[1]Ушбу оят Қурайш катталари иймон келтирган кишиларга: «Қайта тирилиш, Қиёматдаги ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ нарсалардир. Киши дунёга бир марта келади, бундан бошқа дунё йўқдир. Сизлар бизнинг йўлимизга юраверинглар, агар у дунё ҳақидаги гаплар рост чиқиб, Қиёмат қойим бўлса барча гуноҳларингизни биз бўйнимизга олурмиз ва сизлар азобга дучор бўлмассизлар», дейишганида нозил қилинган бўлиб, улар мўминларнинг бирон гуноҳини бўйинларига олишга қодир эмасликлари ҳақида огоҳлантиради. Қуйидаги оятда одамларни Ҳақ йўлидан оздирган бундай кимсалар ўзларининг гуноҳларига қўшиб тобеъларининг гуноҳларига ҳам жавобгар бўлишлари ҳақида хабар берилади. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадиси шариф ҳам бу ояти каримага ҳаммазмундир: «Ким одамларни залолатга даъват қилса, унинг зиммасида ўзига эргашган кимсаларнинг гуноҳлари ҳам бўлур, аммо уларнинг ўз устларидаги гуноҳлари ҳам заррача камаймас».
[2]Лут ўзи Иброҳимнинг оғасининг ўғли бўлиб, Иброҳим кофирлар томонидан оловга ташланганида ёнмаганини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканини билиб, биринчи бўлиб иймон келтиради...
[3]Ушбу ояти карима Маккадаги мушрикларнинг зулму-фитналари сабабли тоат-ибодатларини бемалол қила олмай қолган мусулмонлар ҳақида нозил қилингандир. Аллоҳ таоло оят орқали уларга Ўзининг замини кенг эканлиги, бинобарин агар бу ерда уларнинг иймон-эътиқодларига дахл қилинса, ўзга ерларга ҳижрат қилиб, ўша жойларда ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари лозимлигини уқтиради. Худди шу хусусдаги Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг бир ҳадиси мубораклари ҳам барча мўмин-мусулмонлар учун ибратли эслатмадир: «Ким ўз дини(ни сақлаб қолиш) учун бир ердан бошқа ерга кетар экан, албатта у жаннатга ҳақдор бўлибдир».