3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), У Зот Сизга ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Таврот ва Инжилни ҳам туширди.
6. У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берган Зотдир. Ҳеч бир илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикматлидир.
7. У Сизга Китоб нозил қилган Зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли — моҳияти бўлган муҳкам — аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (Қиёмат, жаннат, дўзах ва ҳоказолар ҳақидаги) муташобиҳ — тушуниш қийин бўлган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадидар. Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. Илмда собитқадам бўлган бундай кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар.
13. (Эй яҳудийлар), сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта, бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир.
И з о ҳ. Мусулмонлар Бадр жангида ўзларидан бир неча марта кўп бўлган Қурайш кофирларининг устидан ғалаба қозонишгач, Мадинага қайтганларидан кейин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом яҳудийларни тўплаб: «Эй яҳудийлар, сизлар менинг ҳақ пайғамбар эканимни Тавротдан ўқиб билгансизлар. Бас, шундай бўлгач, бошингизга қурайшликларнинг куни тушмасдан аввал менга қарши туришни бас қилинглар!», дедилар. Шунда улар: «Сен уруш илмидан бехабар бўлган бир гуруҳ жоҳил Қурайшликни енгганинг билан ғурурланма! Бизнинг зўрлигимизни биз билан урушганда биласан», деб жавоб қилишганда юқоридаги оятлар нозил бўлди.
18. Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир.
19. Албатта, Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (Ислом ва Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига кофир бўлса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
20. Агар Сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобеъ бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик — Унга бўйсундик», деб айтинг! Сўнг аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) омий-бутпарастлардан: «Исломга кирдингизми?», деб сўранг! Агар Исломга кирсалар, муҳаққақ Тўғри Йўлни топибдилар. Энди агар юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангиздаги нарса фақатгина етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир.
23. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Китобдан (Тавротдан) насибадор бўлган кимсалар ораларида ҳакамлик қилсин учун Аллоҳнинг Китобига чақирилганларни, сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгирган ҳолларида бурилиб кетганларини кўрмадингизми?
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, яҳудийлар ўзларидан бўлган икки зинокорни Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурларига келтириб, ҳукм қилишларини сўрашганда у зот тошбўрон қилишга буюрганлар. Улар эса: «Бизнинг динимизда зинокорни юзига қора чаплаб, кўча айлантирилади», деб туриб оладилар. Шунда Таврот китобини келтириб кўришса, унда ҳам тошбўрон қилиш буюрилган бўлиб чиқади ва жиноятчилар қилмишларига яраша жазо оладилар. Бу ҳукмдан норози бўлган яҳудийлар юз ўгириб чиқиб кетганларида юқоридаги оят нозил бўлди.
24. Бунга (яъни, адолатли ҳукмдан юз ўгиришларига) сабаб уларнинг: «Бизга фақат саноқли кунлардагина дўзах ўти тегади», дейишларидир. Ўзлари тўқиган бу ёлғонлари уларни динларидан адаштириб қўйди.
И з о ҳ. Яҳудийлар: «Биз фақат аждодларимиз бузоққа сиғинган қирқ кун муддатдагина дўзахда бўламиз, кейин эса албатта жаннатга кирамиз», деб даъво қиладилар.
25. Энди уларни ҳеч шак-шубҳасиз, келадиган Кунга тўплаганимизда ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолда қилган амаллари учун тўла жазо-мукофот берилганда қандай бўларкин?!
26. Айтинг: «Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳ, Сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен барча нарсага қодирсан.
И з о ҳ. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўз олийлиги ва улуғлигига муносиб равишдаги қўл сифатига эгалигининг исботи бордир.
27. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан».
И з о ҳ. Бу оятда кеча-кундузнинг узайиб-қисқариб туриши ва ўлик данак, тухум, нутфа (маний, шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши — буларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳнинг амри билан бўлиши ифодаланган.
28. (Модомики, барча иш — бутун мулк Аллоҳнинг қўлида экан, демак), мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар! Ким шундай қилса, бас, Аллоҳ томонидан ҳеч нарсада эмас (яъни, Аллоҳга бегонадир). Магар улардан эҳтиёт бўлиб турсаларингиз (юзаки муомала қилсангиз жоиздир), Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Ва фақат Аллоҳга қайтажаксиз.
30. Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган Кунни (эсланглар)! Аллоҳ сизларни Ўзининг (азобидан) огоҳ қилур. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир.
31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир».
И з о ҳ. Эй Пайғамбар, айтинг: «Агар Аллоҳни чиндан яхши кўрсангиз, менга эргашинг ва зоҳиру ботинда менга иймон келтиринг, шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради. Шубҳасиз, У мўмин бандаларининг гуноҳларини кечирувчи ва уларга меҳрибон Зотдир». Бу ояти карима Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилган, лекин Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаққи-рост эргашмаган ва у зотнинг буйруқ ва қайтариқларига итоат қилмаган ҳар бир кишига қарши ҳукмдир. Зеро, бундай кимса то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий маънода эргашмас экан, ўз даъвосида ёлғончидир.
36. Кўзи ёригач эса бундай деди: «Парвардигор, мен қиз туғдим». — Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (яъни, бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир. — «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан».
И з о ҳ. Бу оятдан қуйидагилар келиб чиқади: ўғил бола қиз боладан устундир; болага туғилган пайт исм қўйилади; агар ота қаршилик қилмаса, болага она исм қўйиши мумкин.
37. Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига — ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?», деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта, Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур».
И з о ҳ. Марямнинг онаси ибодатхонага олиб бориб бергач, уни тарбиялаш Закариё пайғамбарнинг чекига тушади. У қачон Марямнинг хонасига кирса, у ерда қишда ёз мева-чевалари, ёзда қишда бўладиган ноз-неъматларни кўради. Шунда уларнинг ўртасида юқоридаги оятда зикр қилинган савол-жавоблар бўлиб ўтади.
38. Ўшанда Закариё Парвардигорига дуо қилиб деди: «Парвардигорим, менга ҳам Ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан».
41. Парвардигор, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги — аломат қилсанг», деди у. Аллоҳ айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Парвардигорингни мудом ёд қил ва туну кун У зотни поклаб ибодат қил!»
И з о ҳ. Дарҳақиқат, уч кунгача Закариёнинг тили Аллоҳнинг зикридан ўзга сўзга айланмай қолди. Одамларга эса фақат имо-ишора билан муомала қилди. Мазкур оятларда кексайиб, фарзанд кўришдан умидлари узилган кишиларга Аллоҳ Ўз изни-иродаси билан фарзанд ато этгани баён қилинган бўлса, қуйидаги оятларда янада, ажиброқ қисса — Ийсонинг отасиз дунёга келиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қиссадан ҳисса шуки, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг амри билан биби Марямдан туғилган одам фарзандидир.
44. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ғайб хабарларидан бўлган бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлишини билишлик учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз.
45. Эсланг (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), фаришталар дедилар: «Ё Марям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлиб, дунё-ю Охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир.
И з о ҳ. Аллоҳнинг сўзи — Ийсо бинни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Аллоҳнинг: «Бўл!», деган сўзи — фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар.
48. Ва унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради.
И з о ҳ. Пайғамбарлар тарихидан шу нарса маълум бўладики, ҳар бир пайғамбар ўзининг замонида ривожланиб, тараққий этган соҳада замондошларидан устун ва пешқадам бўлади. Масалан, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига осиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳобалардан бири Қуръондаги энг кичик сура бўлган «Кавсар» сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда мўъжиза юз беради: бу сурани ўқиган шоирлар бир овоздан: «Бу башарнинг сўзи эмас!», деб гувоҳлик берадилар. Ийсо алайҳиссаломнинг даврида эса табобат илми шундай тараққий қилган эдики, дунёда биронта давосиз дард йўқ, деб ҳисобланар эди. Шунда Ийсо алайҳиссалом келдилару ҳеч бир табибнинг қўлидан келмайдиган ишни қилдилар — ўликни тирилтирдилар! Шунинг учун ҳам Қуръонда у зотнинг номларига ал-масиҳ — силовчи лақаби қўшилди. Яъни, у кишининг қўллари теккан — силаган ўликка жон кирар эди. Бундай мўъжизалар, табиийки, одамлар ўз пайғамбарларига иймон келтиришларига сабаб бўлар эди.
49. Уни Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо Бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб беришга қодирман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».
54. (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «маккорроқдир».
И з о ҳ. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига — самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» — тадбири устунроқ бўлиб чиқди. Бу оятда «макр» сифатини Аллоҳ таолога Унинг жалоли ва камолига лойиқ бўлган кўринишда исботлаш бордир. Чунки, У маккорларнинг макрига қарши ҳақ билан макр қилди.
55. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Ийсо, албатта Мен сени Ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман. Ва кофирлар ёмонлигидан халос қилгувчиман ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўйгувчиман. Сўнгра Менга қайтажаксиз. Бас, ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қилурман.
57. (Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда берур. Аллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди. (Бинобарин, Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)».
59. Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди. Бас, у (жонли одам) бўлди.
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «у ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?», дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.
61. Энди Сизга келган мана шу ҳақ маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарруъ билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик».
И з о ҳ. Мазкур оятда Муҳаммад пайғамбарга Ийсони худо деб билувчи кимсалар агар Қуръон оятларига ишонмасалар, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънатини сўраб, қасам ичишликка таклиф қилиш буюрилди. Ровийларнинг айтишларича, биронта насроний келиб, қасам ичишга журъат этмаган экан.
62. Албатта, бу ҳақ-рост қиссадир. (Яъни, Ийсо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа ҳамма пайғамбари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудратли ва ҳикматлидир.
64. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг: «Эй аҳли китоб» (яъни, яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни, аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлар — ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!
И з о ҳ. Ислом эътиқодига кўра бутун оламни яратган Аллоҳ таоло барча инсонлар бахтли яшасинлар деб Ўз томонидан ҳаёт учун дастуруламал бўлган қонун-қоидалар, яъни динни юборган. Кимда-ким бу қонун-қоидаларни тан олмасдан ўз-ўзича янги қонун чиқармоқчи бўлса, у худоликни даъво қилган ҳисобланади ва унинг изидан эргашганлар эса уни худо деб билган бўладилар.
73. Токи бирорта одамга сизларга берилган билим берилмаслиги ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжатлашмаслиги учун фақат ўз динингизга бўйсунган кишиларнинг гапларинигина тасдиқ этиб ишонинглар!» (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг: «Албатта, Ҳақ йўл Аллоҳнинг йўлидир». Айтинг: «Албатта, фазлу карам Аллоҳнинг қўлида, уни Ўзи истаган кишиларга берур. Аллоҳ фазли кенг, билгувчи Зотдир.
75. Аҳли китоб орасида шундай кишилар борки, унга беҳисоб молни омонат қўйсангиз, хиёнат қилмай сизга қайтаради. Уларнинг орасида яна шундайлари ҳам борки, унга бир динорни ишониб берсангиз, то устида туриб олмагунингизча сизга қайтиб бермайди. Бунинг боиси — уларнинг «омий-китобсиз кимсалар учун бизнинг устимизга ҳеч қандай йўл йўқ», дейишларидир. (Яъни, айрим яҳудийлар ўзларидан бошқаларни паст табақа ҳисоблаб: «Биз Аллоҳнинг суйган бандаларимиз, демак, бошқа миллатларнинг моллари биз учун ҳалол», дер эдилар.) Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларни сўзлайдилар.
77. Аллоҳга берган аҳд-паймон ва қасамларини озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат Кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир.
79. Бирор одам учун Аллоҳ унга Китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки уларга: «Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар» (демоғи лозимдир).
И з о ҳ. Бу оят баъзи бир насронийларнинг: «Ийсо алайҳиссалом бизни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида нозил бўлган.
80. У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва бошқа пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас. Ахир у сизларни мусулмон — Аллоҳга бўйсунгувчи бўлганингиздан кейин куфр — динсизликка қайтишга буюрадими?!
81. Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: «Мен сизларга қандай Китоб ва ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз», деб аҳд-паймон олгач, уларга: «Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?», деди. У пайғамбарлар: «Иқрормиз», деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: «Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман».
83. Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни, Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!
84. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлодларига нозил қилинган нарсаларга ва Мусо, Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. У пайғамбарлардан бирортасини ажратиб қўймаймиз. Ва биз Унинг Ўзигагина бўйсунгувчилармиз», деб айтинг.
90. Албатта иймон келтирганларидан кейин кофир бўлган, сўнгра куфрлари янада зиёда бўлган кимсаларнинг қилган тавбалари ҳаргиз қабул қилинмайди. Ана ўшалар адашганлардир.
91. Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас.
92. Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур.
93. Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути) дан бошқа барча таомлар Бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), «Агар ростгўй бўлсангизлар, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг.
И з о ҳ. Маълумки, яҳудийлар зулм ва тажовузкорлик йўлини тутганларидан кейин Аллоҳ таоло уларга бир неча хил ноз-неъматларни ҳаром қилди. Лекин улар буни тан олмай, «Мазкур нарсалар асли Иброҳим замонида ҳам ҳаром эди», дер эдилар. Шунинг учун мусулмонларга: «Ўзинглар Иброҳимнинг динидамиз дейсизлар-у, у ҳаром қилган туя гўштини истеъмол қиласизлар», деб таъна қилишганда юқоридаги оят нозил бўлди. Айтишларича, шундан кейин бирорта яҳудий Тавротни олиб келиб, ундан Иброҳим пайғамбарга туя гўшти ҳаром қилингани ҳақидаги оятни топиб бера олмаган.
97. Унда мақоми Иброҳим (яъни, Каъбани қуришда Иброҳим алайҳиссалом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир.
100. Эй мўминлар, агар китоб берилган кимсаларнинг баъзи бир гуруҳларига бўйсунсангиз, улар сизларни иймонга келганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар.
101. Аллоҳнинг оятлари сизларга тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасиз?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни, Унинг динини маҳкам ушласа) бас, муҳаққақки, Тўғри Йўлга ҳидоят қилинибди.
103. Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади.
104. Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.
105. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.
110. (Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир.
И з о ҳ. Аллоҳ таоло ислом умматини бутун халқлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлиги билан мақтади. Бу эса Аллоҳ таоло буюрган ҳамма нарсаларни иймон билан амалга ошириш, одамларни Аллоҳга ва Унинг йўлида жиҳод қилишга чақириш ва залолат, туғён ва исёнларидан баҳоли қудрат қайтариш билан ўзларини етиштирганликлари сабабдир. Мана шу сабабдан улар бутун одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдилар.
111. Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, орқаларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди.
112. Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни, мусулмонларнинг) аҳди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечораҳоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларига кофир бўлганликлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганликларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир.
113. (Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган Тўғри Йўлдаги жамоат ҳам бор.
116. Куфр йўлини тутган кимсаларни на моллари ва на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган нарса- (азобдан) қутқара олмайди. Ана ўшалар жаҳаннам эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолажаклар.
117. Улар бу дунёда (хўжакўрсинга) қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди динсизлик билан ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Аллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қилдилар.
И з о ҳ. Яъни худди эгалари кофир бўлганлари касофати билан экинларни совуқ уриб кетганидек, риё билан қилинган яхшиликдан ҳам ҳеч қандай фойда йўқдир. Ҳар қандай яхшилик Аллоҳ йўлида, холис ният билан қилинсагина ундан ажр, савоб кутиш мумкин.
118. Эй мўминлар, ўзларингни қўйиб, (у мунофиқларни) сирдош дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва ёмон ҳолга тушишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир. Агар ақл юргизсангизлар сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик.
120. Агар сизларга бирон яхшилик етса, бу уларни хафа қилади. Агар сабр-тоқат қилсангиз ва Аллоҳдан қўрқсангиз, уларнинг найранглари сизларга ҳеч қандай зарар қила олмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчидир.
121. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), аҳли оилангиз ҳузуридан чиқиб, мўминларни урушадиган жойларига тахт қилиб қўйган пайтингизни эсланг! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
И з о ҳ. Мана шу оятдан бошлаб ғазотлар ҳақида сўз кетади. Юқоридаги оятларда кофир, мунофиқлар билан сўз майдонида жангу жадал борган бўлса, энди бу жангу жадал жанг майдонига кўчади. Бу оятларда Уҳуд уруши ҳақида батафсил сўз юритилиб, баъзи ўринларда Аллоҳнинг мўминларга қилган марҳаматини ёдга солиш учун Бадр жанги ҳам эслаб ўтилади. Юқоридаги оят Уҳуд уруши ҳақидаги қиссанинг бошланишидир.
122. Ўша пайт сизларнинг орангиздан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларга ёр эди. Бас, мўминлар ёлғиз Аллоҳгагина суянсинлар!
И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Уҳуд жангига минг кишилик лашкар билан чиқдилар. Душман қароргоҳига яқинлашганларида (уларнинг саноғи уч мингта эди) мусулмонлар орасига кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай отли мунофиқ уч юз нафар аскар билан жанг майдонидан қочиб кета бошлади. Буни кўрган Бану Салама ва Бану Ҳориса қабиласидан бўлган мусулмонлар ҳам қайтмоқчи бўлдилар, лекин Аллоҳнинг инояти билан бу қасдларидан воз кечдилар.
125. Йўқ, (кифоя қилур). Агар сабр қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар ва улар (кофирлар) шу онда сизларга ҳужум қилсалар, Парвардигорингиз сизларга беш минг белгили фаришта билан мадад берур.
126. Бу (мададни) Аллоҳ фақат сизларга хушхабар бўлсин, деб ва дилларингиз таскин топишлиги учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Аллоҳ ҳузуридан келур.
128. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Сиз учун бу ишда (яъни, бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни, инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг Ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар.
И з о ҳ. Бу оят Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг тишлари синиб, юзлари ёрилганида у зот, «ўз паиғамбарларининг юзини қонга бўяган қавм қандай нажот топсин?», дея умидсизликка тушиб, Абу Суфён ибн Ҳарб, Сафвон ибн Умайя, Суҳайл ибн Амр ва Ҳорис ибн Ҳишом каби мушрикларнинг катталарини дуои баъд қилганларида Аллоҳ таоло уларни дуои баъд қилишдан қайтариб, ушбу оятни нозил қилди. Ва Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга асл вазифаси эслатилди: сизнинг вазифангиз ҳақни етказиш, одамларни Тўғри Йўлга етаклаш ва уларнинг фойдаларини кўзлашдир. Бандаларнинг иши эса Аллоҳга ҳавола, Ўзи хоҳлаганини ҳидоят қилади ва хоҳлаганини адаштиради.
129. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. У Зот Ўзи истаган кишининг гуноҳларини мағфират қилур ва Ўзи истаган кимсани азоблар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
133. Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз!
135. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ гуноҳ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират-кечирим сўрайдиган, — ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — ва билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир.
136. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!
140. Агар (бугун — Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни, ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди.
144. Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) вафот қилса ёки ўлдирилса, орқангизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди.
145. Ҳар бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган муддатда ўлади. Ким дунё савобини истаса (яъни, фақат ўлжа истаб жангга кирса) унга ўша истаган нарсасини берурмиз. Ким Охират савобини истаса, унга-да истаган нарсасини берурмиз. Ва шукр қилгувчиларни муносиб мукофотлаймиз.
И з о ҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: қўрқоқлик умрни узайтирмайди, шижоат эса уни қисқартирмайди. Ҳар қандай тадбир-эҳтиёткорлик Аллоҳнинг қазо ва қадарини ўзгартирмайди. Бас, нима сабабдан ҳақ йўлидаги курашдан қочмоқчи бўласиз?
147. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, (жанг майдонида) қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!»
148. Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам Охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади.
152. Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди — сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни, ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, Охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни афв қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган Зотдир.
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Уҳуд жанги бошланишидан олдин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом элликта мерганни тоғ устига қўйиб уларга ўринларидан жилмай мусулмонларни мудофаа қилиб туришни тайинладилар. Уруш бошланиши биланоқ мусулмонларнинг қўли баланд кела бошлаб, ғалаба кўзларига кўриниб қолди, шунда у мерганлардан айримлари ўлжасиз қолиб кетмаслик учун, айримлари ғолиб бўлдик, деб ўйлаб пайғамбар буюрган ўринларидан-тоғдан тушиб кетишлари билан шу тоғнинг орқасидаги пистирмада турган душман аскарлари орқа тарафдан тўсатдан ҳужум қилдилар ва кутилмаган ҳужумдан таҳликага тушиб қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилдилар. Мусулмонларнинг пайғамбар фармонларини бажармаганлари уларни аниқ бўлиб қолган ғалабадан маҳрум қилди. Оятнинг сўнгида Аллоҳ уларнинг бу гуноҳини афв этганини баён қилди ва уларни Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан ноумид бўлмасликка буюрди.
154. Сўнгра бу ғамнинг кетидан сизларга бир ором уйқусини туширдики, у сизлардан бўлган бир тоифа кишиларни (яъни, ҳақиқий мўминларни) қамраб олди. Бошқа бир тоифа (яъни, мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида нотўғри, динсизларча бадгумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: «Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди», дейишади. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!» Улар сизга ошкор қилмайдиган нарсани (мунофиқликларини) яширадилар. Айтадиларки: «Агар ихтиёримиз ўзимизда бўлганида эди, бу Ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши Аллоҳ томонидан ҳукм қилинган кишилар шубҳасиз ҳалокат жойига келган булар эдилар». (Аллоҳ бу мағлубиятни) кўнгилларингиздаги нарсани (иймон ёки нифоқни) имтиҳон қилиш ва дилларингиздаги нарса (иймон)ни поклаш учун қилди. Аллоҳ дилларни эгаллаган сирларни билгувчидир.
155. Икки жамоат тўқнашган куни сизларнинг ичингиздан бўлган (уруш майдонидан) қочган кишиларни фақат шайтоннинг ўзи қилган айрим гуноҳлари сабабли йўлдан оздирди. Энди Аллоҳ уларнинг гуноҳларини афв этди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, ҳалим Зотдир.
156. Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа Ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.
157. Қасамки, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангизлар ёки ўлсангизлар, албатта Аллоҳ томонидан бўлғуси мағфират ва раҳмат улар (яъни, мунофиқ, кофирлар) тўплаган дунёдан яхшироқдир.
160. Агар сизларга Аллоҳ ёр бўлса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлмас. Ва агар сизларни ёрдамсиз қўйса, Ундан ўзга ҳеч бир зот ёрдамчи бўлмас. Иймон келтирган зотлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар!
161. Ҳеч бир пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур. Сўнгра ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолида қилган амалига комил жазо олғай.
164. Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар.
167. Ҳамда нифоқ йўлига кирган кимсаларни аниқлаш учун бўлди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ёки (ҳеч бўлмаса бизнинг саноғимизни кўпайтириш билан душманни) даф қилинглар», дейилса, «Агар жанг бўлишини аниқ билганимизда-ку сизларнинг ортингиздан борган бўлар эдик», дейишади. Ўша куни улар иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Улар оғизда кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар. Аллоҳ эса уларнинг яширган сирларини жуда яхши билгувчидир.
168. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўша ўзлари ўтириб олиб дўстлари ҳақида: «Агар бизнинг гапимизга кириб (жанг қилишдан бош тортганларида) ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга: «Агар айтган гапларингиз рост бўлса, ўзларингдан ўлимни даф қилинглар-чи», деб айтинг!
172. Улар ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва расулига бўйсунган зотлардир. Уларнинг орасидаги чиройли итоат қилган ва Аллоҳдан қўрққан зотлар учун улуғ ажр — мукофот бордир.
173. Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқингиз!», деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!», дедилар.
174. Бас, у юришдан бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат Соҳибидир.
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда мусулмонларнинг Уҳуд жангидан кейинги аҳволи баён қилинди. Ривоят қилишларича, мушриклар Уҳудда мусулмонлар устидан ғалаба қилиб, уйларига қайтгач, йўлда: «Нега уларни бутунлай қириб ташламадик?», деб надомат қилдилар. Бу гап Расулуллоҳга етиб келганида у зот мушрикларнинг дилига қўрқув солиш ва уларга ўзларини ҳали куч-қувватга эга эканликларини кўрсатиб қўйиш учун мусулмонларни уларнинг ортидан юришга чақирадилар. Мусулмонлар Уҳуд жангида кўп талофот ва жароҳатлар олганларига қарамай, пайғамбарнинг даъватларига «Лаббай!» деб жавоб бердилар ва баъзи бир «шайтон»ларнинг «Қурайшлик мушрикларнинг сон-саноқсиз лашкари бор», деган васвасалари ҳам уларни қўрқита олмади, балки иймонларини зиёда қилди, холос. Улар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом билан бирга мушрикларнинг ортидан бориб Ҳамро ал-Асад деган жойда уларга етиб олдилар. Шунда Аллоҳ таоло мушрикларнинг дилларига бир қўрқув солди ва улар мусулмонларга қарши жанг қилишга журъат қила олмадилар ва мусулмонлар эсон-омон Мадинага қайтиб келдилар.
175. Албатта, ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!
176. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), куфр-динсизликка шошаётган кимсалар Сизни ғамгин қилмасин! Албатта, улар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. (Фақат) Аллоҳ улар учун Охиратда бирон насиба бўлмаслигини истайди. Улар учун улуғ азоб бор (холос).
178. Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки Биз уларга фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир.
180. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! Осмонлару Ернинг мероси Аллоҳникидир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.@সংশোধনকৃত
180. Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! ( Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару Ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
183. У кимсалар: «Албатта, Аллоҳ бизга бирон пайғамбар то бир қурбонлик атаб, уни (осмондан тушган) олов еб (яъни, ёндириб) кетмагунча унга иймон келтирмаслигимизни буюрган», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Муҳаққақки, мендан илгари сизларга кўп пайғамбарлар очиқ ҳужжатлар ва сизлар айтган нарсани (яъни, қурбонликларни) келтирганлар. Бас, агар шу гапларингиз рост бўлса, нима учун уларни ўлдирган эдингизлар?!»
185. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир.
186. (Эй мўминлар), албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинурсизлар (яъни, Аллоҳ таоло мол ва жонларингизга хилма-хил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўрар) ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган кимсалар томонидан ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топурсиз). Чунки бу иш (яъни, сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир.
187. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта, у (Китоб)ни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!», деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди!
188. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ҳаргиз қилган ишлари (яъни, одамларни ҳақ йўлдан адаштиришлари) билан хурсанд бўладиган ва қилмаган ишлари билан мақтовлар эшитишни яхши кўрадиган кимсалар азобдан йироқ макондалар, деб ўйламанг! Улар учун аламли азоб бордир.
190. Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир Яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бордир.
191. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!
194. Парвардигоро, бизларга пайғамбарларинг орқали ваъда қилган нарсаларингни (жаннат, мағфират, висолингдан баҳраманд этиш каби неъматларингни) ато қил ва бизларни Қиёмат Кунида расво қилмагил! Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмагайсан.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
অনুসন্ধানৰ ফলাফল:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".