У Ўз амри ила фаришталарни руҳ — ваҳий билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига: «Огоҳлантиринглар. Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга тақво қилинглар», деб нозил қилур.
Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур.
(Яъни, Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони Карим мазкур: «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади», жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.)
Йўлларнинг мақсаддагиси Аллоҳга оиддир. Улардан эгриси ҳам бордир. Агар хоҳласа, албатта, ҳаммангизни ҳидоят қилган бўларди.
(Бу дунёда ҳиссий йўлларга ўхшаб, маънавий йўллар ҳам кўпдир. Ўша маънавий йўллар ичида яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор: Энг тўғри йўл, яъни мақсадга эриштирадиган, икки дунё саодатига олиб борадиган йўл — Аллоҳ йўлидир.)
У ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
У сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.
(Бу оятда зикри келган нарсалар ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидир. Масалан, кеча билан кундузнинг қанчалик улуғ неъматлар эканини англаб етиш учун икковидан бири йўқ бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.)
Ва сиз учун ерда турли рангда қилиб яратган нарсаларини ҳам (хизматкор қилди). Албатта, бунда эслайдиган қавмлар учун оят-белги бордир.
(Аллоҳ таоло ер ости бойликларини ҳам инсонга улуғ неъмат ўлароқ берди. Ранглари хилма-хил бўлган бу неъматларнинг ҳаммаси инсон учун беминнат хизмат қилади. Ўша неъматларни ер остидан топиб олган баъзи инсонларгина бир-бирларига миннат қиладилар, холос.)
У денгизни сиз ундан тоза гўшт ейишингиз, ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун, унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасан, ҳамда Унинг фазлини талаб қилишингиз учун хизматкор қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз.
(Аллоҳ таолонинг сувдаги неъматлари ҳам жуда кўпдир. Ушбу оятда улардан баъзилари зикр қилинмоқда.)
Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирганларининг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон!
(Мазкур кофирлар куфрлари, Қуръонга иймон келтирмай юрганлари ва одамларни Қуръондан тўсганлари учун етарли жазо оладилар. Қиёмат кунида улар ўз гуноҳларини тўлалигича кўтарадилар, яъни шунга яраша жазога йўлиқтириладилар. Бунга қўшимча равишда, ўзлари жаҳолат ила Қуръонга қарши ташвиқот олиб бориб йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан баъзисини ҳам кўтарадилар. Унга яраша қўшимча жазо ҳам оладилар. Ўз гуноҳларига бошқаларнинг гуноҳларини ҳам қўшиб кўтарадилар.)
Сўнгра қиёмат кунида У зот уларни хор қилур ва: «Сизлар улар ҳақида тортишиб юрган Менинг «шерикларим» қани?» дер. Илм берилганлар: «Бугунги кунда хорлик ва ёмонлик кофирларгадир», дерлар.
Бас, жаҳаннам эшикларидан, унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг! Бас, мутакаббирларнинг қайтар жойи қандоқ ҳам ёмон!
(Бу дунёда мутакаббирлик билан динни инкор қилганингиз, одамларни дин йўлидан қайтариб, адаштирганингиз учун жаҳаннам эшикларидан киринг. Кирганда ҳам, унда абадул-абад қоладиган бўлиб киринг. Мутакаббирларнинг жазоси шу бўлади.)
Ва тақво қилганларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?», дейилди. Улар: «Яхшиликни», дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхши.
(Мушрикларга «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилганида, «Аввалгиларнинг афсоналарини», дейишган эди. Чунки улар динга, Қуръонга ўтган авлодларнинг афсонаси, эскилик сарқити, деб қарадилар. Шунинг учун ёмон оқибатга учрадилар. Ўша мушрик ва кофирлардан фарқли ўлароқ тақводорлар яхши оқибатга эришдилар.)
У адн жаннатларидир. Уларга кирганларида остилардан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар.
Улар ўзларига (ўлим) фаришталари ёки Роббингнинг (азоб) амри келишига интизор бўлиб турибдиларми? Улардан олдингилар ҳам шундай қилган эдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилган эдилар.
Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди. Бас, ер юзида сайр қилиб юриб, ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.
(Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди. Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ.)
Уларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларини баён қилиб бериш учун, куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун (қайта тирилтирур).
Улар сабр қилган ва Роббиларига таваккал қилганлардир.
(Муҳожирлар ана ўша қийинчиликларга, машаққатларга, азоб-уқубатларга сабр қилган улуғ кишилардир. Улар Аллоҳнинг розилиги учун сабр қилган ва бу аснода фақат Роббиларига таваккал этган ҳамда фақат Унгагина суянган зотлардир.)
Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар.
(Қуръони Каримнинг исмларидан бири «зикр» эканини бошқа жойларда ҳам айтиб ўтган эдик. Ушбу оят ҳам уни «зикр» деб атамоқда. Яъни, пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сени эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр — Қуръон ила юбордик.)
Ёхуд уларни ҳаракатлари асносида олишидан, улар У зотни ожиз қолдирувчи бўла олмасликларидан (хотиржаммилар)?
(Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни ҳаракатда бўлиб, шаҳарма-шаҳар кезиб, сайру саёҳат ёки бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрганларида ҳам олаверади. Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула билмайдилар. Нимага ишониб кофир ҳолида юрибдилар?)
Ва улар ўзлари (моҳиятини) билмаган нарсага Биз уларга берган ризқдан насиба ажратурлар. Аллоҳга қасамки, ўзингиз уйдирган ёлғон нарса ҳақида албатта сўралурсиз.
(Яъни, мушриклар ўзлари асл моҳиятини билмайдиган бутларига Биз берган ризқдан насиба ажратадилар. Жоҳилият пайтида мушриклар баъзи ҳайвонларни маълум бир бутларга атаб қўяр эдилар. Ўша ҳайвон аталгандан сўнг, бу фалон худонинг насибаси, деб унга алоҳида эҳтиром ила муомала қилинарди. Ўша ҳайвон минилмас, устига юк юкланмас, сути ичилмас, гўшти ҳам ейилмас эди.)
Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинур. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон.
Агар Аллоҳ одамларни қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Қачонки, ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар.
Биз сенга китобни, фақат, уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён қилишинг учун, иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат этиб нозил этдик, холос.
(Ҳа, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга Қуръони Каримни турли халқларнинг ҳақ ва ботил, иймон ва куфр, яхшилик ва ёмонлик ҳамда бошқа нарсалар устидаги ихтилофларини баён этиб бериш учун нозил қилди.)
Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят — белгилар бордир.
(Ер ўлик бўлса, Ер юзидаги нарсалар ҳам жонсиз бўлади. Ер тирилиши билан унинг устидаги ҳамма нарсаларга жон киради. Демак, сув ҳамма нарсага ҳаёт бағишлайди. Сувни эса, фақатгина Аллоҳ таоло тушира олади. Ҳамма нарсага ҳаётни фақат Аллоҳгина бера олади. Демак, ҳамма нарсага маъбуд бўлишга фақат Аллоҳгина ҳақлидир.)
Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят — белги бордир.
(Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.)
Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят — белги бордир.
(Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига ваҳий қилиши унга илҳом бериши ҳисобланади. Аллоҳ таоло асаларини яратганда унга ҳис-туйғу ва илҳомни қўшиб яратгани учун у кўпгина ақлли инсонлар ҳам қила олмайдиган аниқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради.)
Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфт(ҳалол)лар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!
(Ояти каримада жон, жуфти ҳалол, фарзанд ва набира каби неъматлар ҳақида сўз кетмоқда. Бу орқали ўша улуғ неъматларни беришга ягона Аллоҳнинг ўзи ҳақли экани таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ таоло мазкур неъматлардан баҳраманд бўлган бандаларнинг ягона илоҳи-маъбуди бўлишга ҳам ҳақли эканига ишорат қилинади.)
Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук — қул билан Биз уни яхши ризқ ила ризқлантирган ва ўшандан махфий ва ошкора инфоқ қиладиган кимсани мисол келтиради. Улар тенг бўлурларми? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин кўплари билмаслар.
(Ушбу мисол ояти карима нозил бўлган жойдаги араб жоҳилий жамияти воқеълигидан олингандир. Исломни инкор этиб, Аллоҳга ширк келтираётганларнинг бошлиқлари Қурайшнинг зодагон-бойлари эди. У даврдаги бойларнинг мамлук-қуллари бор эди. Бу қуллар эгасига мулк, ўзлари ҳеч нарсага ҳақсиз бир жонзот эди. Кўп ризқу рўзга эга бўлиб, ҳаммага хайру эҳсон қилаётган хўжайин билан унинг ҳеч нарсаси йўқ мамлук қули тенг бўладими? Албатта, тенг эмаслар. Демак, ҳамманинг холиқи ва розиқи Аллоҳ таоло билан ҳеч нарсага қодир бўлмаган, мушриклар ибодат қилаётган бутлар ҳам тенг бўла олмайдилар.)
Аллоҳ икки кишини зарбулмасал келтирди. Бирлари соқов, ҳеч нарсага қодир бўлмас. У ўз хожасига юкдир. Қаерга юборса ҳам, яхшилик келтирмас. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга амр қиладиган киши баробар бўлурми?
Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз.
(Дунёда фақат инсон боласигина жуда ожиз ҳолда туғилади. Бошқа ҳайвонларнинг болалари туғилгандан бир оз ўтиб, ҳаракатга тушади, ўзи юради, онасини эмади ва бошқа ҳожатларини чиқаради. Инсон боласи эса, йиғидан бошқа ҳеч нарсани билмай тураверади. Ҳар бир нарсани унга соат, кун, ҳафта, ой эмас, балки йил давомида ўргатиш керак. Ўша ўрганиш ҳам Аллоҳ берган хусусиятлар билан бўлади.)
Осмон ҳавосидаги беминнат бўйсундирилган қушларга қарамайдиларми? Уларни фақатгина Аллоҳ ушлаб турадир, холос. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди.
(Инсоннинг уйи энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйдан бошқа жойда одам оромини йўқотади. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга ва унинг осойишта, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.)
Аллоҳ сизга Ўзи яратган нарсалардан соялар қилиб қўйди ва сизга тоғлардан бошпаналар, сизларни иссиқдан сақлайдиган кийимлар ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб қўйди. Шундай қилиб, У сизларга Ўз неъматини батамом қилиб берди. Шоядки, мусулмон бўлсангиз.
(Бу ўринда инсон, айниқса, ушбу ояти карима тушган жой ва вақтнинг одами кундалик ҳаётида муҳтож бўлиб турадиган Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гап кетмоқда.)
У кунда барча умматлардан гувоҳ келтирурмиз, сўнгра, куфр келтирганларга (узр учун) изн ҳам берилмас ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар.
(Қиёматда Аллоҳ таоло ўтган умматлардан ҳар бирига ўзининг пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. Кўпчилик олдида ҳамма нарса аён бўлади. Шармандаси чиққан кофирлар, узр айтмоқчи бўладилар. Аммо узр айтишга изн берилмайди. Улар ҳаёти дунёга яна қайтарилишларини, итобдан сўнг яхши ишлари қилишларига имкон берилишини сўрайдилар. Унга ҳам изн берилмайди.)
Ва ширк келтирганлар ўзларининг «шерик»ларини кўрган чоғларида: «Эй Роббимиз, анавилар бизнинг Сендан ўзга ибодат қилган «шерик»ларимиз», дерлар. Бас, у(шерик)лар буларга: «Албатта, сизлар ёлғончидирсизлар», деб сўз ташларлар.
(Бу дунёда Аллоҳни тан олмасдан қиёматга келиб, Аллоҳга «Эй Роббимиз» деб мурожаат, илтижо қиладиган бўлиб қолибдилар. Авваллар бошқани Роббимиз деб юрганлар энди ўша Роббиларини «анавилар» дейдиган бўлиб қолишибди. Ўша «анавилар» уларни адаштириб ўзига ибодат қилдирганлигини юзларига солдилар.)
Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик.
(Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир, мусулмонлар учун ҳидоятдир. Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.)
Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз.
(Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат — исломий мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон» — яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган. «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.)
Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун, қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг. Албатта, бу билан сизни Аллоҳ синамоқда, холос. Албатта, У қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берур.
(Аҳдни бузиш, асосан, ўз манфаатларини кўзлаб, кўпроқ кучли томонга ялтоқланиш мақсадида бўлади.)
Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни бир уммат қилар эди. Лекин хоҳлаган кимсани залолатга кетказади ва хоҳлаган кимсани ҳидоят қиладир. Ва, албатта, қилиб юрган амалларингиздан сўралурсиз.
Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.
Қачонки, Биз бир оят ўрнини бошқа бир оят ила алмаштирсак, — ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни Ўзи яхши билгувчидир — улар: «Шубҳасиз, сен уйдирмачисан!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар.
(Аввалги ўрганган сураларимизда Қуръондаги баъзи оятлар кези келганда маълум сабабларга кўра насх этилиб, Аллоҳ уларнинг ҳукми ўрнига бошқа оят ила бошқа ҳукм жорий қилишини билган эдик. Ушбу оятда Қуръондаги баъзи оятларнинг насх бўлишига мушрикларнинг муносабатлари билдирилмоқда.)
Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир.
(Қадимги Қурайш кофирлари, Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил сўнгги кофирлар, Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди. Кофир бўлгандан кейин шу экан-да!)
Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, — қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно — ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор.
(Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумаййа розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййа розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсир розияллоҳу анҳуни ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон — эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.)
Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этганлари учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳимлидир.
Аллоҳ бир шаҳарни зарбулмасал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг, у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга, қилган ишлари учун, очлик ва хавф кийимини тоттирди.
(Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар.)
Сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Ким золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолида мажбур бўлиб қолса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимлидир.
(Инсонни яратган ва унга неъматларини берган зот — Аллоҳ таолонинг Ўзигина инсонга нима ҳалол ва нима ҳаром эканини ҳам белгилаб беради.)
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар.
(Инсон неъматни розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади.)
Сўнгра, албатта, Роббинг билмасдан ёмон амал қилганларга, ундан кейин эса, тавба қилиб яхши амалларни қилганларга, албатта, Роббинг шулардан сўнг мағфиратли ва раҳимлидир.
Шанба, фақат, у тўғрисида ихтилоф қилганлар зиммасига юкланди, холос. Албатта, Роббинг қиёмат кунида улар орасида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур.
(Яҳудийларга фарз қилинган шанба кунини улуғлаш ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатларида йўқ нарса. Аллоҳ яҳудийлар ихтилоф қилганлари учун жазо сифатида жорий этгандир.)
Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир.
(Аввало, даъват «Аллоҳнинг йўлига» бўлмоғи керак. Баъзи шахсларга, гуруҳларга эмас, холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак. Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим. Учинчидан, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш учун чиройли гапларни топиб гапириш зарур. Уларни нафратлантирмаслик лозим. Тўртинчидан, кишилар билан «гўзал услубда мунозара қилиш» керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, унинг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим. Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.)
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
অনুসন্ধানৰ ফলাফল:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".