Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У ўша(ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди.
(Ушбу ояти каримадаги: «Албатта, Фиръавн Ер юзида баланд кетди», дегани Фиръавн бутун Ер юзига ҳоким бўлган экан, деган маънони эмас, балки Миср ерида «баланд кетди» — такаббурлик қилди, туғёнга кетди, ҳаддан ошди, каби маъноларни беради. Ўзи ҳоким бўлган ер аҳолисини бўлиб ташлаш ҳар бир фиръавннинг одати.)
Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар.
Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар.
Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик. Бас, (опаси): «Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди.
Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У(Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди.
(Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми — Бани Исроилдан, иккинчиси душман — Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўрар эди. «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.)
У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир.
Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди, у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби, мени ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истарсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамассан», деди.
Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди.
У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншоаллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди.
Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлга тушиб кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди. У аҳлига: «Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки, у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди.
(Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда, Сийна ярим оролидаги Тур тоғига яқинлашганда, тоғ томонда узоқдан бир олов ёниб турганини кўрдилар.)
Ва асоингни ташла», деб нидо қилинди. Қачонки унинг катта илон каби қимирлаётганини кўргач, қарамасдан ортга қочди. «Эй Мусо, бери кел, қўрқма, албатта, сен омонликдагилардансан.
(Бу ҳол ҳақиқатда ажойиб эди. Бепоён саҳродаги тоғнинг ўнг томонида, муборак бир жойда Аллоҳ таоло фариштани ҳам ўртага қўймай, Мусо алайҳиссаломга бевосита Ўзи нидо қилмоқда. Бу жой ҳақиқатда ҳам муборак бир жой эди. Бу пайт, шубҳасиз, муборак бир пайт эди. Бу нидо ҳақиқатда ҳам муборак бир нидо эди.)
Қўлингни ёқангдан (қўлтиғингга) суқ, бирон нуқсонсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қўрқувдан қанот(қўл)ингни ўзингга тортиб ол. Бас, шу иккиси Роббингдан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Албатта, улар фосиқ қавм бўлдилар», (дейилди).
Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юбор, мени тасдиқлайдир. Зеро, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман», деди.
(Мен улардан бани исроиллик билан уришаётган қибтийни билмасдан, нохосдан ўлдириб қўйганман. Фиръавн аъёнлари мени ўлдириш учун тил бириктираётганларида қочиб кетганман. Энди яна кириб борсам, уларнинг эски адовати қўзиб мени ўлдириб қўйсалар, диний даъват иши нима бўлади, деб қўрқаман. Менинг тилимда бир оз дудуқлик бор, оғам Ҳорун эса, тили бурро одам. Кофирлар билан тортишувларда иш беради. Уни ҳам мен билан бирга пайғамбар қилиб юбор. У ҳам мен билан бирга пайғамбар бўлиб, мени тасдиқласин.)
У зот: «Биз сени оғанг билан қувватлаймиз ва икковингизга бир салтанат берурмизки, улар сизга етиша олмаслар. Бизнинг оятларимиз ила иккингиз ва сизга эргашганлар ғолибдирсиз», деди.
(Демак, Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом ҳамда уларга эргашганлар ғолиб бўлишлари турган гап. Ғалабага эришиш учун Аллоҳнинг оятлари билан ҳаракат қилинса, бас. Шундай ҳаракат бўлди ҳам.)
Ва Мусо: «Роббим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёри оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билгувчи Зотдир. Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди.
Ва Фиръавн: «Эй, аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй, Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди.
(Худолик даъвосида бўлган аҳмоқ фиръавнлар ўйламай, оғзига нима келса гапираверади. Вазирига нимани хоҳласа, буюраверади. Ҳомон лойга ўт ёқиб ғишт пишириб, ўта баланд қаср қурармиш, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Аллоҳ осмонда сенинг чиқишингга қараб турадиган зотмиди?! Сенга ўхшаган ифлос Аллоҳнинг даргоҳига бора олармиди?! Осмон сенга ўхшаш бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган бир нарса-ку, нима учун Аллоҳни осмон билан чегаралаб қўймоқчисан?! Ушбу саволлар ҳам ўзини худо санаётган Фиръавнинг нақадар эси паст эканини тушунишга ёрдам беради. Ўша эси паст махлуқ ўзининг аҳмоқона гапи билан Аллоҳ юборган Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқармоқда.)
Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтимизда сен ғарбий томонда эмас эдинг ва гувоҳлардан ҳам бўлмагансан.
(Эй Муҳаммад! Мусога пайғамбарликни, Таврот ва унинг ҳукмини берган пайтимизда Тур тоғининг ғарбий томонида йўқ эдинг. Бу ишга гувоҳлардан ҳам бўлмагансан.)
Лекин Биз бир неча асрларни пайдо қилдик, бас, уларнинг умри чўзилди. Сен Мадянда туриб, уларга оятларимизни тиловат қилиб берганинг йўқ. Аммо Биз Пайғамбар юборгувчи бўлдик.
Биз нидо қилган чоғимизда Турнинг ёнида йўқ эдинг. Лекин Роббингдан раҳмат сифатида сендан олдин огоҳлантиргувчи келмаган қавмни огоҳлантириш учун (қиссаларни сенга билдирдик). Шоядки, эсласалар.
(Яъни, Биз Мусога Тур тоғининг ёнида нидо қилганимизда сен у ерда йўқ эдинг. Аммо Биз у ерда бўлиб ўтган қиссани сенга билдирдик. Бу иш сендан олдин огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаган қавмни огоҳлантиришинг учун Роббингнинг сенга берган раҳматидир. Шоядки ушбу қиссалар таъсирида улар эслашлари лозим бўлган нарсаларни эсга олсалар.)
Қачонки уларга бизнинг ҳузуримиздан ҳақ келганида, улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дедилар. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтирмаган эдиларми?! Улар: «Икки сеҳр ўртага чиқди, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар бирига куфр келтиргувчимиз», дедилар.
(Ҳа, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдан илгари улар Мусо алайҳиссаломга тушган нарсага ҳам куфр келтирган эдилар. Энди бўлса, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга иймон келтирмасликларига Мусо алайҳиссаломга берилган нарсага ўхшаш нарса у кишига берилмаганини сабаб қилиб турибдилар. Улар «икки сеҳр» деб Таврот билан Қуръонни назарда тутишяпти. Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир, улар бирга ўртага чиқиб, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар иккисига ҳам куфр келтирувчилармиз, дейишяпти.)
Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
(Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавои нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавои нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!)
У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар.
(Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.)
Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни дафъ қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар.
Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи Зотдир.
(Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охирзамон Пайғамбари алайҳиссалоту вассаломнинг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот алайҳиссалоту вассалом бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунга Расули Акрам алайҳиссалоту вассалом қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса, бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди.)
Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз еримиздан юлиб олинамиз», дедилар. Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар.
Биз маишатлари ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Бас, анавилар уларнинг масканлари, улардан кейин маскан қилинмади, илло, озгинаси, холос. Ва Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик.
Роббинг шаҳар-қишлоқларни, то улар орасига уларга оятларимизни тиловат қиладиган Пайғамбар юбормасдан туриб, ҳалок қилувчи бўлмаган. Биз шаҳар-қишлоқларни фақат аҳли золим бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлганмиз.
(Аллоҳ таолонинг одати шуки, инсонларга жон, ақл-идрок бериб қўйса ҳам, яна пайғамбар орқли огоҳлантирмасдан туриб уларни ҳалок қилмайди. Пайғамбарни қачон ва қаерга юборишни Ўзи билади. Мана, Макка аҳлига ҳам пайғамбар келмаган эди. Энди Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни юборди. У кишини фақат Макка аҳлига эмас, балки барча макон ва замонларга огоҳлантиргувчи пайғамбар қилиб юборди.)
Биз унга гўзал ваъда қилган, кейин ўшанга эришувчи киши, бу ҳаёти дунё матоҳини берганимиздан сўнгра қиёмат куни (азобга) ҳозир қилинганлардан бўлган киши каби бўлармиди?!
(Бу ояти каримада мўмин билан кофир бир-бирларига солиштириб кўрсатилмоқда. Бир томонда мўмин киши. Унга Аллоҳ таоло мўминлиги учун бу дунёда гўзал яшашни, у дунёда гўзал жаннатга эга бўлишни ваъда қилган. Иккинчи томонда кофир киши. Аллоҳ таоло унга ҳаёти дунёнинг озгина матоҳини берган. Кейин у дунёда азоблаш учун дўзахни тайёрлаб қўяди. Хўш, шу икки кишини ўзаро тенг дея оламизми? Албатта, йўқ!)
Ва ҳар бир умматдан бир шоҳид чиқариб: «Ҳужжатларингизни келтиринг!» дегаймиз. Бас, улар ҳақ Аллоҳга эканини билурлар ва ўзлари уйдириб юрган нарсалари ғойиб бўлур.
(Қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳар умматнинг пайғамбарини гувоҳ сифатида чиқариб олиб, умматларга, менинг шеригим борлиги ҳақида қилган даъволарингизга ҳужжатларингизни келтиринг, дейди. Уларнинг ўзлари ўйлаб топган сохта худолари ғойиб бўлиб қолади. Ана ўшанда шармандалари чиқади.)
Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас.
(Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.)
Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар.
(Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.)
У (Қорун): «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни(ҳам) албатта ҳалок этганини у билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас.
Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатан, у улуғ насиба эгасидир», дедилар.
(Молу дунёсига ишониб мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган, ношукр одамга фақат ҳаёти дунёни ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчига ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ» насиба эгаси, дейиши мумкин.)
Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга юттирдик. Унга Аллоҳ(азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади.
(Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.)
Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга юттирар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар.
(Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди.)
Биз ўша охират диёрини ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир.
(Ўша илмлилар айтган охират диёрини Ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларнинг Ер юзида бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади.)
Сенга Қуръонни фарз қилган Зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир. Сен: «Роббим ҳидоят келтирган шахсни ҳам ва очиқ-ойдин гумроҳликдаги шахсни ҳам яхши билгувчидир», деб айт.
(Сен она юртингдан ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлаётганингдан ўкинма. Сенга Қуръон тиловати ва унга амал қилишни фарз қилган Зот — Аллоҳ, албатта, сени қайтар жойга — Маккага яна қайтаргувчидир.)
Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз.
(Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.)
அல்குர்ஆன் மொழிபெயர்ப்பு - உஸ்பெக் மொழிபெயர்ப்பு - முஹம்மது சாதிக் - மொழிபெயர்ப்பு அட்டவணை
முஹம்மது சாதிக் மொழிபெயர்த்த புனித அல்குர்ஆனின் அர்த்தங்களுக்கான உஸ்பெக் மொழிபெயர்ப்பு - பதிப்பு 1430 மொழிபெயர்ப்பு முன்னோடிகளுக்கான மையத்தால் மேற்பார்வையில் திருத்தப்பட்ட பதிப்பு, கருத்து, மதிப்பீடு மற்றும் தொடர்ச்சியான முன்னேற்றம் ஆகியவற்றுக்கான ஆலோசனைகளைத் தெரிவிப்பதற்காக அசல் மொழிபெயர்ப்பைப் பார்வையிடலாம்.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
தேடல் முடிவுகள்:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".