Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир.
Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир.
(Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди.)
Кеча ва кундузни икки белги — аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Роббингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билишингиз учун кундуз аломатини кўрсатувчи қилдик. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.
Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.
Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қиламиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз.
(Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.)
Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра, унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур.
(Бундай киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди.)
Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар сол. Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир.
(Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас. Охиратнинг даража ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажакдир. Ўзини билган одамлар ана ўша афзаллик ва ана ўша даражага эришиш учун ҳаракат қиладилар.)
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!
(Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)
Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна, маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин.
(Бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. Ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.)
Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир.
(Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.)
Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт.
(Бу оят мушрикларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор, деган даъволарига раддиядир. Фаразан, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлса эди, ўша илоҳлар Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томон, унга яқинлашаман деб ёки унинг мулкига соҳиб бўламан, деб йўл излаган бўлар эдилар.)
Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбиҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбиҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбиҳини англамайсизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират Зотдир.
(Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.)
Ва қалбларига, уни англамасликлари учун, ғилоф қилдик ва қулоқларини кар қилдик. Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз Ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар.
Биз улар нима сабабдан тинглаётганларини, улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини, золимларнинг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билурмиз.
(Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш учун эшитадилар.)
Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ (бўлиб олинглар)», деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайта тирилтирур», дерлар. Сен:«Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», дегин. Улар сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон бўлур?» дерлар, Сен:«Шояд яқинда бўлса», дегин.
Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир.
Роббингиз сизларни яхши билгувчи Зотдир. Хоҳласа, сизга раҳим қилар, хоҳласа сизни азоблар. Ва Биз сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.
(Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса, Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос.)
Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билгувчи Зотдир. Батаҳқиқ, Биз баъзи Пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик. Ва Довудга Забурни бердик.
(Мисол учун, баъзиларига китоб нозил қилдик, баъзиларига нозил қилмадик. Айримларига кўп ва катта мўъжизалар, айримларига оз ва кичик мўъжизалар бердик ва ҳоказо. «Ва Довудга Забурни бердик». Бу ҳам пайғамбарларнинг бирини бошқасидан афзал қилганимиз намунасидир.)
Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васийла изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқчи бўлурлар). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир.
(Ўзи Аллоҳнинг раҳмати орзуида юрган кимса қандай қилиб бировни раҳмат қила олади? Ўзи Аллоҳнинг азобидан қўрқиб турган кимса қандай қилиб бировни азоблай олади? Шунга қарамасдан, Аллоҳнинг азобидан қўрқмай, бир пулга арзимайдиган нарсаларни Унга шерик қилиб юрганларга ҳайронсан.)
Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз.
(Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят-мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг умматлари охирги уммат бўлганлари учун уларни бутунлай ҳалок этишни Аллоҳ ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак.)
Биз сенга: «Албатта, Роббинг одамларни иҳота қилиб ўраб олгандир», деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас.
(Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди. Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «... ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.)
Ёки сизни у(денгиз)га яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр қилган нарсангиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик.
(Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.)
Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас.
(Аҳли жаннатларнинг, яъни жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.)
Сени Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар.
(Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар.)
Шундай бўлган тақдирда Биз сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра, ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг.
Улар сени бу ерда безовта қилиб, ундан сени чиқариб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар.
(Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломни Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ўзларига чиқиб кетишни амр қилди.)
(Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бомдоддир.)
Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт.
(Яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ҳақиқий пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар.)
«Ёки сенинг олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунинг-ча, ўша кўтарилишингга ҳам токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», (дедилар). Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Пайғамбардан бошқа нарса эмасман», дегин.
Сен: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб тургувчи Зотдир», деб айт.
(Одамлар ҳақиқатни, пайғамбарлик нима эканини англашни хоҳламасалар, улар билан тортишишнинг ҳожати йўқ, уларни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиб қўйиш керак.)
Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топгувчидир. У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплаймиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга оловни зиёда қиламиз.
(Аллоҳ таоло, ақлини ишлатиб ҳидоят йўлини ихтиёр этган бандаларини ҳидоятга бошлайди. Ана ўша одам ҳақиқий ҳидоят топган одам бўлади. Ҳавои нафсининг гапига кириб, залолат йўлини ихтиёр этганларни эса, залолатга кетказади.)
Ана ўша, Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва титилган тупроқ бўлсак ҳам, албатта янгитдан яратилиб, қайта тирилтирилурмизми?!» деганлари учун жазоларидир.
Улар осмонлару ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини яратишга қодир эканини ва улар учун шак-шубҳасиз ажал белгилаганини билмадиларми?! Бас, золимлар куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар.
Сен: «Агар сизлар Роббим раҳмати хазиналарига эга бўлсангиз ҳам, уни сарфлашдан қўрқиб, мумсиклик қилган бўлар эдингиз. Инсон зоти, ўзи, бахил бўлур», деб айт.
Батаҳқиқ, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик. Бани Исроилдан уларга у (Мусо) келган пайти(нима бўлгани)ни сўрагин. Бас, Фиръавн унга: «Албатта, мен сени, эй Мусо, сеҳрлангансан деб ўйлайман», деди.
(Мазкур тўққиз мўъжиза — қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон, очарчилик йиллари ва меваларнинг камчил бўлиши эди. Бу мўъжизалар ҳақида Аъроф сурасида ва бошқа сураларда сўз кетган.)
У: «Анавиларни кўзни очгувчи қилиб осмонлару ернинг Роббидан ўзга ҳеч бир Зот туширмаганини яхши биласан. Албатта, мен сени, эй Фиръавн, ҳалок бўлгувчисан деб ўйлайман», деди.
(Анави тўққиз очиқ-ойдин мўъжизаларни ғафлат уйқусида қолганлар учун кўзини очувчи қилиб осмонлару Ернинг Робби туширганини, ундан ўзга ҳеч ким тушира олмаслигини яхши биласан. Лекин шундай бўлса ҳам, инкор қилмоқдасан.)
Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
ئەنجامەکانی گەڕان:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".