Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У зот сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга улуғ куннинг азоби бўлишидан қўрқаман.
Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир.
У сизлардан қайсингизнинг амали яхшироқ эканини синаб кўриш учун олти кунда осмонлару ерни яратди. Ўшанда Арши сув устида эди. Агар сен: «Сизлар ўлимдан кейин албатта қайта тирилтириласизлар», десанг, куфр келтирганлар, албатта: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар.
(Бу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг таърифи давом этмоқда. Аллоҳ осмонлару Ерни олти кунда яратган Зотдир. Бу ҳақда ўтган Юнус сураси тафсирида батафсил гапирилган. Ушбу оятда эса, осмонлару Ерни яратишдан мақсад одамлардан қайсилари яхшироқ амаллар қилишини синаб кўриш эканлиги таъкидланмоқда. Шунингдек, Аллоҳнинг арши ва унинг турган жойи ҳақида ҳам маълумот келмоқда: Демак, Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратган вақтда унинг арши сув устида бўлган экан. Шунинг ўзини билишимиз кифоя. Аллоҳнинг арши бор экан. Ўша пайтда бу арш сувнинг устида турган экан. Бўлди, бундан бошқаси ортиқча. Бунақа ғайбиётга тегишли масалалар атрофида овора бўлиб, вақт ва ақл-заковотни беҳуда сарфлагандан кўра, кўпроқ яхши амалларни қилиб, синовдан яхши ўтишга уринган маъқул.)
Агар Биз улардан маълум муддатгача азобни кечиктирсак, улар албатта: «Уни нима тўхтатиб турибди?» дерлар. Огоҳ бўлингларким, у келган кунда улардан қайтарилмас ва уларни ўзлари истеҳзо қилиб юрган нарса ўраб олур.
Эҳтимол, сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар. Сен огоҳлантирувчисан, холос. Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир.
(Албатта, кофир ва мушриклар қанчалик шаккоклик қилмасинлар, қанчалик таклифлар киритмасинлар, Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг эътиқодларига зарар етказа олмайдилар. У киши Қуръоннинг баъзисини тарк этмоқчи ҳам бўлмайдилар, ундан юраклари сиқилмайди ҳам. Аммо бу оят у кишига ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келмоқда. Яъни, мушриклар қанчалар ёмонлик қилсалар ҳам, сизлар сабр қилинглар, сиқилманглар, демоқда.)
Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.
(Мушрикларнинг аввалги оятда келган «Пайғамбарга хазина туширса ёки у билан бирга фаришта ҳам пайғамбар этиб юборилсагина унга эргашамиз», деган мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар: «Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дейдилар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. «Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.)
Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга Ўша (Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби имом ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига(куфр келтирадилар)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирурлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар.
(Қуръони Каримдан олдин Мусо алайҳиссаломнинг китоби Таврот ҳам имом ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг охирзамон пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?! Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Албатта, Пайғамбармиз алайҳиссалоту вассалом ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади.)
Ана ўшалар ер юзида қочиб қутулувчи бўла олмадилар, уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади, азоб бир неча баробар қилинур. Улар эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам.
Бу икки гуруҳнинг мисоли худди кару кўр ҳамда эшитувчи ва кўрувчига ўхшайдир. Улар бир-бирларига баробар бўла оладиларми? Ибрат олмайсизларми?
(Кофир билан мўминнинг орасида Ер билан осмонча фарқ бор. Кофир кўр ва кар одамга ўхшайди. Мўмин эса, кўзи, қулоғи бутун, ҳам кўриб, ҳам эшитадиган одам кабидир. Куфри туфайли қалб кўзи кўр, ибрат қулоғи кар бўлиб қолган кофир бу дунёнинг ҳақиқатини кўролмайди, эшитолмайди. Ҳамма ёққа урилиб, туртилиб-суртилиб юради. Иймони сабабли қалб кўзи ва ибрат қулоғи очиқ бўлган мўмин эса, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, яхши йўлни танлаб, тўғри ва шахдам юради.)
Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сенинг ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар.
(Нуҳ алайҳиссаломнинг гапларига қавм номидан уларнинг корчалонлари, оғзи ботир зодагон бошлиқлари жавоб берди. Диққат билан разм солсак, уларнинг жавоблари барча кофир, саркаш қавмларнинг ўзларига келган пайғамбарларга берган жавобларига ўхшашини кўрамиз: Уларнинг фикрича, камбағал кишилар пасткаш ва ақли оз ҳисобланади. Шунинг учун камбағал бўлиб қолган, дейишади. Ўша камбағаллар аралашган ҳар бир ишга хосиятсиз иш деб қарашади. Аслида эса, камбағалларнинг қалбини бойлик, айшу ишрат ва мутакаббирлик бузмагани учун улар илоҳий даъватларга тез жавоб берадилар. Буни бой-зодагонлар тамоман тескари тушунадилар.)
У: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлган бўлсам ва У менга Ўз ҳузуридан раҳмат берган бўлса-ю, сизга махфий қолган бўлса, уни сизга, агар ёқтирмасангиз ҳам, мажбурлаймизми?!» деди.
«Эй қавмим, бу (даъватим) учун сиздан мол сўрамасман. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман. Албатта, улар Роббиларига рўбарў бўлувчилардир. Аммо мен сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўрмоқдаман.
(Эй қавмим, менинг сиз учун куюнаётганимни ўзингизча ҳар хил тушунманг. Мен сизларнинг иймонли бўлиб, саодатга эришишингизни истайман, холос. Ажрни Аллоҳ беради, сиз бермайсиз, хавотирланманг. Сенга пасткашларгина эргашаётганини кўряпмиз, деганингиз учун, сизларга ёқиш мақсадида ёки сизларни рози қилиш учун: «Мен иймон келтирганларни қувловчи эмасман». Мен учун бой-камбағал барибир, муҳими, иймон келтириш. Ҳамма гап иймонда. Шунингдек, улар мен учун иймон келтирган эмаслар, уларнинг иймон келтиришлари Аллоҳга боғлиқ. Қадр-қийматни пул-мол билан ўлчаб юрибсиз. Одамлар Роббиларига рўбарў келишларини англамай, жоҳиллик қилмоқдасиз.)
Улар: «Эй, Нуҳ, батаҳқиқ, сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг. Энди, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.
Ва агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни хоҳлаганим билан, насиҳатим сизларга манфаат бермас. У сизнинг Роббингиздир ва Унга қайтарилурсиз», деди.
У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек, сизни масхара қилурмиз.
Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма) ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди.
(Нуҳ алайҳиссалом оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар — хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди. Ҳа, Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт — эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.)
Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди.
(Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб: «бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», дедилар.)
У зот: «Эй Нуҳ, албатта у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди.
(Унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади. Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга — жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутқазишга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.)
«Эй Нуҳ, Биздан Сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга бўлган тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни Биздан бўлган аламли азоб тутар», дейилди.
Ана шу ғайб хабарларини сенга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сен ҳам билмас эдинг ва сенинг қавминг ҳам. Бас, сабр қил, албатта, оқибат тақводорларникидир.
(Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг қавмлари аллақачон ўтиб кетган. Уларнинг хабарини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, у кишининг қавмлари, Арабистон аҳолиси ҳам билмас эдилар. Лекин ана шу одамларга ваҳий йўли билан номаълум нарсаларнинг хабари — Нуҳ алайҳиссалом ва у зотнинг қавмлари хабари келди.)
Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз.
Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир.
(Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ. Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман. Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.)
Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчи Зотдир», деди.
Ва уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат эргашур. Огоҳ бўлингким, албатта, одликлар Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Ҳуд қавми Од йўқолсин!
(Од қавми Аллоҳнинг йўлига юрмай, ҳар хил золим ва саркашларга эргашганлари учун уларга бу дунёю охиратда лаънат айтилади. Шу билан, Од қиссаси ҳам тамом бўлди. Бу қиссада оғир пайтларни бошларидан кечириб турган Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломга ва у зот билан бирга бўлган оз сонли мусулмонларга тасаллилар бор.)
Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди.
У: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю, мен Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар.
Амримиз келган пайтда Ўз раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик ва ўша куннинг шармандалигидан қутқардик. Албатта, Роббинг, Унинг Ўзи кучли ва азиздир.
Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар. Улар: «Салом», дедилар. У: «Салом», деди. Ва кўп ўтмай қовурилган бузоқ келтирди.
(Ҳуд қиссаларидан фарқли ўлароқ, Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари бошидан эмас, балки бир кўриниши келтирилмоқда. Бу эса, Лут алайҳиссалом қиссасига кириш учундир.)
Уларнинг қўллари у(таом)га етмаётганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида хавфсиради. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дедилар.
(Фаришталар одам суратида келган эдилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом саҳроликларнинг меҳмондўстликлари асосида уларни зиёфат қилишга шошилдилар. Тезда пиширилган бузоқ гўштини олиб келиб, меҳмонлар олдига қўйганларида фаришталар таом емасликлари сабабидан унга қўл узатмай ўтиравердилар. Бу ҳол Иброҳим алайҳиссаломга ғалати кўринди ва улардан хавфсирай бошладилар.)
Тик турган хотини кулди. Бас, Биз у(хотин)га Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик.
(Иброҳим алайҳиссаломнинг фаришталар билан қилаётган суҳбатларини тик туриб эшитаётган у кишининг аёллари, фаришталарнинг Лут қавмига азоб олиб кетаётганини эшитиб кулдилар. Лекин у аёлга аталган бошқа гап бор эди.)
Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй, аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк Зотдир», дедилар.
Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазаррули ва У зотга тез қайтувчидир.
(Фаришталарнинг мақсадларини билгандан сўнг Иброҳим алайҳиссаломдан қўрқинч кетди. У кишига фаришталар келтирган хушхабар етди. Лекин у киши фаришталар хушхабар келтиргани билан бирга Лут қавмидан ташвишга тушиб, улар ҳақида тортиша бошладилар.)
Элчиларимиз Лутга келган пайтларида, у уларни (кўриб) ёмон ҳолга тушди ва қўл-оёғи бўшашди ҳамда: «Бу қийин кундир», деди.
(Чунки Лут алайҳиссалом қавмининг жинояткор эканини яхши билардилар. Улар дунёда ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилаётган эдилар. Бу золим қавмга Аллоҳнинг азоби келиши муқаррар эди. Аммо қачон келишини ҳеч ким билмас эди. Жумладан, Лут алайҳиссалом ҳам. Аммо ҳузурларига Аллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар келганида Лут алайҳиссалом қавмига азоб келганини англадилар.)
Қавми унга шошилиб, ҳаллослаб етиб келди. Улар бундан олдин гуноҳлар қилар эдилар. У: «Эй қавмим, анаву қизларим сизлар учун покроқ-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқинг! Меҳмонларим ҳақида мени шарманда қилманг. Ичингизда бирорта тузукроқ одам йўқ-ми?!» – деди.
(Мазкур қавм баччабозлик қилардилар. Лут алайҳиссаломнинг меҳмонга ёш йигитларнинг келишидан ёмон ҳолга тушишлари ва қўл-оёқлари бўшашишлари ҳам, юқорида айтиб ўтилганидек, шу боисдан эди. Қавмнинг нияти кўринишидан маълум эди.)
Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир.
(Лут қавми истиқомат қилган диёрлар беш шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб номланган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устин қилиб ташлаганидан сўнг, устидан лойи қотиб қолган тош ёғдирган.)
У: «Эй қавмим, хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи ва мени Ўзи тарафидан яхши ризқ ила ризқлантирган бўлса-чи?! Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламайман. Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман.
(Аввалги гапларингизни ўйламай, шошилиб, бебошларга қўшилиб айтиб қўйган бўлишингиз мумкин. Аммо энди ўйлаб кўриб, шошилмасдан, ақлни пешлаб туриб, «хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи?!» Унда нима деган одам бўласиз? Менинг пайғамбарлигим ҳақ. Мен ўзим биламан. Аллоҳ менга ваҳий юборади, амр қилади. Мен одамларга етказаман. Мени инкор қилаётганингиз нотўғри. Сизларни тижоратда ҳалол бўлишга, одамларнинг ҳаққини уриб қолмасликка, иқтисодий муомалаларда адолат қилишга даъват этишимни нотўғри тушунманглар. Бунинг орқасида бирор манфаат қозонмоқчи эмасман. Аллоҳ таоло менга яхши ризқни бериб қўйган.)
Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусийбатга ўхшаш мусийбат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас.
(Яъни, Нуҳ, Ҳуд, ва Солиҳ қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг. Чунки ўша қавмлар пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу хилда давом этаверсангиз, худди ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап. Улар яшаган жойлар сизга яқин. Улар яшаган замон ҳам сиз яшаётган замондан узоқ эмас. Ибрат олинглар. Ҳали ҳам вақт бор. Ўзингизни ўнглаб олишингиз мумкин.)
Улар: «Эй Шуъайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик ва биз сени ичимизда заифҳол кўряпмиз, агар одамларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик. Сенинг ўзинг биз учун қимматли эмассан», дедилар.
Эй қавмим, имконингиздаги амални қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман. Кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини тезда биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар ила кутувчиман», – деди.
Амримиз келган пайтда Шуъайбга ва у билан бирга иймонга келганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик. Зулм қилганларни эса, қичқириқ тутди ва диёрларида тўкилдилар.
Худди у ерда яшамаганлардек. Огоҳ бўлингким, худди Самуд йўқолгандек, Мадян ҳам йўқолди.
(Мадян аҳлини ҳалок этиш учун тайин қилинган вақт келиб, амримиз етганида, одатдагидек, пайғамбаримиз Шуайб ва у билан бирга бўлган мўминларга нажот бердик. Зулмкор бўлган кофирларни эса, биз томондан келган бир қичқириқ тутди ва ҳаммалари турган жойларида тўкилиб қолдилар. Худди Ер юзида яшамагандек адо бўлдилар. Шуайб алайҳиссаломнинг қавми Мадян аҳли ҳам, Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми Самуд каби, йўқолди, узоқ бўлди.)
У қиёмат куни қавмининг олдига тушиб, уларни дўзахга бошлаб келтирур. У жой қандай ҳам ёмон тушиш жойидир.
(Биз «тушган жойи» деб таржима қилган сўз ояти каримада «сув ичгани тушган жойи» деган маънони англатувчи «ал-вардул мавруд» ибораси ила келган. Қавм бу дунёда Аллоҳ таолонинг амрини қўйиб, Фиръавнга эргашгани учун қиёмат куни ҳам унга эргашадилар. У эса, иссиқда куйиб-ёнган қавмни, сув ичишга бошлаб бораман, деб ҳаракат қилади-ю, олиб борган жойи дўзахнинг қаъри бўлади. У қандай ҳам ёмон жой.)
Улар, модомики, осмонлару ер бор экан, унда абадий қолурлар. Магар Роббинг хоҳласа, (абадий қолмаслар). Албатта, Роббинг нимани хоҳласа, қилгувчи Зотдир.
(Яъни, улар дўзахда абадий қолурлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, баъзиларини озод этиши мумкин. Чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилгувчи Зотдир.)
Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик. Бас, у ҳақида ихтилоф қилинди. Агар Роббингдан ўтган сўз бўлмаганида, ораларида ҳукм чиқарган бўлар эди. Ва, албатта, улар ундан шак-шубҳададирлар.
Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир.
(Яъни, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ва мўминлар тўғри йўлда — Аллоҳнинг динида собит турмоқликлари, бардавом бўлмоқлари лозим. Улар ҳаддан ошиб, туғёнга кетиши мумкин эмас. Агар мустақийм турмасангиз ва туғёнга кетсангиз, ўзингизга қийин бўлади. «Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир».)
Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир.
(Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган. Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир. Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор.)
Роббинг раҳим қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомийла тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди.
(Чунки улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Магар Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз Аллоҳнинг айтганларида юрадилар. Жаҳаннамни тўлдириш учун ихтилоф қилганлар етарлича топилади.)
Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
検索結果:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".