўради.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, қийинчилик вақтида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир.
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, пайғамбарлар маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот алайҳиссалом ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот алайҳиссалоту вассалом бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.)
Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг, тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳимли Зотдир.
(Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар.)
Кичик ёки катта нафақа қилсалар ҳам, бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам, албатта, уларга (солиҳ амал) ёзилар. Аллоҳ уларга қилган энг гўзал амалларининг мукофотини берар.
(Яна ҳаммаёқ тўла ажр-савоб. Катта-кичик бўлсин, нафақа қилсалар бас. Унга ҳам ажр-савоб берилади. Душман томон бирон водийни кесиб ўтсалар ҳам ажр-савоб ёзилади. Ёзилганда ҳам мужоҳиднинг умрида қилган энг яхши амалининг савоби ёзилади. Шундай бўлиб тургандан кейин нима учун энди сафарбарликдан қочиб, жиҳоддан ортда қолиш керак экан?)
Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар.
(Ушбу ояти каримадаги мўминларнинг ҳаммалари бирдан жиҳодга чиқишлари лозим эмаслиги ҳақидаги маъно, бошқа оятлардаги ҳамма чиқиши лозимлиги ҳақидаги маъноларга қарама-қарши келмайди. Ҳар бир оятга мақомга қараб амал қилинади. Баъзи вақтлар бўладики, ҳамма жиҳодга чиқиши тақозо қилинади. Баъзи вақтларда эса, ҳамманинг чиқиши шарт эмас. Керакли даражада чиқса етади. Ҳамма нарса вазиятга қараб, Ислом жамияти раҳбарлари томонидан аниқланади. Биз ўрганаётган бу оятда ҳамма жиҳодга чиқиши лозим бўлмаган ҳолат ҳақида гап кетмоқда.)
Эй, иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ва хулофаи рошидинлар даврида ушбу ояти каримага тўлиқ амал этилган. Ислом ерларига яқин турган куфр жамиятларига қарши жиҳод қилинган. Бу тарихда маълум ва машҳур ҳақиқатдир.)
Улардан, бирон сура нозил қилинган вақтда: «Бу сиздан кимнинг иймонини зиёда қилди?» – дейдиган кимсалар бор. Бас, иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди ва улар шоду хуррам бўлдилар.
(Қуръони Каримдан бир сура нозил бўлиши жуда катта ҳодиса бўлган. Аммо мунофиқлар учун бу улкан ҳодиса истеҳзо ва масхара учун фурсат ҳисобланади. Улар сиртдан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиш учун уринадилар, аммо иймон ва Ислом тақозосидаги ишлар ўртага чиққанда ўзларини ким эканликларини фош қилиб қўйишади. Улар нозил бўлган сура бировнинг иймонини зиёда ҳам қиладими, деган истеҳзони бошқача қилиб айтадилар. Ҳа, Қуръон, унинг оятлари мўминларнинг иймонини зиёда қилади. Улар ўша иймонлари ва унинг зиёдалиги туфайли икки дунёда шоду хуррам бўлурлар. Қалби касал мунофиқларга эса бошқача таъсир қилади.)
Улар ҳар йили бир ёки икки марта фитна қилинаётганларига қарамасларми? Шунда ҳам на тавба қилмаслар ва на эсламаслар.
(Ҳар йили уларнинг ҳаётида бир ёки икки марта синовли ишлар, касалликми, бошқа мусибатми бўлиб ўтади. Аслида ўша ҳодисалар уларнинг кўзини очиши керак. Лекин улар бу нарсаларга ибрат кўзи билан қарамайдилар.)
Улар, бирон сура нозил бўлган вақтда, сизни биров кўрмадими, деб бир-бирларига назар соладилар-да, сўнгра, бурилиб кетарлар. Улар фаҳмламайдиган қавм бўлганлари учун, Аллоҳ қалбларини буриб қўйди.
Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди.
(Ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зот алайҳиссалоту вассаломдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.)
Kur'an-ı Kerim Mealinin Özbekçe Tercümesi. Muhammet Sadık Muhammet Yusuf tercüme etmiştir. Basım tarihi H.1430 Açıklama: Bazı ayetlerin (İşaretle belirtilmiş) tercümesi Rovvad Tercüme Merkezinin bilgisi dahilinde düzeltilmiştir. Bununla beraber fikir, değerlendirme ve sürekli gelişimi sağlamak amacıyla orijinal çeviriye erişim sağlanmıştır.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Arama sonuçları:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".