1. (Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир.
И з о ҳ. Бу — меърож, яъни Аллоҳ ҳузурига кўтарилиш қиссаси бўлиб, у Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Мадинага ҳижрат қилишидан бир йил илгари воқеъ бўлгандир. Расулуллоҳ айтадилар: «Бир кеча Масжидул-Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли отни етаклаб келди ва мени ўша отга миндириб самога олиб чиқиб кетди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик. Бу ердаги Масжидул-Ақсода икки ракаат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик. Еттинчи осмонга етгач, Аллоҳ таоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни — гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур». Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим». Ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом меърожга чиқиб кетаётиб ҳужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан.
2. Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китобни) Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!»
4. Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта, (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.
5. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида) жазолаш учун (куч-қувват эгалари бўлган) бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
И з о ҳ. Муфассирлар айтишларича, Бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Аллоҳ таоло уларнинг устига Бобил ҳукмдорини ғолиб қилиб қўяди. У ўз лашкари билан келиб, Бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказади. Уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Аллоҳ таоло ваъда қилган жазо эди.
6. Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб сон-саноқларингизни кўпайтирдик.
7. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар, ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз).
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Бани Исроил қавми яна йўлдан озиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни қатл этишгач, Аллоҳ таоло уларнинг устига Форс мажусийларини ғолиб қилиб, улар Бани Исроил қавмининг бошига бало ёғдирган, юртларини вайронага айлантирган экан.
8. (Агар тавба-тазарру қилсангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз.
12. Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳиямизни кўрсатиб турадиган) икки белги — аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғиликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Ва биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).
13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат Куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз.
15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.
18. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз.
23. Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!
24. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!
И з о ҳ. Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.
25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар. Албатта, Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган Зотдир.
26. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!
29. (Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз.
30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим — ҳукмдир.
36. (Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради).
37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)
39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу оятлар Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримларидир. Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг.
41. Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирур.
42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».
44. Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).
51. Ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?», дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?», деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!
52. У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар.
55. Парвардигорингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик.
И з о ҳ. Бу оят баъзи мушриклар Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломнинг пайғамбар эканликларига иймон келтирмай, «Орамизда қанчадан-қанча олийнасаб зодагонлар турганида мана шу етим, ялангоёқ Муҳаммад пайғамбар бўладими?», дейишганида нозил қилингандир. Аллоҳ таоло унда нафақат маккаликларни, балки Еру осмонлардаги барча жониворларни ҳам жуда яхши билишини, бинобарин, кимни пайғамбар қилиб танлаш ҳам Ўз ихтиёрида эканлигини баён қилади ва Ўзи юборган пайғамбарларига турли мўъжизалар бериш билан айримларини айримларидан афзал қилиб қўйгани ҳақида хабар беради.
56. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.
57. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.
И з о ҳ. Баъзи бир тоифалар фаришталарни, насронийлар Ийсо пайғамбарни, яҳудийлар эса Узайр пайғамбарни илоҳ дейишиб, у зотларга сиғинадилар. Ушбу икки оят ўшалар хусусида бўлиб, уларга сиғинаётган зотлар Аллоҳнинг ожиз бандалари экани баён қилингандир.
58. (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) Биз Қиёмат Куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм Китобда тақдири азалда битилгандир.
60. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур.
И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом меърождан қайтганларидан сўнг, эрталаб бу кеча ўзларининг Аллоҳ таоло ҳузурига чиққанлари ва жаннатни ҳам, дўзахни ҳам ўз кўзлари билан кўрганларини айтиб, ўша дўзахнинг қоқ ўртасида Аллоҳнинг лаънатига учраб жаҳаннамга тушган кимсалар учун «овқат» бўладиган «Заққум» дарахти борлиги ҳақида хабар берганларида, Қурайш кофирлари: «Сен жуда ажойиб туш кўрибсан-ку, ахир ўт-олов у дарахтни куйдириб юбормайдими?», деб у зотни масхара қилиб кулишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлиб, унда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига Ўзининг барча бандалар аҳволидан огоҳ Зот эканини яна бир бор эслатиб, Меърож ва унда кўрилган нарсалар, хусусан «Заққум» дарахти кишиларнинг ҳақиқий мўмин ёки кофир эканлигини синаш учун бўлган бир имтиҳон-синов эканлигини таъкидлайди ва бундай қўрқитув синовлар мўминларнинг иймонини зиёда қилса, кофирларни баттар туғёнга солиши ҳақида хабар беради.
70. Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.
71. Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз! Бас, кимгаки ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).
73. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар.
75. У ҳолда, албатта, Биз сизга дунё (азобини) ҳам, Охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.
И з о ҳ. Мушриклар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга эргашишлари учун у киши ҳам ўзларининг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб юқоридаги оятларни нозил қилади. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, бу оятларда гарчи Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг умматлари учун ҳам танбеҳ бўлиб, Аллоҳ таоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради, акс ҳолда дунёю Охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огоҳлантиради.
76. Улар сизни бу tрдан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар).
78. Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир.
И з о ҳ. Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканлигига ҳужжат деб қабул қилганлар.Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Кишининг сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом» бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг бошлангач, (ҳали қуёш чиқмасдан туриб) «бомдод» ўқиш фарз бўлади.
80. Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин».
84. Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз Тўғри Йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур»).
85. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.
И з о ҳ. Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг ҳатто Ўз пайғамбарларига ҳам маълум қилмаган ишлари борлиги баён этилиб, барча инсоният билиши мумкин бўлган билим-маърифат жуда оз нарса экани таъкидланади.
93. Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!»
94. Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!», деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди.
97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгучидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат Кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз.
99. Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва Ерни яратган зот – Аллоҳ – уларнинг (яъни, инсонларнинг) мислини ҳам яратишга қодир эканини билмадиларми?! (Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар.
102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».
103. Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини) қувиб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик.
105. Биз (Қуръонни) ҳаққи-рост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
110. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон — Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!
Fassarar Ma'anonin Al-Qurani maigirma da Yaren Bashtoo wanda Ala'udden
Mansour ya fassara an buga a Shekarar 1430 Hijira, Tsokaci wasu Ayoyi da akai nuni zuwa gare su anyi gyara akan su da sanin cibiyar fassara ta Ruwwad, duk da akwai damar duba Asalin don don gyra ko kuma shawara don bunkasawa mai dorewa
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Sakamakon Bincike:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".