4. Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек) сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни «она» дейишларингиз, асрандиларингизни «бола» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (ҳақ) йўлга ҳидоят қилур.
И з о ҳ. Ушбу оятда икки масала хусусидаги Аллоҳнинг ҳукми баён қилинди: Биринчиси «Зиҳор» масаласи бўлиб, бу ибора арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига «сен менга онамнинг бадани каби ҳаромсан», дейишини англатади. Одатда, улар бу сўзлар айтилган хотин онага айланиб қолади, демак, энди у билан яшаш мумкин эмас, деб ҳисоблар эдилар. Қуръон уларнинг бу гумонлари нотўғри эканлигини уқтиради. Фикҳ — қонуншунослик китобларида юқоридаги сўзларни айтган кишилар ушбу нолойиқ сўзлари учун маълум тартибда каффорат — жарима тўлаб, никоҳларидаги хотинлари билан яшайверишлари жоиз эканлиги айтилади. Иккинчи масала: Асранди бола Шариати Исломийя ҳукмича ҳар тарафлама пушти камардан бўлган бола каби бўлмаслиги ҳақидадир. Бу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ўғил қилиб олган Зайд бинни Хориса ҳақида нозил қилинган бўлиб, сура давомида бу мавзуга яна қайтилади.
5. Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи, ёки дўстим Фалончи, деб чақиринглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
10. Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар.
13. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни, Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар.
14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни, мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар.
20. Улар (яъни, мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли кофир фирқалар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у фирқаларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар у фирқалар (яна қайтиб) қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар.
И з о ҳ. Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижратнинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом тарихида «Хандақ жанги» деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди. Муфассирларнинг ёзишларича, воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина атрофларидаги бир неча қабила-фирқалар мусулмонларни йўқ қилиб юбориш учун тил бириктиришиб, ўн икки мингдан ортиқ қўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш қиладилар. Бу шум хабардан воқиф бўлгач, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом уч минг чоғли аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг маслаҳатларига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига хандақ кавлайдилар ва ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли фирқаларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул — хандақ тўсади ва улар Мадинани тўрт томонидан қуршаб қамал қиладилар, аммо шаҳар ичига кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўмин ким-у, мунофиқ кимлиги ажралиб қолади: Мўминлар Аллоҳ таолонинг нусратига кўз тикиб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом теварагига янада жипслашадилар, мунофиқлар эса бутунлай ноумидликка тушиб, ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар. Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг, бир куни тўсатдан ҳаво совуб, қаттиқ бўрон туради ва қамал қилиб турганлар ёққан ўт-оловларни ўчириб, тиккан чодир-ўтовларини ўчириб кетади ва улар Мадинага киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа олмай қоладилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ушбу оғир дамларда мўминларнинг иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирсалар-да, дилларида мараз-нифоқ бўлган кимсаларнинг кирдикорларини фош этади.
21. (Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир.
22. Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос.
24. Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
26. У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
27. Ва сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир бўлган Зотдир.
И з о ҳ. Бу икки оят Бану Қурайза номли яҳудий қабиласи ҳақида нозил қилингандир. Бу қабила илгари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом билан бир-бирларига қарши урушмаслик ҳақида битим тузган эди. Кофир фирқалар мўминларга қарши юриш қилганларида эса улар ўртадаги битимни хиёнаткорона бузиб, фирқаларга қўшилиб олдилар. Шунинг учун у фирқалар қайтиб кетганларидан кейин мусулмонлар Бану Қурайза қабиласини қуршовга оладилар ва улар яшириниб олган қалъаларидан чиқиб таслим бўлишга мажбур бўладилар. Шунда улардан бир қанчаси қатл қилиниб, қолганлари мусулмонлар томонидан асир олинади ва ер-мулклари мусодара қилинади.
28. Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли кузатиш билан кузатай.
29. Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва Охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир».
31. Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
32. Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!
36. Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.
И з о ҳ. Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг аммалари Умму Айманнинг қизи Зайнаб бинти Жаҳш ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд бин Хорисага хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, у унамасдан: «Ё Расулуллоҳ, ахир мен Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зайд эса куни кеча озод бўлган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин», дейди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга юқоридаги оят нозил бўлгач, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайдга никоҳлаб берилади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билан муомалада бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир оқибат Зайд пайғамбарнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан бирга ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга ваҳий келган бўлиб, унда Зайд Зайнаб билан ажрашиб кетишлари ва пайғамбар Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекин Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом одамларнинг «Муҳаммад ўзи асраб олган ўғлининг хотинига уйланди», деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай келар эдилар. Шунинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида, унга сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради.
38. Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир (яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.
40. Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.
43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган Зотдир.
48. Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил-ҳомийдир.
49. Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!
И з о ҳ. Маълумки, шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида, хотин бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сақланар эди. Яна бундай ҳолатда эр-хотиннинг ҳақ-маҳрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан.
50. Эй пайғамбар, албатта Биз сиз учун ҳаққи-маҳрларини берган жуфтларингизни, Аллоҳ сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни — агар у ўзини пайғамбарга ҳадя этсаю, пайғамбар уни (ҳаққи маҳр бермай) ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз сизга мазкур имтиёзларни бердик). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
52. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз учун бундан сўнг аёллар (яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни жамоллари сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам сиз учун ҳалол бўлмас). Магар сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Аллоҳ барча нарса устида кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
53. Эй мўминлар, пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унинг пишишига кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир.
57. Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
59. Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
60. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, фақат озгина тура олурлар, холос.
63. Одамлар сиздан (Қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) билиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир.
69. Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам Аллоҳ наздида обрўли кишидир).
72. Албатта Биз бу омонатни (яъни, шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди).
73. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни азоблаш учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруларини қабул килиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган Зотдир.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Njeñtudi wiɗto ngoo:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".