Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ Азийз ва интиқом олувчи Зотдир.
(Демак, Муҳаммад алайҳиссаломга тушган китобни ҳам Аллоҳнинг Ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас, Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми.)
У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам — ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвийл қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар.
(«Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. «Муташобиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади.)
Куфр келтирганларга: «Тезда мағлуб бўласизлар ва жаҳаннамга йиғиласизлар, у қандоқ ҳам ёмон жой», деб айт.
(Куфрнинг оқибати икки дунёнинг мағлубиятидир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда тезда мағлуб бўлишларининг, охиратда ҳам жаҳаннамга тўпланишларининг хабарини бермоқда.)
«Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришадир. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллайдир. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир», деб айт.
(Маълумки, Бадр урушида мушрикларнинг сони мусулмонларнинг ададидан уч баробар кўп эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг нусрати билан мусулмонлар ғолиб келдилар.)
Сен: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! Тақво қилганларга Роббилари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Унда абадий қолурлар. Покиза жуфтлар ва Аллоҳ томонидан розилик бор. Ва Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир», деб айт.
(Ҳамма бу дунёнинг матоҳига ўзини уради. Ўшани деб кўплар гуноҳга ботади, диндан чиқади. Ҳолбуки, бу нарсалар шунча уринишга арзимайдиган нарсалардир. Беш кунлик дунёнинг ўткинчи орзу-ҳаваси, холос. Лекин бошқа тарафда ундан яхши, абадий неъматлар бор. Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: «Ўша нарсаларингиздан яхшироғининг хабарини берайми?! деб айт», деб буюрмоқда. Охират неъматлари бу дунё матоҳидан нақадар устун эканлиги шак-шубҳасиз ҳақиқатдир. Аммо охират неъматларининг яна бир ўзига хос имтиёзи бор. У ҳам бўлса, уларнинг тақводор бандаларга хослигидир, бошқаларга насиб қилмайди.)
Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг, ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тезда қилувчидир.
(Аллоҳнинг ҳузурида Исломдан бошқа дин йўқ. Яҳудий, насроний, буддий ёки яна бошқа ҳар хил динлар Аллоҳнинг ҳузурида эътиборини йўқотган динлардир. Уларга эътиқод ва амал қилганлар беҳуда юрибдилар ҳисоб. Дунёда Аллоҳ ягона бўлганидан кейин, ақида ҳам ягона бўлиши керак. У Ислом ақидасидир. Аҳли китобнинг келишмовчилиги илмсизликдан, жоҳилликдан эмас. Уларга Аллоҳ томонидан илм келган эди. Улар Аллоҳнинг ягоналигини, ибодатга сазоворликда ҳам ягоналигини, бандаларнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини яхши билар эдилар. Билиб туриб, ихтилоф қилдилар.)
Агар сен билан тортишсалар: «Мен юзимни Аллоҳга таслим этдим ва менга эргашганлар ҳам!« деб айт. Ва китоб берилганларга ва саводсизларга: «Исломга кирдингизми?» деб айт. Агар Исломга кирсалар, бас, батаҳқиқ, ҳидоят топдилар. Агар юз ўгирсалар, сенинг зиммангда етказиш, холос. Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир.
(Юз инсоннинг энг олий аъзоси ҳисобланади. Юзни Аллоҳга таслим қилиш эса, ўша юзнинг эгаси бутун вужудини Аллоҳга топширганини билдиради. Пайғамбар алайҳиссаломки ўзларига ушбу йўлни танлабдилар, у кишига эргашган умматлари ҳам албатта шу йўлни танлайдилар. Бундан бошқа гап бўлиши мумкин эмас.)
Китобдан насиба берилганларга қарамайсанми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳлари юз ўгириб ортга қайтарлар.
(Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтул Мидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нуъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари: «Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан?» дедилар. У зот алайҳиссалом: «Иброҳим миллати ва динидаман», дедилар. Улар: «Иброҳим яҳудий бўлган, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик», деганларида, улар бош тортдилар.)
Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт.
(Кўриниб турибдики, бу икки оятда жуда ҳам улкан маънолар ўз аксини топган. Ягона Аллоҳнинг фақат Ўзига хос камолот сифатлари жамланган. Шунинг учун ҳам ушбу икки оятни кундалик вирд-вазифа сифатида ўқиб юриш тавсия қилинади.)
Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутмасинлар. Ким буни қилса, бас, унга Аллоҳдан ҳеч нарса йўқ. Магар улардан сақлансангиз, Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Ва қайтиб бориш Аллоҳнинг Ўзигадир.
(Исломда бошқа диндагилар билан яхши алоқада бўлишга рухсат бор. Лекин дўст тутиш, ҳамма нарсани кофирга ишониб топшириб қўйиш мумкин эмас. Фақат бир ҳолатдагина, истисно тариқасида, юзаки равишда ўзини кофирга дўст қилиб кўрсатиши мумкин: «Магар улардан сақлансангиз». Бундай тасарруфни «тақиййа» деб аталади. Тақиййа билан жонни, молни ва номусни душманлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.)
Сен: «Агар қалбингиздаги нарсани махфий тутсангиз ҳам, ошкор қилсангиз ҳам Аллоҳ биладир. Ва осмонлардагию ердаги нарсаларни ҳам биладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт.
(Ояти карима Аллоҳ таоло бандаларининг барча ишларидан очиқ-ойдин хабардор эканлигини шубҳага ҳеч ўрин қўймайдиган даражада баён қилмоқда. Ким махфий равишда кофирларни дўст тутса ҳам, билади. Билганидан сўнг, албатта, унинг жазосини беради.)
Ҳар бир жон қилган яхши амалини ҳозир топадиган ва ёмон амалининг узоқ масофада бўлишини истайдиган кунда. Аллоҳ сизларни Ўз(азоб)идан огоҳ қиладир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир.
(У кунда ҳар бир жоннинг яхшилигию ёмонлиги охиригача сарҳисоб қилинади. Агар банданинг бу дунёдаги амаллари яхши бўлса, хурсандчиликка, бахтга, саодатга эришади. Ёмон бўлса, қани энди ушбу ёмон амаллар олис-олисларда бўлса эди, менга яқин бўлмаса эди, деб орзу қилади.)
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Одам ва Нуҳ алайҳиссаломларнинг ёлғиз ўзларини Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломларни эса, сулолаларини ҳам қўшиб зикр қилди. Нега? Чунки Одам ва Нуҳ алайҳиссаломлар ёлғиз ўзлари пайғамбар бўлганлар. Иброҳим ва Имрон алайҳиссаломлар зурриётларидан бевосита пайғамбарлар сулоласи тарқалган. Бу насаб ёки қариндошлик асосидаги пайғамбарлик сулоласи эмас, балки ақида асосидаги сулоладир. Бу ҳақиқат Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, зурриётларидан ҳам пайғамбар чиқаришини сўраганларида баён қилинган.)
Уни (Марямни) туққан чоғида: «Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!!» – деди. Ҳолбуки, Аллоҳ у нима туққанини яхши билади. «Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман.»
Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу қаердан», – деди. «Бу, Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», – деди.
(Шундай қилиб, Марям алоҳида эътибор остида муборак бўлиб ўса борди. Аллоҳ унга Ўзи иноят кўрсатиб турди. Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида, табиийки, унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туриши лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирса, унинг ҳузурида ризқ турар эди.)
(Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб у кишига суюнчилик хабарини етказдилар. Аллоҳ Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди.)
У: «Эй Роббим, менга бир белги тайинла», – деди. У зот: «Сенинг белгинг — уч кун одамларга фақат ишора билан гапиришингдир. Роббингни кўп эсла ва эртаю кеч тасбиҳ айт!» – деди.
Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла.
(Бу ерда, Марямни Аллоҳ танлаб олганини, бошқалар каби оддий эмасликларини баён этилмоқда. Шу билан бирга, у кишининг, насоролар даъво қилаётганидек, «она худо» ёки «худонинг хотини» ҳам эмасликларини билвосита таъкидламоқда.)
Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг.
(Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Улар қаламларини қуръа сифатида дарёга ташлаб, кафилни аниқлашибди. Албатта бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.)
Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масийҳ Ийсо ибн Марям, бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир.
(Оятда келган «сўз»дан мурод Ийсо алайҳиссаломдир. «Сўз» арабчада калима дейилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишиги Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган.)
У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла.
(Одатда қиз бола ўзидан ўзи ҳомиладор бўлмайди. Лекин Аллоҳ таоло Марямга унинг ҳомиладор бўлиб, Аллоҳнинг калимаси туфайли Масиҳ Ийсо ибн Марям деган фарзанд кўришини фаришталар орқали билдирмоқда. Шу билан бирга, унинг бошқа сифатларини ҳам санаб ўтмоқда.)
У: «Эй Роббим, менга башар қўл теккизмаган бўлса, қандай қилиб болам бўлади?!» – деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини қилади. Бир ишни ирода қилса, «Бўл!» дейиши кифоя, бўлаверади», – деди.
Ва Бани Исроилга Пайғамбар қилади. У: «Албатта, мен сизга Роббингиздан мўъжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кўр ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз — хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангиз, албатта, бунда сизга белги бордир», дейди.
Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим. Сизга Роббингиздан мўъжиза билан келдим. Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг.
Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу — сиротул мустақиймдир», дейдир.
(Ийсо алайҳиссаломнинг: «... ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда.)
(«Ҳаворий» дегани холис, яқин, ишончли дўст деганидир. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам шундай кишилари бор эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол лаббай деб жавоб бердилар. Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини эълон қилишлари билан бирга, Аллоҳга келтирган иймонларини ҳам зикр қилмоқдалар. Чунки иймон энг асосий нарса ҳисобланади. Ҳаворийлар яна Ийсо алайҳиссаломдан ўзларининг мусулмонликларига гувоҳ бўлишларини ҳам сўрашмоқда. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунганликлари, Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига ёрдам берганликларига гувоҳ бўлишни сўрашмоқда.)
Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир.
(Бани Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.)
Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайдир. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, (у) бўлди.
(Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган Зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)
Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса, Сен: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин.
( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)
Албатта, бу ўзи ҳақ қиссадир. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзи Азийз ва Ҳакийм Зотдир.
(Яъни, Ийсо ҳақида сенга келган қиссалар ҳақдир. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Насороларнинг Ийсо ҳам «худо» дейишлари нотўғри. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Аллоҳнинг Ўзи азиз, ҳаммадан ғолиб, биров Унга қарши чиқа олмайди. У ҳаким — ҳар бир ишни ўз ўрнида, ҳикмат билан қилади.)
(Пайғамбар алайҳиссалом билан Ийсо ҳақида, шунингдек, Таврот ва Инжилда келган баъзи масалалар ҳақида тортишишган эди. Бу масалаларда уларнинг озми-кўпми илмлари бор эди. Тортишиб, ўз фикрини айтса бўлар эди. Аммо Таврот ва Инжилдан олдин ўтган ҳодисалар, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида тортишиб нима қилардилар? Фақат, талашди деган гап учунми? У нарсаларни, хусусан, Иброҳимнинг кимлигини «Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз!».)
Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Пайғамбар ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийидир.
(Аввало, «Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар», яъни ўзлари ҳаёт даврларида у кишига иймон келтириб, йўлидан юрганлар ва у киши ўтганларидан кейин ҳам эргашганлар. Яна кейин одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга ҳақлироғи Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ва у зотга иймон келтирган мўминлардир.)
(Аҳли китоблар Исломнинг ҳақлигини биладилар. Уларнинг илоҳий китобларида бу собит бўлган. Лекин улар ҳавою нафсларига учиб, куфр келтирадилар. Кўриб-билиб туриб, Исломдек ҳақ нарсани ботилга аралаштирадилар ва шу билан Исломнинг ҳақиқатини беркитмоқчи, йўқотиб юбормоқчи бўладилар. Узоқ муддат мобайнида Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлагани учун Қуръонга ўз ботилларини қўша олмадилар, лекин бошқа ҳамма нарсага қўшдилар ва қўшмоқдалар. Улар бу ғараз ила Ислом тарихи, ҳадис, Қуръон тафсири, кишилар сийрати каби илмларга ҳийла-найранг орқали турли ботилларни қўшиб келдилар. Ҳозирги кунда ҳам турли илмий номлар билан ўша қадим ишларини қилмоқдалар. Аллоҳ таоло меҳрибон, доимо уларнинг бу кирдикорларини фош этиб, ботилларини ажратиб-чиқариб турадиган уламоларни мусулмон умматига бериб туради.)
Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қиладир ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир», деб айт.
(Бундай усул ҳозир ҳам давом этмоқда. Аҳли китоб саналган яҳудий ва насронийлар ҳақида, улар бир нарсани чуқур тушунмаса, амал қилмайди, деган тушунча кенг тарқалган. Шу боис улардан бирортаси Исломга кирса, бутун мусулмон олами қувончдан терисига сиғмай кетади. Улар орасида Исломга холис кириб, ҳидоят топиб кетаётганлари кўп, лекин юқорида баён этилганидек, ҳийла қилиб, Исломга зарар етказиш мақсадида куннинг аввалида иймонга келиб, охирида куфрга қайтаётганлари ҳам йўқ эмас.)
Аҳли китоблардан, агар ҳисобсиз молни омонат қўйсанг, уни сенга адо қиладиганлари бор ва бир динорни омонат қўйсанг, устида туриб олмагунингча, сенга адо қилмайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг: омийлар учун бизнинг устимизга йўл йўқ, дейишларидандир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларлар.
Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор.
Улардан бир гуруҳлари борки, сизлар китобдан бўлмаган нарсани китобдан деб ўйлашингиз учун китобни тилларини буриб ўқирлар. Ва: «У Аллоҳнинг ҳузуридандир», дерлар. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб, Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларлар.
Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: «Аллоҳни кўйиб менга банда бўлинглар», дейиши асло мумкин эмас. Лекин одамларга: «Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг», дейди.
(Маълумки, насоролар Аллоҳ уларга юборган пайғамбар Ийсо алайҳиссаломни «худо» деб эътиқод қилганлар ва қиладилар. Уларга, нимага Ийсони худо дейсизлар? дейилса, ўзи айтган, бизни ибодатини қилишимизга буюрган, дейишади. Аҳли китоблар билан бўлган тортишувларда бу масала ҳам қўзғалган бўлиши турган гап. Бу мақомда ҳақиқат нимада эканлигини ушбу оят баён қиляпти.)
Аллоҳ Пайғамбарлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, — деб аҳду паймонларини олиб туриб: — Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», – дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», – деди.
(Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)
Аллоҳнинг динидан бошқани хоҳлайдиларми?! Ахир хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳга бўйсуниб турибди-ку!!! Ҳамда Унга қайтариладиларку!!!
(Аллоҳнинг дини битта. Ҳамма пайғамбарлар шу дин билан келганлар. Бир-бирларини тасдиқлаб, бир-бирларига ёрдам бериб, Аллоҳнинг динига ўз даврларида хизмат қилиб келганлар.)
Сен: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага, Мусо, Ийсо ва бошқа Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик, улардан бирортасини ажратмаймиз ва биз Унгагина мусулмонмиз!» деб айт!
(«Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага». Яъни, саҳифа ва ваҳийларга иймон келтирдик. «Асбот» дегани Яъқуб алайҳиссаломнинг авлодлари, деганидир.)
Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлур.
(Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона Ислом динининг охирги ва мукаммал кўриниши Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган ҳақиқий Ислом динидир. Энди ундан бошқа динни истаб, ўша бошқа динда юрганлардан у динлари ҳаргиз-ҳаргиз қабул қилиб юрилмайди. Улар охиратда зиён кўрувчилар бўлади. Аллоҳ уларни ҳидоятга солмайди, балки лаънатлайди.)
Ана ўшаларнинг жазоси уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлишидир.
(Бундай лаънатга қолиш катта бадбахтлик эмасми?! Бу дунё-ю у дунёнинг барча-барчасидан бўладиган лаънатни ўзига қаратиш — жуда ҳам улкан жазо! Дарҳақиқат, Исломга кириш имкони бўлиб туриб кирмаганлар шундай жазога лойиқдирлар.)
Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтин фидо қилса ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бор. Ва уларга ёрдамчилар йўқ.
(Имоми Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар: «Қиёмат куни дўзах аҳлларидан бирига: «Агарчи Ер юзи тўла нарсанг бўлганда, ўзингни қутқазишга фидо қилармидинг?» дейилади. У, ҳа, дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Мен сендан ундан кўра озроқ нарса сўраган эдим. Отанг Одамнинг зоҳиридалигингда Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингга аҳд олган эдим. Сен бўлсанг, ширк келтирдинг», дейди». Вақти ўтгандан кейин, ҳар қанча сарфланган молдан фойда йўқ. Ундай сарфлашга ҳожат ҳам йўқ. Яхшиси, молни Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлда сарфлаш керак.)
Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.
(Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти. «Бакка» — Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.)
Эй, иймон келтирганлар! Агар китоб берилганлар тоифасига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин сизни кофирликка қайтарадир.
(Аллоҳ таоло бу умматни ботил, бузилган динлар ва тузумларнинг зулмидан Исломнинг адолатига чақириш учун, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига чақириш учун юборди. Шундай сифатларга эга бўлган уммат қандай қилиб йўлдан адашган аҳли китобларга эргашиши мумкин?! Агар аҳли китобларга эргашсалар, улкан бахту саодатдан ажраб, иймондан чиқиб, яна кофирликка қайтадилар.)
Аллоҳнинг оятлари сизга тиловат қилиниб турган бўлса-ю, Унинг Расули ичингизда бўлса-ю, қандай қилиб куфр келтирасиз?! Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят топган бўладир.
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амру маъруф, наҳйу мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир.
(Яъни, умматингиз Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яхшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разолат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди.)
(Модомики осмонлару Ердаги жамики нарсалар Аллоҳники экан, уларни қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади. Бунинг устига, барча ишлар Аллоҳнинг Ўзига қайтарилади. Демак, бу дунё ва охиратнинг ягона ҳокими Аллоҳнинг Ўзидир.)
Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амру маъруф қиласиз, наҳйу мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар.
(Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири — бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.)
Аллоҳ ипи бўлмаса ёки одамлар ипи бўлмаса, уларга қаерда бўлсалар ҳам, хорлик битилди. Уларга Аллоҳнинг ғазаби лозим бўлди ва мискинлик битилди. Бундай бўлишлиги уларнинг Аллоҳнинг оятларига куфр келтиришлари ва Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдиришлари сабабидандир. Бундай бўлишлиги уларнинг осий бўлганлари ва ҳаддан ошганлари сабабидандир.
Яхшилик қилсалар, ҳаргиз инкор этилмаслар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир.
(Яъни, улар яхшилик қилсалар, ҳеч қачон зое кетмайди. Ушбу оятларда аҳли китоблардан иймонга келган мўминларнинг ажойиб сифатлари зикр қилинмоқда. Улар иймонлилар сафидан муносиб ўрин олиб, иймон тақозоси ила ҳаракат қилиб улкан бахт-саодатга эришдилар.)
Уларнинг бу дунё ҳаётида қиладиган нафақалари мисоли ўзига зулм қилган бир қавмнинг экинини уриб ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайдир. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилдилар.
(Яхши экинзор бор. Кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо экинзорнинг эгаси зулм қилди, гуноҳкор бўлди. Шу сабабдан совуқ шамол келиб, экинларини совуқ уриб кетди. Экинзор ҳалок бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Кофирларнинг бу дунёда қилган хайр-эҳсонлари ҳам худди шунга ўхшайди. Сиртдан кўрган одамга савобли иш. Яхшиликка пул-мол сарфлаяпти. Аммо эгасининг иймони йўқ. Бу эса, катта гуноҳ. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай хайр-эҳсон қабул бўлмайди. Унга савоб берилмайди. Совуқ шамол экинзорни ҳалок қилганидек, уларнинг кофирлиги ҳам эҳсонларини бефойда қилади.)
Ҳой, сизлар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизни яхши кўрмаслар. Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у, улар сизларни кўрганда, иймон келтирдик, дерлар, аммо холи қолганларида, сизларга бўлган қаттиқ аччиқларидан бармоқ тишларлар. «Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар», деб айт. Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган нарсаларни билувчидир.
(Мусулмонлар соддаликлари учун ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса, бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди. Мусулмонлар Аллоҳдан тушган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга тушган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир.)
Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар.
(Бу ояти карима Хазраж қабиласига мансуб Бани Салама уруғи ва Авс қабиласига мансуб Бани Ҳориса уруғи ҳақида тушган. Улар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул хафа бўлиб: «Менинг айтганимни қилмай, ёш болаларнинг айтганини қилди», деб жангчиларнинг учдан бирини олиб Уҳуд йўлидан қайтганида, унинг фитнасига учишларига сал қолган эди. Бу эса, мусулмонлар сафининг янада заифлашишига, руҳий ва маънавий тушкунлик келтиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳали уруш бошланмай туриб бундай ишларнинг бўлиши жуда ҳам ноқулай вазиятни вужудга келтирар эди. Лекин бу тоифаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб қолди, иноятига олди.)
Куфр келтирганларнинг бир тарафини кесиш учун ёки хорлаш учун, токи, ноумид бўлиб қайтсинлар.
(Бадр ғазотида мушрикларнинг бошлиқларидан етмиштаси ҳалок бўлди. Бу уларнинг бир тарафидан катта кесилиш эди. Шунингдек, уларнинг катталаридан етмиштаси асирга тушди, хору зор бўлди. Қолганлари эса, шармандаларча, келган жойига қайтди.)
Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз.
(Ҳофиз ибн Касир раҳматиллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ё қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.)
Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар.
(Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлик тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида ва мағфират бобидаги бир оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида тавба қилдим деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.)
Ана ўшаларнинг мукофотлари — Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи, Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас.
(Яъни, бир ундай, бир бундай бўлиб туради. Агар иш бир хилда тураверса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Доимо мусулмонлар ғолиб келаверса, ҳамма ўзини мусулмон деб эълон қилиб юборади. Оқибатда ҳамма аралашиб кетиб, ким ҳақиқий мўмин-мусулмон, ким юзаки эканини одамлар била олмай қоладилар. Қийинчилик, оғир ҳолатларда мўминлар мунофиқлардан ажраб чиқадилар. Шу билан бирга, мўминлар ичида янада олимақомлари — шаҳидлари ҳам ажраб чиқадилар. («Шаҳид»ларнинг иккинчи маъноси гувоҳлардир.))
Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз.
(Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғазот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)
Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар.
(Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу, ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлармиз.
Қанчадан-қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роббонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусийбатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севадир.
(Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир!
(Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг Хожангиз ва Валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра, сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир.
(Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)
Сўнгра, ғамдан кейин сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи Зотдир», деб айт.
(Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, ҳатто фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда: Бу тоифа — иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар. Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.)
Эй, иймон келтирганлар! Куфр келтирганларга ва ер юзида юрган ва ғозий бўлган биродарлари ҳақида, агар бизнинг ҳузуримизда бўлганларида ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар, дейдиганларга ўхшаманг. Буни Аллоҳ қалбларида ҳасрат қилиши учун айтурлар. Аллоҳ тирилтирур ва ўлдирур. Аллоҳ қилган амалларингизни кўрувчи Зотдир.
Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар.
Пайғамбарга хиёнат ҳеч тўғри келмас. Кимки хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келадир. Сўнгра, ҳар бир жон касбига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас.
(Биринчи марта мусулмонлар Бадр урушида ўлжа олдилар. Ўша ўлжа ҳақида мунофиқлар иғво тарқатишди. Бу иғволар орасида шундай ёлғон хабар ҳам бор эдики, у бўхтонга кўра, гўё Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлжаларни ғалул сифатида, яъни махфий равишда, беркитиб олганмишлар. Жумладан, Бадр урушида тушган ўлжадан бир тўп олтин йўқолганида ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни айблашди, у кишидан гумон қилишди. Уҳуд урушида эса, камончиларнинг жойларини ташлаб кетишларига ўлжа дарди сабаб бўлган эди. Ушбу оятда мазкур туҳматомуз шубҳа-гумонлар жуда кескинлик ила рад этилмоқда. Нафақат Муҳаммад алайҳиссалом, балки умуман барча пайғамбарларга хиёнат буткул ёт хислат экани очиқ айтилмоқда.)
Сен: «Сизга мусийбат етган пайтда, ҳолбуки, ўзингиз ҳам икки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзингизнинг ҳузурингиздан!» деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
Ва мунофиқлик қилаётганларни билиш учун етди. Ва уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар ёки мудофаа қилинглар», дейилди. Улар: «Агар жанг бўлишини аниқ билсак, сизга эргашардик», – дедилар. Улар ўша кунда иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Тиллари билан дилларида йўқ нарсани айтурлар. Аллоҳ беркитаётган нарсаларини яхши билувчи Зотдир.
Улар ўз биродарларига ва (урушга чиқмай) ўтирганларга: «Агар бизга итоат қилганларида қатл қилинмас эдилар», – дейишди. Сен: «Агар гапингиз рост бўлса, ўзингиздан ўлимни қайтариб кўринг-чи», деб айт.
(Мунофиқлар ўз биродарларига ва урушга чиқмай уйда ўтирганларга ўзларини ҳақ кўрсатиб, айбни жанг қилганларга ағдара бошладилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига итоат қилганлари хатолик бўлган. Агар мунофиқларга итоат қилганларида тўғри бўлар эмиш. Бу даъво тагида ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлишини инкор этиш ётади.)
Улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан ўзларига қўшилмаган биродарларига, уларга хавф йўқлигининг ҳамда хафа ҳам бўлмасликларининг хушхабарини бермоқдалар.
Улар Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслигининг хушхабарини бермоқдалар.
(Ушбу оятлар Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб қурбон бўлган бандалари мақомларининг баёнидир. Уларни «ўликлар» деб ҳисобламасликка амр, улар тирик эканликлари ва Роббилари ҳузурида ризқланаётганларининг хабаридир. Демак, шаҳидлар ҳақидаги тасаввур шундай бўлиши керак.)
Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», – дедилар.
(Яъни, ўша мўминларга баъзи кишилар келиб, қурайшликларнинг уларга қарши кўп куч тўплаганларини айтиб, улардан қўрқинглар, деганида, мўминлар қўрқиш ўрнига, иймонлари зиёда бўлди. Шу билан бирга, «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ўз саҳобаларидан бирига: «Бошингга оғир иш тушганда, «Ҳасбияллоҳу ва неъмал вакийл», дегин», деганлар.)
Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
(Улар Аллоҳга таваккал қилиб, Уни ўзларига кофий вакил билиб чиққан эдилар. Бас, бу урушдан зиён кўрмасдан, Аллоҳнинг неъмати, фазли ва розилигига сазовор бўлган ҳолда қайтдилар.)
Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар.
(Яъни, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар, деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз дўстларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганларни сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.)
Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир.
Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
(Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз.
(Яҳудийлар доимо Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон тасаввурда, ноҳақ ақидада бўлганлар. Улар мўътабар ҳисоблайдиган китобларида ҳам бу нарса ўз аксини топган. Бўлмаса, Аллоҳ камбағал, биз боймиз, дейишармиди? Аллоҳ уларнинг бу беодоб гапларини эшитмайди, деб ўйлашади. Аммо улар нотўғри ўйлашади. Қиёмат куни фаришталар Аллоҳнинг номидан уларга: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» дейдилар.)
Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас.
(Қиёмат кунида заррача яхшилик ҳам, заррача ёмонлик ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар бир инсонга қилганига яраша мукофот ёки жазо тўлиғича берилади. Ана ўшанда ҳақиқий ютуққа эришган киму, мағлубиятга учраган ким экани маълум бўлади.)
Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир.
(Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса, шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.)
Аллоҳ китоб берилганлардан, уни одамларга албатта баён қилурсиз ва беркитмассиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон!
(Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)
Роббимиз, биз нидо қилувчининг «Роббингизга иймон келтиринг!» деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.
Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан», дерлар.
(Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатга олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади. Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.)
Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!
(Бу дунёнинг қизиқ ишларидан бири шуки, мўминлар, аброрлар азоб-уқубатга дучор бўлиб, юртларидан ҳижрат қилиб чиқиб ёки ҳайдаб чиқарилиб ёки қамоқларга ташланиб, Аллоҳнинг йўлида азиятлар чекиб турган бир пайтда, кофирлар кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезадилар. Ҳаммага ўзларини кўз-кўз қиладилар. Бу ҳолат мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин. Ушбу оят ана шунақа алдовга берилиб қолмасликни мўминларга Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом орқали тайинламоқда.)
Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳдан зиёфатдир. Аллоҳ ҳузуридаги нарса аброрлар учун яхшидир.
(Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари курашида мўминларнинг сабри ғолиб келиши керак. Буни шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади. Биз «курашга бел боғлаб туринг» деб таржима қилган ибора эса, «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини беради.)
Firo maanaaji al-quraan tedduɗo oo - Firo osikiiwo - Muhammad Saadik - Tippudi firooji ɗii
Firo maanaaji al-quraan tedduɗo oo fayde e ɗemngal usuki, firi ɗum ko Muhammad Saadiq Muhammad Yuusuf. Muulngo hitaande 1430 fergo ngo feewnitaa ko e njiimaandi hentorde kanngameeji firo, ina newnaa e ƴellitaade e firo asliiwo ngoo ngam hollirde yiyannde e horde e ƴellito duumiingo
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Njeñtudi wiɗto ngoo:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".