(Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «Ҳурифул муқатаот" кесик ҳарфлар десалар, бошқалар «Ҳурифул ҳижои" алифбо ҳарифлари дейдилар, учинчилари эса, «Фавотуҳус суар" сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: «Бу Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир», дейдилар. Бошқа бирлари эса, уларга ўзларича маъно йўйганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби — улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир.)
Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар.
(Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат — Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.)
Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек иймон келтиринглар, дейилса, «Эси пастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?» дерлар. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эси пастлардир ва лекин ўзлари билмаслар.
Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дерлар, шайтонлари билан холи қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз, холос, дерлар.
Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда улар ҳидоят топганлардан бўлмадилар.
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонат топширилса, хиёнат қилади», деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади», дейилган.)
Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёришган пайтда юришар, қоронғи бўлса, тўхташар. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кетказур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)
У сизларга ерни тўшаб, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир. Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг.
Ва агар бандамизга туширган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг.
Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дерлар. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга у ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар.
(Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчи хабарини беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)
Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини билурлар. Аммо куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилди?» – дерлар. У ўша билан кўпчиликни залолатга кеткизар ва кўпчиликни ҳидоятга солар. У ўша билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизар.
Улар Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир.
(Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам Ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)
Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки, жонсиз эдингиз, У сизга жон берди, сўнгра жонингизни оладир ва яна тирилтирадир ва сизлар Унга қайтажаксизлар.
У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.
(Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим. Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!)
Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», – дедилар. У: «Мен сиз билмаганни биламан», – деди.
(Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг Ер юзидаги ўринбосари-халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.)
«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», – деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», – деди.
(Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон Ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.)
Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
(Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни — Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади.)
Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», – дедик.
Шайтон уларни ундан оздирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: «Баъзингиз баъзингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир», – дедик.
Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг.
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир.
(Биз ёрдам сўранг деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну" деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.)
Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!
(Ўша пайтларда пайғамбарлик, илоҳий китоблар ва бошқа афзалликлар Бани Исроилга берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни лаънатлади, ғазаб қилди, хорлик ва зорликни раво кўрди.)
(Бани Исроилни Мусо алайҳиссалом Мисрдан олиб чиқиб кетаётганларида, Фиръавн одамлари билан қувиб келиб қолади. Шунда Аллоҳ денгизни иккига бўлиб йўл очади ва Бани Исроил ўтиб оладилар. Ортларидан Фиръавн одамлари билан тушганда, Аллоҳ уларни ғарқ қилади.)
Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (худо) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг, шундоқ қилмоғингиз сизни бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, У тавбангизни қабул қилди. Чунки У тавбани кўплаб қабул қилувчи ва раҳимли Зотдир», деганини эсланг.
(Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бани Исроил табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди.)
Ва булутни устингиздан соя солдириб қўйдик, сизга манн ва беданани туширдик. Ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар. Бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилардилар.
(Ибн Касирнинг айтишларича, «Манн» ўзини еса, таом ва ширинлик, сувга қўшиб ичса, ичимлик бўладиган нарсадир. Уни бошқа нарсаларга қўшса ҳам бўлаверади.)
«Ушбу қишлоққа кирингиз ва унинг хоҳлаган жойида енглар, еганингиз ош бўлсин ва эшикдан таъзим билан, ҳиттатун, деб киринг, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсланг.
(Ушбу оятда, «Ушбу қишлоққа кирингиз», деган жумладаги «қишлоқ»дан мурод — Қуддуси шарифдир. Узоқ замонлар Мисрда ватангадо бўлиб юрган Бани Исроилга Аллоҳ таоло ватан ато қилиб, «қишлоққа кирингиз», деяпти. Бунинг устига яна: «Хоҳлаган жойингизда еб-ичинглар, еганларингиз ош бўлсин», деб катта марҳамат кўрсатяпти. Шу билан бирга, қандай ҳолда кириш лозимлигини ҳам ўргатди. Эшикдан сажда қилиб, яъни одоб билан, «ҳиттатун» деган сўзни айтиб киринг, дейилди. «Ҳиттатун» дегани — афв эт, гуноҳимни кеч, деган маънони англатар экан. Бани Исроил агар қишлоққа сажда қилиб, гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳ ўргатган сўзни айтиб кирсалар, Парвардигор уларга мағфират ваъда қилди. «Сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қилиб берамиз», деди.)
Бас, зулм қилганлар уларга айтилган сўзни бошқасига алмаштирдилар. Биз зулм қилганларга фисқ қилаётганлари учун осмондан азоб туширдик.
(Бани Исроил яна бузғунчилик қилди. Аллоҳ таоло ўргатган «ҳиттатун» сўзи ўрнига бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Бани Исроилга, эшикдан таъзим қилиб, ҳиттатун, деб киринглар, дейилган эди. Улар думбалари билан судралиб, сўзни алмаштириб, ҳаббатун фи шаъратин, деб кирдилар», дедилар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, улар ҳам амалда, ҳам сўзда хилоф қилганлар. Сажда (таъзим) қилиб киринглар, дейилса, думбалари билан судралиб кирганлар. «Ҳиттатун» деб айтинглар, дейилса, «ҳаббатун фи шаъратин», яъни арпа дони ичидаги бир дона дон, дейишган. Уларнинг бу ишлари ҳам зулм, ҳам фисқ — Аллоҳнинг амридан чиқиш эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга осмондан азоб туширди.)
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, ўшаларга Роббилари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
(Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар» — Бани Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси — Аллоҳга қайтган, иккинчиси — Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» (ёрдам берувчилар) деб ном олганлар. «Собиийлар» деб Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳлари ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган, яъни оталарининг динидан бурилганлар, деганидир.)
Биз бу (ҳодиса)ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик.
(Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш. Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида, хилоф иш тутиш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.)
Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», – дедилар. У: «У Зот, қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти. Бас, буюрилган нарсани бажаринг», – деди.
«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», – дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтирур ва оят — аломатларини сизга кўрсатур. Шоядки, ақл ишлатсангиз.
Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқадир, баъзилари ёрилиб, ундан сув чиқадир ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушадир. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас.
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.)
Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин, билиб туриб бузар эдилар.
(Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.)
Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дерлар. Баъзилари баъзилари билан холи қолсалар, уларга: «Аллоҳ сизга очган нарса ҳақида Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун гапиряпсизми? Ақлни ишлатмайсизми?» дерлар.
(Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишидан умидвор бўлса бўладими? Улар иккиюзламачи қавмдир. Мусулмонлар билан учрашиб қолганда, иймонга келдик, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлдик, дейишади. Чунки Тавротда у киши ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг пайғамбар бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди... Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида, бу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.)
Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар холос.
(Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири — залолатга кетган уламолар.)
Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!
(Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо — дунё ва унинг нарсаларидир», деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)
(Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси — Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик — аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар — боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.)
Сўнгра, сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар улар асир бўлсалар, қутқариб оласиз. Ва ҳолбуки, уларни чиқариш ҳаром эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшандоқ қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлишликдир, қиёмат кунида эса, энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётганингиздан ғофил эмас.
Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан(мўъжиза)ларни бердик ва уни Руҳул Қудус билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавойи нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!
Ва улар: «Қалбимиз ғилофланган», дейишар. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирурлар.
(Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтишар эдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулки, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни раҳматидан қувиб, ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабабдан улар иймонга кела олмайдилар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.)
Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқловчи китоб келганда, ва ҳолбуки, кофирларга қарши (ундан) ёрдам кутардилар. Бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда, унга куфр келтирдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин.
(Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, яҳудийлар Авс ва Хазраж қабилаларига қарши, яқинда бизнинг китобларимиз хабарини берган Пайғамбар чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонамиз, дер эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбарни араблар ичидан танлаб юборгач эса, у кишига куфр келтирдилар. Аввалги гапларини ўзлари инкор қилдилар. Шунда Муоз ибн Жабал, Башир ибн ал-Барраа ибн Маъруф ва Довуд ибн Саламалар уларга қарата: «Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмон бўлинглар! Биз ширк аҳли бўлган давримизда, бизга қарши у кишидан ёрдам топишингизни айтар эдингизлар. У кишининг пайғамбар қилиб юборилиши хабарини берар эдингизлар. Сифатларини айтиб берар эдингизлар», дедилар. Бунга жавобан Бани Назийр яҳудийларидан Салом ибн Мушкам дегани: «У биз билган нарсани олиб келди. Биз сизга айтган бу эмас», деди.)
Сиздан аҳду паймонингизни олиб, устингизга Турни кўтариб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деганимизни эсланг. Улар: «Тингладик ва исён қилдик», дедилар. Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ ўрнаштирилди. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, сизнинг иймонингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!»
(Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларни назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деб айтган эди. Иймони бор халққа шу етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик», дейишди, аммо амаллари билан, «исён қилдик», дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.)
Улар қўллари тақдим қилган нарсалар сабабидан, уни абадий орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчи Зотдир.
(Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)
Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суядир. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармас. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.
Жаброилга душман бўлганларга айт, албатта, Ул у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди.
(«Жиброилга душман бўлганлар» — яҳудийлардир. Улар Жиброил фариштани ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)
(«Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)
Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна — синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!
(Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима — кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)
Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Роббингиздан яхшилик туширилишини ёқтирмаслар. Ва ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми?
(«Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)
Ва улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмас», – дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг», – деб айт.
Йўқ! Кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
(Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, «Робби ҳузурида ажр бордир». Яна унга келажакда хавф йўқ. Яна у бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. Булар Аллоҳнинг ваъдаларидир ва муҳаққақ, шундай бўлгусидир.)
Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Ва ҳолбуки, улар китоб тиловат қилурлар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, қиёмат куни ораларида Аллоҳ улар ихтилоф қилган нарса ҳақида ҳакамлик қиладир.
(Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар», деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар. Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир.
Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир.
(Бутун Ер юзи — мағрибу машриқ мусулмонлар учун масжид қилинган. Чунки Ер юзи Аллоҳ таолоники. Унга ибодат қилмоқчи бўлган одам ҳар жойда ибодат қилаверса бўлаверади.)
Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ биз билан гаплашса эди ёки мўъжиза келса эди», дейишди. Улардан олдингилар ҳам уларнинг сўзига ўхшаш гапирган эдилар. Қалблари ўхшаш бўлди. Батаҳқиқ, Биз яхши билувчи қавмларга мўъжизаларни баён қилганмиз.
Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча ҳеч-ҳеч рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир», деб айт. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, сени Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтирадир. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар ўзлари ютқазганлардир.
«Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсла. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик.
Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла. У: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» – деди.
(Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)
Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг Азийз ва ҳикматли зотсан.
(Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги дуоларни ҳам қилиб олдилар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам ўзинг ўргат, маъноси бўлади.)
Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг Илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг Илоҳига, ёлғиз Илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!
Улар бир уммат эди, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўладир. Уларнинг қилган амалларидан сиз сўралмассиз.
Улар: «Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз», дерлар. «Балки, Иброҳимнинг ҳаниф миллатига (динига) эргашамиз ва у мушриклардан бўлмаган», деб айт.
(Яҳудий ва насронийларнинг гапи битта: униси, яҳудий бўлинг, ҳидоят топасиз, деса, буниси, насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дейди. Бунга жавобан эса, Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга: «Яхшиси ҳаммамиз — сизлар ҳам, биз ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф миллатига эргашайлик», дейишни буюрмоқда. «Ҳаниф» дегани барча ботил динларни ташлаб ҳақ дин томон бурилишни англатади.)
Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз».
(Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод — Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.)
Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топарлар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмаслар. Аллоҳ сенга улар (ёмонлиги)дан кифоя қилур. Ва У эшитувчи, билувчи Зотдир.
Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз.
(Оятдаги «бўёқ» калимаси рамзан динни англатади. Инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган нарса диндир. Ҳақиқий диндор шахсда унинг аломатлари яққол кўзга ташланиб туради. Шу маънода, инсон агар гўзал бўлиш учун турли бўёқлардан — дин ва тузумлардан бирини танлаши лозим бўлса, нимани танлаши керак? Албатта, ҳеч қандай гап-сўзсиз, Аллоҳнинг бўёғини (динини) тутиши лозим. Чунки Аллоҳнинг бўёғидан (динидан) ўзга чиройлироқ бўёқ йўқ!)
Айт: «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?! Ва ҳолбуки, У бизнинг Роббимиз ва сизнинг Роббингиз, бизнинг ўз амалларимиз бор, сизнинг ўз амалларингиз бор. Ва биз Унга мухлисмиз».
Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин. Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўладир. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмассиз.
Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳимлидир.
(Аллоҳ таоло мусулмонларни ўрта уммат қилган. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. «Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.)
Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, унда, албатта, золимлардан бўлурсан.
(Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтириляпти: уларга ҳужжат-мужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар, дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи эканлиги кўриниб турибди.)
Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танирлар. Ва, албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб ҳақни беркитарлар.
(Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки бола унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди аксини топган. Баъзи ҳолларда боланинг ўзи у ёқда турсин, ҳидидан ҳам танийди. Шунга қиёсан зарбулмасал қилиб айтиляптики, «Китоб берилганлар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар». Чунки уларнинг муқаддас китоблари Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Яҳудийлардан инсофлилари ўша хабар асосида Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, саҳобалик бахтига муяссар бўлганлар. Лекин аҳли китоблардан бир гуруҳлари ҳақни билиб туриб, ҳасад қилишиб, беркитадилар. Шу жумладан, қибла ҳақидаги илмни ҳам. Улардаги мавжуд ҳасад ва ҳақ доимо ўзини кўрсатиб туради.)
Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга боқадир. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
(Демак, мўмин-мусулмон банда мазкур қийинчиликларни енгиш учун катта миқдордаги сабрга эга бўлиши керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, гоҳида сабр ҳам тугаши, сусайиши мумкин, бундай ҳолатда намоз ёрдамга келади. Намоз битмас-туганмас ёрдамчи, кучга-куч, қувватга-қувват бахш этувчи, қалбга мадад берувчи, сабрга-сабр қўшувчи, сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. У ожиз, заиф одамни қувват ва ёрдамнинг асл манбаи бўлмиш Аллоҳ таолога боғловчи воситадир.)
Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир.
(Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.)
Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчидир.
(Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)
Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни — ўшаларни Аллоҳ лаънатлайдир. Ва лаънатловчилар лаънатлайдир.
Магар тавба қилиб, аҳли солиҳ бўлиб, баён қилганларнинг, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман. Ва Мен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳимлидирман.
Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор.
(Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару Ерни ким яратган? Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ. Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган? Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми? Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?)
Ва эргашганлар: «Қани энди бизга бир ортга қайтиш бўлса эди, биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонар эдик», дерлар. Шундай қилиб, Аллоҳ уларга амалларининг ўзларига ҳасрат бўлганини кўрсатур. Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар.
(Қиёматдан бир кўриниш: ҳамма ўзи билан овора, биров билан бировнинг иши йўқ. Пешволар, бошлиқлар, бу дунёда бошқаларни ўз ортидан эргаштириб юрганлар ўзларига эргашганлардан тонадилар. Чунки ўзининг иши чатоқ бўлиб турганда, бошқанинг ташвиши ортиқча бўлади уларга. Азобни кўргач, ораларидаги барча боғланишлар, алоқалар, яқинликлар кесилади.)
Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар.
(Аллоҳ таоло бу ояти каримада кофирларни чўпонни овозини эшитиб, маъносини тушинмайдиган чорва ҳайвонларига, пайғамбарларни уларни ҳайдаб юрувчи чўпонга ўхшатмоқда.)
Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур бўлса-ю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимлидир.
(Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.)
Албатта, Аллоҳ китобда туширган нарсани беркитганлар ва уни озгина баҳога сотганлар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бор.
(Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши: «Ушбу оят яҳудийларнинг Каъб ибн Ашраф, Молик ибн ас-Сойф ва Ҳаййи ибн Ахтобга ўхшаш бошлиқлари ҳақида тушган. Улар ўзларига эргашганлардан ҳадялар олар эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг, мазкур манфаатлардан маҳрум бўлишдан қўрқиб, у киши ҳақидаги ҳақиқатни беркитдилар», дедилар.)
Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган эди. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадирлар.
(Қўлларидаги ҳидоят ва мағфиратни бой бериб, қаттиқ азобга дучор бўлишларининг сабаби — улар «Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган»ини тан олмадилар. Ҳолбуки, бу ҳақ китобга амал қилиб, бахт-саодатда яшасалар бўлар эди. Аммо улар Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф қилдилар, тубсиз талашув ва туганмас ихтилоф гирдобига тушиб қолдилар. Оқибатда мазкур азобларга дучор бўлдилар.)
Эй, иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин. Бу, Роббиларингиздан енгиллик ва раҳматдир. Ундан кейин ким душманлик қилса, унга аламли азоб бор.
(Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қасос олишда адолат бўлишини, ҳаддан ошмасликни уқдириб, «ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл», деб тушунтирмоқда. Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур.)
Сизларга қасос олишда ҳаёт бор. Эй, ақл эгалари! Шоядки, тақводор бўлсангиз.
(Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад — ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди.)
Сизларга, бирортангизга ўлим келганда, агар у бойлик қолдираётган бўлса, ота-онаси ва яқинларига тўғрилик билан васият қилиш тақводорларнинг бурчи сифатида фарз қилинди.
(Бу ояти карима мерос ҳақидаги оятдан аввал тушган, кейинчалик мерос ояти тушиб, васият қилмаса ҳам, ўлгандан қолган мол мерос сифатида яқин кишиларга бўлиб берилиши баён қилинди. Ўша оятда кимга қанча тегиши ҳам айтилди. Ота-она меросхўрлар қаторига кирдилар.)
Ким уни эшитгандан сўнг ўзгартирса, бас, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг ўзига бўладир. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.
(Яъни, ўлаётган одамнинг васиятини эшитган одам у ўлгач, васиятини ўзгартириб, мол-дунёсининг васиятга мувофиқ тақсимланмаслигига сабаб бўлса, гуноҳкорлардандир. Гуноҳ васият қилувчи ёки васият қилинган кишига эмас, балки ўша ўзгартирувчининг ўзига бўлади. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир.)
Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ бўлмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир.
(Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)
Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.
Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз.
(Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)
Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар.
(Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра, рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар.
(«Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжидда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)
Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг.
(Имом Қуртубий деганларки: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар».)
Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир, деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, нажот топсангиз.
(Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб тушган оят ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.)
Уларни топган ерингизда қатл қилинг. Ва сизларни чиқарган жойдан уларни ҳам чиқаринг. Фитна қатл этишдан ҳам ёмонроқдир. Масжидул Ҳаром олдида сизга қарши урушмагунларича, сиз урушманг. Агар урушсалар, бас, сиз ҳам урушинг. Кофирларнинг жазоси шундай.
Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир.
(Ояти каримадаги «Аш-шаҳрул-ҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. «Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади. Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди.)
(Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзининг йўлида пул-мол нафақа қилишга амр қилмоқда. Бунга жиҳод учун ҳам, бошқа хайрли ишлар учун ҳам нафақа қилиш киради. «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» жумласида бир неча хил маъно бор. Бири: Аллоҳнинг йўлида нафақа қилмай, ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Яъни, бахиллигингиз ҳалокатга сабаб бўлмасин, дегани. Яна бир маъноси: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади.)
Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига етмагунча, сочингизни олдирманг. Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин. Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда — ҳаммаси ўн кун тўлиқ рўза тутсин. Бу аҳли Масжидул Ҳаромда яшамайдиганлар учундир. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир.
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй, ақл эгалари!
(Ўзига ҳажни фарз қилиш — ҳажни ният қилиб, иҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди. Фисқ — катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш. Жанжал — одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, аччиқ чиқариш. Бу ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул Оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим.)
Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арафотдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни Машъарул Ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг.
(Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта», дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)
Ибодатларингизни тугатганингизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ эсланг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», дейдир ва унга охиратда насиба йўқдир.
Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, сиз албатта Унга тўпланурсиз.
(Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Арафа, қурбонлик ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрами — емоқ, ичмоқ кунларидир», деганлар. Шундан чиқадики, арафа ва қурбон ҳайити кунлари ташриқ кунлари қаторига кирмайди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».)
Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.
(Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади — Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди.)
Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келиши ҳамда ишнинг тугашидан бошқага интизор бўлмаяптилар, шекилли?! Ва барча ишлар Аллоҳга қайтажак.
(Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)
Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қилурлар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ берур.
(Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан-бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди — шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт — охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)
Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи Набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди. У тўғрисида ихтилофни очиқ ҳужжатлар келгандан сўнг, кимга берилган бўлса, ўшаларгина ҳаддан ошиб қилдилар. Иймон келтирганларни ҳақ тўғрисида ихтилоф қилган нарсаларида Аллоҳ Ўз изни ила ҳидоятга соладир. Аллоҳ кимни хоҳласа, тўғри йўлга бошлайдир.
(Аллоҳ ирода қилган тўғри йўл Исломга тўлиғича кириш билан бўлади. Буни амалга ошириш учун шайтоннинг изидан юрганлар, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавою нафс туфайли ҳақ китоб тўғрисида ихтилофга тушганлар билан бўладиган тўқнашувларда ғолиб келиш керак. Улардан бўладиган зулм ва душманликларга чидаш керак.)
Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт.
Сизга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди. Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз.
(Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг жангни ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундоқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда, икки дунёда бахт — саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади. Инсонга ёқмайдиган жанг, нафақа каби нарсалар аслида ўзи учун яхши бўлади. Шунингдек, урушга бормай уйда ўтириши каби ўзига яхши кўринган нарсалар аслида унинг учун ёмонлик бўлиши мумкин. Бундай ишларнинг оқибатини Аллоҳ билади, банда билмайди.)
Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар, агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир.
Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз.
(Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради. Дунёда адолат ўрнатиш, Ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар.)
Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ Азийз ва ҳикматли Зотдир.
(Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтишларича, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.)
Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизга ёқса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизга ёқса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирарлар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эсга олсалар.
(Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади.)
Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер.
(Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим-либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса, аёллар экинзорга ўхшатиляпти.)
Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир.
(Ийлаа — эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. Жоҳилият даврида одамлар хотинидан аччиғи чиқса ёки уни жазоламоқчи бўлса, ийлаа қилиб, унга жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичиб қўяр экан. Шу билан бир-икки йил ёки ундан ҳам кўпроқ бепарво юраверар экан. Аёл бечора азобда қолар экан. Ийлаанинг узоқ вақти айнан тўрт ой бўлишининг ҳикмати шуки, аёл киши эрсиз шу муддатга сабр қила олади. Бундан ўтиб кетса, чидай олмаслик эҳтимоли бор.)
Талоқ қилинган аёллар уч қуръу кутарлар. Агар Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлсалар, улар учун Аллоҳ раҳмларида халқ қилган нарсани беркитишлари ҳалол бўлмас. Ўшанда эрлари уларни, агар ислоҳни ирода қилсалар, ўзларига қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир. Ва эркакларга улардан устун даража бордир. Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир.
(Ушбу ояти каримадаги ҳукм эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган ва талоқ қилинган аёлларга оиддир.)
Бас, агар яна талоқ қилса, бундан кейин у аёл, токи бошқа эрга тегиб чиқмагунча, унга ҳалол бўлмас. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмас. Ушбулар Аллоҳнинг билган қавмларга баён қилаётган чегараларидир.
(Яъни, агар аввалги иккита устига яна бир бор талоқ қилса, жами учта бўлади. Уч талоқ бўлгандан кейин аёл талоқ қилган эркакка ҳалол бўлмайди. Эру хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Фақат бир йўл бор, у ҳам бўлса, у аёл бошқа эрга тегса-ю, у эр билан эр-хотин бўлиб ҳаёт кечириб юрганда, иккинчи эр вафот этиб қолса ёки талоқ қилса, шундан кейингина яна аввалги эри билан қайта турмуш қурса бўлади. «Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, бир-бирларига қайтсалар, гуноҳ бўлмайди», дейилишининг маъноси шу.)
Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир.
(Аллоҳнинг улуғ неъмати — Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборишидир. Ваъз этиб туширган китоби — Қуръони Карим. Ҳикмат — Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари. Бу нарсаларни доимо эсда тутиш, улар асосида илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшашгина инсонга бахт келтиради, шу жумладан, оилавий ҳаётда ҳам.)
Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро ризолашинг, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг. Ушбу ила сизлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар ваъзланади. Шундоқ қилишингиз сиз учун тозароқ ва покроқдир. Ва Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз.
(Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида синглисини мусулмонлардан бир кишига эрга берибди. Эру хотин бир муддат бирга яшашибди. Кейин эр хотинини бир талоқ қўйиб, қайтмабди. Иддаси чиқиб кетибди. Кейин икковлари ҳам афсус қилиб, эр хотинга, хотин эрга муҳаббат қилибди. Ва бошқа совчилар қатори совчи қўйибди. Шунда Маъқал ибн Ясар унга: «Пасткашнинг ўғли пасткаш! Сени ҳурмат қилиб синглимни берган эдим, сен бўлса уни талоқ қилдинг. Аллоҳга қасамки, у сенга абадий қайтмайди», дебди. Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг хотинга, хотиннинг эрга ҳожатини билиб, «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари етганда...» деб бошланиб, «... сиз эса билмайсиз», деб туговчи оятни нозил қилди. Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу ояти каримани эшитишлари билан: «Парвардигорнинг сўзини эшитдик ва итоат қиламиз, дедилар-да, куёвни чақириб: «Синглимни сенга никоҳлаб бераман ва сени ҳурмат қиламан», дедилар.)
Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар. Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмас. Она ҳам, ота ҳам боласи сабабидан зарар тортмасин. Меросхўрга ҳам худди шундоқ. Агар ўзаро рози бўлиб, сутдан ажратишни ирода қилсалар, икковларига гуноҳ бўлмас. Агар фарзандларингизга эмизувчи талаб қилишни ирода қилсангиз, берадиганингизни яхшилик билан аввалдан топширсангиз, гуноҳ бўлмас. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, Аллоҳ қилаётганингизни албатта кўриб турувчидир.
У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда тутишингизда гуноҳ йўқ. Аллоҳ сиз уларни албатта эслашингизни биладир. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашманг. Магар яхши гап гапирсангиз, майли. Идда ўз муддатига етмагунча, никоҳ боғлашни қасд қилманг. Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва Ҳалиймдир.
Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларни маҳрни аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир.
(Бу оятда никоҳдан кейин маҳрни аниқламаган ҳолатда духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.)
Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг.
(Одамлар кўп нарсаларни билмайдилар, Аллоҳ ўргатмаса ҳеч нарсани билмас эдилар. Шунингдек, Аллоҳ ўргатмаса, намоз ўқишни ҳам билмасдилар. Хотиржам бўлганларида, Аллоҳ қандай ўргатган бўлса, шундоқ қилиб намоз ўқисинлар.)
Сизлардан вафот этганда жуфтларини қолдираётганлар хотинлари чиқмасдан бир йилгача фойдаланишини васият қилсинлар. Агар улар чиқсалар, ўз хусусларида яхшилик билан қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ. Аллоҳ Азийз ва Ҳакийм Зотдир.
Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларнинг (хабарини) билмадингми?! Бас, Аллоҳ уларга: ўлинг, деди. Сўнгра, уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамлар устидан фазл эгасидир. Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар.
(Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки вабо тарқалган бўлса, шундан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан.)
Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ва ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Ва Унгагина қайтасизлар.
Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», – деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган», – дедилар. У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», – деди.
(Бани Исроилнинг талабига биноан, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.)
Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси сизларга Роббингиздан сандиқ келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга белги бор», – деди.
(Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, уламоларимиз ушбу ҳодисани пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар. Пайғамбарлари, тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, деди.)
Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида, улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар.
(Асл нарса ўзи оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Аллоҳниг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.)
Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра, Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи (одам)ларни баъзиларига дафъ қилиши бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир.
(Довуд Толут аскари ичида ёш йигит эди. Жолут эса, катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи аскарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва аскарбошининг ёшгина йигитча қўлида қатл бўлишини ирода қилди. Бу билан одамларга, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай жаббор бўлса ҳам, бир ёш йигит унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. «Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди». Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.)
Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сенга ҳақ ила тиловат қилурмиз. Ва, албатта, сен Пайғамбарлардандирсан.
(«Булар» — мингларча одамларни ўлдириш ва тирилтириш, тобутни фаришталар кўтариб келиши, оз сонли мўминларнинг кўп сонли кофирларнинг устидан ғолиб келиши ҳақидаги хабарларни ўз ичига олган оятлардир. Уларни Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ҳақ ила ҳикоя қилиб бермоқда. «Ҳақ билан» дегани — қандай бўлган бўлса, шундай, воқеликдаги ҳодисанинг ўзини айтиб бермоқда, деганидир.)
Булар Пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазллик қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга ойдин(мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, улардан кейин қолганлар ўзларига очиқ-ойдин баёнотлар келганидан сўнг урушмас эдилар. Лекин ихтилоф қилдилар. Улардан кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, урушмас эдилар. Лекин Аллоҳ нимани ирода қилса, шуни қилади.
Эй, иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар — ўшалар золимлардир.
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. Ва У Алий ва Азийм Зотдир.
(Имом Муслим ва Имом Аҳмад Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят Курси ояти эканлиги таъкидланган. Имом Насоий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», деганлар. Яъни, ўлмагани учун жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди, дегани.)
Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир.
(Ақида, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Аллоҳ таоло Ўзи «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради», деб қўйган. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръони Каримни тушириб, Исломни жорий қилгандан сўнг тўғри йўл нотўғрисидан, ҳақ ботилдан ажради. Ҳамма нарса ўз ўрнини топди. Шундай бўлгандан кейин «Динга мажбур қилиш йўқ». Ҳар кимга Аллоҳ ақл берган, ўзига керак йўлни танлаб олсин.)
Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадийдирлар.
(Биз оятда «дўст» деб таржима қилган ибора арабчада «валий» деб келган бўлиб, бу сиз билан бизнинг тушунчамиздаги «дўст»дан кўра кенгроқ тушунчани ифода қилади. Бу дўст ишбоши, ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб, ишларни тўғри изга солиб турувчи ғамхўрдир. «Тоғут» — Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсалар.)
Ёки шифтлари устига қулаган қишлоқдан ўтган кишига ўхшашни кўрмадингми? У: «Аллоҳ буни ўлимдан кейин қандай тирилтирур?» – деди. Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра, қайта тирилтирди. «Қанча ётдинг?» – деди. У: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича ётдим», – деди. «Балки, юз йил ётдинг, таомингга ва шаробингга назар сол, ўзгаргани йўқ ва эшагингга ҳам қара. Сени одамларга ибрат қилиш учун шундай қилдик. Ва суякларга назар сол, уларни қандоқ ҳаракатга соламиз ва уларга қандоқ гўшт кийгизамиз», – деди. Унга равшан бўлганда: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирлигини билдим», – деди.
(Демак, ўша киши Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қарарди. Шунда Аллоҳ таоло унга, ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўя қолди: «Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди». Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиш учун Аллоҳ унга: «Қанча ётдинг?» деди». У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусият. У бўлса, юз йил ўлиб ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун: «У: «Бир кун ёки бир кунининг баъзисича ётдим», деди». Ўзининг билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олингандан сўнг, бўлган ишнинг ҳақиқати унга айтилди: «Балки юз йил ётдинг», дейилди.)
Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингми?» – деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра, улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», – деди. «Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакийм Зотдир».
(Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.)
Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайдир. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқадир, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи Зотдир.
Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмай ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
(Аллоҳнинг йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олишнинг шарти ҳам бор, у ҳам бўлса, мол сарфловчи миннат қилмаслиги ва молни олганларга озор бермаслиги керак. Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради.)
Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг. У мисоли устини тупроқ босган силлиқ бир тошга ўхшайдир. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас.
(Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар ҳиссида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлигини жонли тасвир қилинмоқда.)
Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайдир. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи Зотдир.
Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб, ёши бир жойга етганда, заифҳол зурриёти бор пайтда унга ўтли бўрон келиб, ёниб битишини хоҳлайдими?! Аллоҳ сизларга шу тариқа Ўз оятларини баён қилур, шоядки, фикр юритсангиз.
(Аллоҳнинг йўлида қилинган садақа худди дарахтлари остидан шарқираб сувлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боққа ўхшайди. Боғдан ҳаммага фойда — кўрган ҳам, кирган ҳам, еган ҳам ҳурсанд. Худди шунингдек, Аллоҳ йўлида қилинган садақа берганни ҳам, олганни ҳам, билганни ҳам хурсанд қилади. Ҳаммага ўз даражасида фойда етказади. Ана шундай олиймақом боғу бўстони бор одам шу боғнинг ўтли бўронда куйиб тугашини, хусусан, ёши бир жойга етиб, қўлидан бир иш келмай қолган чоғида, унинг қўлига қараб турган заифҳол зурриётлари бор чоғида шундай бўлишини хоҳлайдими? Албатта, йўқ. Аллоҳ йўлида садақа қилган одам ҳам гўё ўшандай боғу бўстонга эришган бўлади. Садақаси кетидан миннат этса ва озор етказса, худди ўтли бўрон билан боғини куйдиргандек бўлади. Садақасининг савоби қолмайди.)
Эй, иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар кўз юмсангизгина оласиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ бой ва мақталган Зотдир.
У кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлар. Фақат ақл эгаларигина эсларлар.
(Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.)
Садақани ошкора қилсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
(Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.)
Уларни ҳидоятга солиш сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга бошлар. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас.
(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни Аллоҳ албатта билгувчидир.
(Бу тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга бағишлаган кишилардир, улар нафсларини жиҳод учун тутганлар, шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб бой деб ўйлайди. Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб топамиз уларни? «Уларни сиймоларидан танийсан».)
Кечасию кундузи молларини яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
(«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда; «молларини» деган сўз замирида эса, ҳамма тур моллар ва ҳамма тур эҳсон қилувчиларга ишора бор. Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда — Роббилари ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда.)
Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас.
(Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади. Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилади». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.)
Албатта, иймон келтирган, яхши амалларни қилган, намозни қоим қилиб, закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
(Ҳақиқий иймон эгаси бўлган кишилар доимо яхши амалларни қиладилар, хусусан, намозни вақтида яхшилаб адо этадилар. Иқтисодий соҳада эса, закот берадилар. Рибохўрлар одамларнинг пешона тери билан топган даромадларини ҳаром йўл билан ўзлаштириб олаётган бўлсалар, мўминлар ўзлари пешона тери билан топган ҳалол молларидан закот чиқариб одамларга, шундай еб кетарга берадилар. Қайтариб олиш ёки ўрнига бошқа нарса олиш умидлари ҳам йўқ. Уларнинг бирдан-бир умидлари «закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир», деган ваъдададир. Улар икки дунёда эминлик ва бахт-саодатда бўлурлар.)
Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас.
Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийи адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.
(Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. Агар қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқасининг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котиб ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.)
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Агар ичингиздаги нарсаларни ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, сизларни Аллоҳ ҳисоб-китоб қиладир. Ва кимни хоҳласа, мағфират қилар, кимни хоҳласа, азоблар. Ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
(Борлиқ Аллоҳнинг мулкидир. Мулкида жараён этаётган ҳар бир ишдан У огоҳдир. Жумладан, бандаларнинг яширин ниятларини ҳам, ошкора ишларини ҳам яхши билади. Ва ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, хоҳлаганини кечиб юборади, хоҳлаганини азоблайди.)
Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ҳамма-ҳамма иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик, (эй Роббимиз), мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир», дедилар.
(Ушбу ояти карима ва кейинги оят иккалови суранинг хулосасини мужассам қилгандир. Бу икки оятнинг ҳар бир сўзи улкан маъно англатади. Уларда ақида, иймон хусусиятлари, банданинг ўз Робби билан бўладиган ҳоли, фарз қилинган амалларга муносабат ва бошқалар келган.)
Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳим эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил.
(Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди — яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга Аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...)
Vertaling van de betekenissen Edele Qur'an - Oezbeekse vertaling - Muhammad Sadeq - Index van vertaling
Vertaling van de betekenissen van de Heilige Koran naar het Oezbeeks, vertaald door Muhammad Sadiq Muhammad Yusuf. Uitgave van het jaar 1430 AH (Hijri). Gecorrigeerd onder toezicht van het Translation Pioneers Center. De oorspronkelijke vertaling is beschikbaar voor evaluatie, beoordeling en voortdurende ontwikkeling.
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
Zoekresultaten:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".