1. (Эй мўминлар, ушбу эълон) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан сизлар (ўзаро урушмаслик ҳақида) аҳд-паймон қилган мушрик кимсаларга ора очиқлик (эълонидир).
2. (Эй мушриклар, уруш ҳаром қилинган) тўрт ой ичида Ерда сайру саёҳат қилиб юраверинглар ва билингларки, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмассизлар — албатта Аллоҳ кофирларни расво қилгувчидир.
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва саҳобаларнинг мушриклар билан тузган ҳар қандай шартномалари ўша мушрикларнинг хиёнаткорлиги сабабли бекор қилингани эълон этилди ва бу қарор орадан тўрт ой ўтгач, кучга кириши билдирилди.
3. Ва (ушбу эълон) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари томонидан одамларга катта ҳаж кунида (яъни, Қурбон ҳайити кунида) Аллоҳ ва Унинг пайғамбари мушриклардан безор эканлигини билдиришдир. Бас, (эй мушриклар), агар тавба қилсангизлар, бу ўзингиз учун яхшироқдир. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда билингизки, сизлар Аллоҳни ожиз қилувчи эмассиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), кофир бўлган кимсаларга аламли азоб «хушхабар»ини етказинг!
4. Магар (эй мўминлар), сизлар аҳд-паймон қилган мушрик кимсалар кейин (аҳдларидан) бирон нарсани бузмасалар ва сизларнинг зиёнингизга биров билан ҳамкорлик қилмасалар, у ҳолда уларнинг аҳдларини белгиланган муддатгача тўла-тўкис етказинглар! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар.
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг. Бу (ҳукм) уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир.
7. Аллоҳ наздида ва Унинг пайғамбари наздида мушриклар учун қандай аҳд-паймон бўлсин?! (Яъни, ҳеч қандай аҳд бўлиши мумкин эмас, чунки улар Аллоҳга ҳам, Унинг пайғамбарига ҳам иймон келтирмайдилар, демак, берган ваъдаларини бузаверадилар), магар сизлар Масжидул-Ҳаром олдида (яъни, Маккада) аҳдлашган кимсалар борки, улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилгувчи зотларни севар.
8. (Улар учун) қандай (аҳд-паймон) бўлсин? Ҳолбуки, улар агар устингизда ғолиб бўлсалар, сизларнинг хусусингизда на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Оғизларида сизларни рози қилишади-ю, кўнгиллари (аҳдга вафо қилишга) ибо-ор қилади. Уларнинг кўплари итоатсиздир.
9. Улар Аллоҳнинг оятларини озгина қийматга алмаштириб, (инсонларни) Унинг йўлидан (яъни, динидан) тўсдилар. Дарҳақиқат, улар энг ёмон ишни қилгувчи бўлдилар.
11. Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар. Биз оятларимизни биладиган қавм учун муфассал баён қилурмиз.
12. Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари ичган қасамларни бузаверадилар).
14. Улар билан жанг қилинглар, (шунда) Аллоҳ уларни сизларнинг қўлингиз билан азоблайди, расво қилади ва сизларни уларнинг устига ғолиб қилади ҳамда мўмин қавм дилларини қондиради.
17. Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Уларнинг қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчидирлар.
И з о ҳ. Мушриклар Каъба атрофига хилма-хил бутларини қўйиб олишиб, ҳар сафар Каъбани тавоф этганларидан кейин ҳалиги бутларга сажда қилар эдилар, Юқоридаги оят, мушриклар модомики ўзлари ясаб олган бутларни ягона Аллоҳга шерик деб билар эканлар, уларнинг қилган ибодат-тавофлари беҳуда, деб таъкидлайди.
19. (Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжидул-Ҳаромни обод қилишни — Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида курашган зотлар(нинг амалларига) тенг, деб билдингизми?! Улар (яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
И з о ҳ. Мушриклар мусулмонларга қараб: «Сизлар Аллоҳга мусулмончилик билан бандалик қилаётган бўлсангизлар, биз ҳам ҳажга борганларнинг хизматларини бажариб ва Каъбани обод қилиб, Аллоҳга бандалик этмоқдамиз», деб даъво қилганларида мазкур оят нозил бўлди.
20. Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотларнинг Аллоҳ наздидаги даражалари жуда улуғдир ва ўшалар (бахт-саодатга) эришувчидирлар.
21. Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат ва ризолик ҳамда улар учун бўладиган жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда доимий неъматлар бордир.
23. Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир.
24. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтирганича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.
25. Аллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!
26. Кейин Аллоҳ пайғамбарига ва мўминларга Ўз томонидан хотиржамлик нозил қилди ҳамда сизлар кўрмаган бир лашкарни (яъни, фаришталарни) туширди ва кофир бўлган кимсаларни азобга дучор қилди. Кофирларнинг жазоси шудир.
И з о ҳ. Бу оятларда Қуръон жангда ғалабага эришишнинг сабаби лашкар саноғининг кўплиги эмас, балки Аллоҳнинг мадади эканлигини таъкидлайди. Ўша Ҳунайн жангида (ҳижрий саккизинчи йил) мусулмонларнинг лашкари ўн икки минг бўлиб, ўша кунгача мусулмонлар бу қадар сонда кўп бўлмаган эдилар. Шунинг учун айрим мусулмонлар: «Бу сафар сонимиз кўп бўлгани учун енгилмаймиз», деб ғурурландилар ва ғалаба Аллоҳ томонидан бўлишини унутиб қўйдилар. Натижада кофирлар улардан устун келиб, улар чекина бошладилар. Фақат Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Аллоҳга илтижо қилиб дуо қилганларидан кейин мўминларнинг дилларига бир хотиржамлик иниб, жангга қайтдилар ва Аллоҳнинг мадади билан кофирлардан ғолиб келдилар.
27. Кейин — ўша (жангдан) сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Ҳунайнда мусулмонларга қарши жанг қилган Ҳавозин қабиласидан жуда кўп кишилар ўша жангдан кейин Аллоҳга тавба-тазарру қилиб, Исломга кирдилар.
29. Аллоҳга ва Охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни, Ислом) динига эътиқод қилмайдиган аҳли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз!
30. Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а!
31. Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир.
34. Эй мўминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!
И з о ҳ. Бу оятларда одамларнинг пул-молларини талон-торож қиладиган яҳудий донишмандлари ва насроний роҳиблари билан биргаликда мусулмонларнинг орасидаги айрим бойликка муккасидан кетган ва тўплаган мол-дунёларининг закотини бермайдиган кимсалар ҳам ашаддий азобга дучор бўлишлари баён қилингандир.
35. У кунда (Қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилиб: «Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар» (дейилур).
36. Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз! Барча мушриклар (бу ҳукмга қарамай) сизларга қарши жанг қилгани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз! Ва билингизки, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.
И з о ҳ. Уруш ҳаром қилинган ойлар: Зул-қаъда, Зул-ҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Улардан аввалги учтаси кетма-кет келса, Ражаб ойи орадан беш ой ўтгандан кейин чиқади. Бу тартиб ҳазрати Иброҳим пайғамбар замонларидан бери амал қилиб келинаётган ҳақ ҳукм эди. Лекин кейинчалик айрим араблар бу қонунни бузиб, ўзлари жанг қилиб турган пайтларида мазкур ойлар келиб қолса, уларда уруш қилишни ҳалол қилиб олишар ва кейин ўзлари учун қулай бўлган бошқа ойларни ҳаром ой деб эълон қилар эдилар. Навбатдаги оятда мана шу одат ҳақида сўз юритилиб, унинг диёнатсизлик экани таъкидланади.
37. Шак-шубҳасиз, (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром дейдилар. Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатиб қўйилди. (Чунки) Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.
39. Агар (жиҳодга) чиқмасангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб билан азоблар ва ўрнингизга бошқа бир қавмни келтирур. Сизлар эса У зотга бирон зиён етказа олмайсиз. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.
40. Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.
И з о ҳ. Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари ҳақидадир. Макка мушриклари мусулмонларга нисбатан қилган зулму зўравонликлари билан уларни Исломдан қайтаришга кўзлари етмай қолгач, пайғамбарнинг жонларига суиқасд қилиш пайига тушадилар. Шунда у зотга Аллоҳ таоло тарафидан Мадинага ҳижрат қилиш — кўчиш амр этилади ва бир қоронғу кечада Аллоҳнинг ёрдами билан ўлдирмоқчи бўлиб тайёрланиб турган кофирларнинг ёнларидан соғ-саломат чиқиб кетиб ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ билан бирга Макка яқинидаги бир ғор ичига яширинадилар. Эрталаб «овлари» қўлдан кетганини англаган мушриклар бир изқувар билан уларнинг ортидан тушишади. Лекин ҳалиги ғорга етиб келишгач, из йўқолади ва улар ғорнинг оғзи ўргимчак тўрлари билан тўсилганини, у тўрга бир каптар тухум ҳам қўйганини кўрадилар ва ҳафсалалари пир бўлиб кетадилар. Шундай қилиб ғорда улар уч кун беркиниб ётишгач, бир йўл бошловчи етагида Мадинага етиб оладилар. Гарчи бу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва у зотнинг ҳамроҳлари хусусида бўлса-да, қиссадан ҳисса шуки, кимда-ким Аллоҳ йўлида, Унинг Ўзидан мадад тилаб эзгуликка қадам қўйса, Аллоҳнинг Ўзи уни ҳар қандай таъқибчи ва айғоқчилардан асраб, кўзлаган мақсадига етказади.
42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (сиз даъват қилаётган жиҳод) осон фойда ва яқин сафар бўлганида, улар (яъни, мунофиқлар) албатта сизга эргашган бўлур эдилар. Лекин уларга масофа узоқ бўлиб кўринди (шунинг учун чиқмадилар). Ҳали улар (ёлғон қасам билан) ўзларини ҳалок қилиб: «Агар қодир бўлганимизда сизлар билан бирга чиққан бўлур эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ эса уларнинг ҳеч шак-шубҳасиз, ёлғончи эканликларини билур.
43. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Аллоҳ сизни афв қилди. (Лекин) нима учун то сизга ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (сабр қилиб турмай, уларнинг ёлғон қасамларига ишониб) уларга (жиҳодга чиқмаслик учун) изн бердингиз?!
45. Балки фақат Аллоҳга ва Охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар.
46. Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб қўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар», дейилди.
47. Агар улар сизларнинг орангиздан чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир.
48. Улар илгари — ҳануз ҳақиқат рўёбга чиқиб, Аллоҳнинг дини ғолиб бўлмай туриб ҳам (буни) ёмон кўрган ҳолларида фитна қилмоқчи бўлган ва сизнинг ишларингизни ортга кеткизмоқчи бўлган эдилар-ку.
52. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни, ё шаҳид бўлишимиз ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдасиз. Биз эса сизлар учун Аллоҳ сизларга Ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини кутмоқдамиз. Бас, сизлар ҳам кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутгувчимиз».
54. Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари, намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қилганликларидир.
55. Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.
56. Улар ўзларининг сизлар билан бирга эканликларига Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, улар сизлардан эмасдирлар. Фақат улар қўрқоқ қавмдирлар (яъни, мунофиқликлари маълум бўлиб қолса, бошларига бошқа кофирларнинг куни тушиб қолишидан қўрқадилар).
58. Уларнинг орасида садақотлар тўғрисида сизга таъна қилгувчи кимсалар ҳам бордир. Бас, агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса, бирдан норози бўлиб қоладилар.
59. Агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларга берган нарсага рози бўлишиб: «Аллоҳ биз учун кифоя қилур. Яқинда Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизга Ўз фазлу карамидан (мол-дунё ҳам, бахт саодат ҳам) берур, биз Аллоҳнинг Ўзига интилгувчи кишилармиз», десалар эди (ўзлари учун яхши бўлур эди).
60. Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
И з о ҳ. Закот Ислом динидаги фарз амалларидан биридир. Маълум миқдорда бойликка эга бўлган киши шу пулдан қирқдан бирини закот қилиб бериши фарздир. Юқоридаги оятда мана шу закотни кимларга бериш лозимлиги аниқ белгилаб берилган. Демак, мазкур кишилардан бошқа бировга берилган закот Ислом назарида мақбул эмас.
61. Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутгувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)», дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: («Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутгувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи, мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамати бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир».
62. (Эй мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун (пайғамбарга озор бермадик, деб) Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар мўмин бўлганларида, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини рози қилмоқлари лойиқроқ иш эди.
63. Улар кимда-ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиқса, унинг учун ўзи абадий қоладиган жаҳаннам оташи бўлишини ва бу улуғ-катта расволик эканини билмадиларми?!
64. Бу мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарсадан (яъни, мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан қўрқадилар-у (яна пайғамбар ва мўминларни) масхара қилиб куладилар. Айтинг: «Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаётган нарсани албатта (юзага) чиқаргувчидир».
65. Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?»
И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобалар билан Табук жангига кетиб бораётганларида аскарлар орасидаги бир гуруҳ мунофиқлар бир-бирларига: «Мана бу одамни кўринглар. Ўзича Шом қасрларини ва қалъаларини фатҳ қилмоқчи бўлиб юрибди-я», деб масхара қилардилар. Аллоҳ пайғамбарини уларнинг сўзларидан хабардор қилгач, пайғамбар улардан: «Нега куляпсизлар?», деб сўраганида, улар: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, биз фақат йўлни қисқартириш учун ҳазил-ҳузул қилиб келмоқдамиз, холос», деб алдамоқчи бўлган эдилар.
66. Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз.
68. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир.
69. (Эй мунофиқлар), сизлар ҳам худди сизлардан илгари ўтган (мунофиқлар)га ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ ва мол-мулк, бола-чақалари ҳам кўпроқ эди. Бас, (бу дунёдаги) ўз насибаларини кўрдилар. Сизлар ҳам, илгари ўтганлар насибаларини кўрганларидек, ўз насибангизни кўрдингиз ва улар шўнғиган нарсага (яъни, ноҳақ йўлга) шўнғидингиз. Уларнинг (яъни, барча мунофиқларнинг) қилган амаллари дунёю Охиратда беҳуда кетди. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир.
74. Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган ҳақорат сўзларини) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва Исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарса (яъни, пайғамбар жонига суиқасд қилишга) қасд қилган эдилар. Улар (мунофиқлар) фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларни Ўз фазлу карамидан бой-бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю Охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун Ер юзида бирон дўст ва ёрдамчи бўлмас!
75. Уларнинг орасида: «Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, албатта биз камбағалларга садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан бўлурмиз», деб Аллоҳга аҳд-паймон берадиган кимсалар ҳам бордир.
77. Бас, (садақотлар берурмиз), деб Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз), деб ёлғон гапирувчи бўлганлари сабабли (Аллоҳ) уларга то Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача дилларида нифоқ бўлишини қисмат қилиб қўйди.
78. Улар Аллоҳ уларнинг яширган сирларини ҳам, ўзаро шивир-шивирларини ҳам билишини ва Аллоҳ ғайбни — кўринмас нарсаларни ҳам аниқ билувчи эканини билмадиларми?!
79. Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир.
80. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), хоҳ улар учун мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг — агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Аллоҳ уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлганларидир. Аллоҳ эса итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.
83. Энди агар Аллоҳ сизни (Табук жангидан) қайтариб, улардан бирон тоифага (рўбарў қилса) бас, улар сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: «Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирор душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз, бас, яна қолгувчи кимсалар билан бирга ўтираверинглар».
84. Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар.
85. Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.
86. Қачон: «Аллоҳга иймон келтирингиз ва Унинг пайғамбари билан бирга жиҳод қилингиз», деган бирон сура нозил қилинса, улардан бой-бадавлат бўлган кимсалар сиздан (қолиш учун) изн сўрайдилар ва «Бизни қўйгин, анави қолгувчи (маъзур, узрли кишилар) билан бирга бўлайлик», дейдилар.
88. Лекин Пайғамбар ва у билан бирга бўлган, иймон келтирган зотлар молу жонлари билан курашдилар. Барча яхшиликлар ана ўшалар учундир. Нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.
91. Ожиз-нотавонларга, ҳасталарга ва (жиҳод учун) бергани ҳеч нарса топа олмаётган кишиларга — агар улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари учун холис бўлсалар, бирон хараж — гуноҳ йўқдир. Чиройли амал қилувчи — муҳсинларни айблашга ҳеч қандай йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
92. Яна сизга (жангга миниб бориш учун) от-улов сўраб келган вақтларида, уларга: «Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку», деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб, қайтиб кетган кишиларни ҳам айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир.
И з о ҳ. Дарҳақиқат, ансорийлардан (яъни мадиналик саҳобалардан) олти-етти киши келиб Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломдан жиҳодга бориш учун от-улов сўрашганида, у киши уларга берадиган от-улов йўқлигини айтиб узр сўраганлар. Шунда улар жиҳодга чиқишга ожизлик қилганларига хафа бўлишиб, йиғлаб қайтиб кетганлар. Юқоридаги оят уларнинг узрли кишилар экани, бинобарин, жиҳодга чиқа олмаганлари учун гуноҳкор бўлмасликларини баён қилди.
95. Уларнинг олдига қайтиб борган вақтларингизда улардан юз ўгиришларингиз (яъни, айбламасликларингиз учун сизларга уларнинг ростдан ҳам узрли эканликларига) Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Чунки улар нопокдирлар ва қилиб ўтган нарсаларини (яъни, мунофиқликлари) жазосига жойлари жаҳаннамдир.
97. Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ Ўз пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
98. Аъробийлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, қилган садақасини (ўзи учун) зиён деб билади ва сизларга (мўминларга) балолар келишига кўз тутиб туради. (Барча) ёмон бало(лар) ўзларига бўлсин! Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
99. Аъробийлар орасида Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирадиган ва қиладиган инфоқ-эҳсонини Аллоҳ даргоҳида қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш ва пайғамбар дуосига (мушарраф бўлиш) деб биладиган зотлар ҳам бор. Огоҳ бўлсинларким, ўша инфоқ-эҳсонлари ўзлари учун қурбатдир. Аллоҳ уларни Ўз раҳматига дохил қилажак. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
100. Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир.
101. Сизларнинг атрофингиздаги аъробийлар орасида мунофиқлар бор. Мадина аҳолиси орасида ҳам (мунофиқлар бордир). Улар доимий нифоқдадирлар, (лекин) сиз уларни билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш, ўлганларидан кейин эса қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (Қиёмат Кунида) улуғ азобга қайтарилурлар.
102. Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа — ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса ажабмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
103. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.
104. Улар (гуноҳкорлар) Аллоҳнинг Ўзи бандалари томонидан бўлган тавбани қабул этишини, садақаларни ҳам (Ўз даргоҳида) қабул қилишини ва ҳақиқий тавбаларни қабул этгувчи ва меҳрибон зот Аллоҳнинг Ўзи эканини билмадиларми?!
106. Яна бошқа бир (гуруҳ, ғазотга чиқмаган)лар борки, улар Аллоҳнинг амрига қолдирилурлар — У зот Ўзи уларни ё азобга гирифтор қилар, ёки тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
И з о ҳ. Улар уч нафар киши бўлиб, мунофиқ бўлганликлари учун эмас, балки дангасаликлари, танпарварликлари сабабли ғазотга чиқмаганлар ва бошқа мунофиқлар каби ёлғон узрлар ҳам айтмаганлар. Шундан кейин уларнинг тавбаларини қабул бўлиши ё қабул бўлмаслиги Аллоҳнинг амрига мавқуф бўлиб қолган ва бошқа мусулмонлар маълум муддатгача улар билан алоқаларини узганларки, бу ҳақда кейин келадиган оятларда яна зикр қилинади.
107. Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши урушган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид қуриб олдилар. Яна: «Биз фақат яхшиликнигина истаган эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар.
И з о ҳ. Мунофиқлардан ўн икки киши Абу Омир деган бир кофир кимсанинг буйруғи билан мўминлар орасини бузиш ниятида масжид қурадилар ва мусулмонларга қарши урушиш учун бошқа давлатлардан лашкар олиб келишга кетган Абу Омирнинг йўлига кўз тутадилар. Уларнинг бу мақсадлари мусулмонларга маълум бўлиб қолганидан кейин эса ўз қилмишларидан тониб, қасам ичадилар. Қуйидаги оятда Аллоҳ пайғамбарига бундай амр қилади:
109. Бас, бу биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас.
110. Қурган биноларининг (бузиб ташланиши) уларнинг кўнгилларида шак-шубҳа бўлиб қолур. Магар юраклари ёрилиб — жонлари чиқиб кетсагина (шак-шубҳа ҳам йўқ бўлур). Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
И з о ҳ. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг фармонлари билан улар қурган масжид бузиб ташланади. Шундан кейин уни қурган мунофиқлар то ўлгунларича мусулмонларга нисбатан ғараз билан ўтадилар.
111. Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир.
113. На пайғамбар ва на бу мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир.
114. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир.
116. Албатта, осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳнинг Ўзи учундир. У ҳаёт ва ўлим берур. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир ёрдамчи бордир.
117. Ҳақиқатан, Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, Пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир.
118. Яна ўша уч кишининг (тавбаларини ҳам қабул қилдики), то уларга кенг Ер торлик килиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат Ўзига тавба қилиш билангина қутулиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган эди (яъни, тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир.
120. Мадина аҳолиси ва уларнинг атрофларидаги аъробийлар учун (жиҳодга чиқмай) Аллоҳнинг пайғамбаридан қолишлари ва Ундан юз ўгириб ўзлари билан овора бўлишлари жоиз эмас эди. Зеро, Аллоҳ йўлида уларга бирон ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни ғазаблантирадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зиён етказсалар, албатта улар учун бу ишлари сабабли, яхши амал ёзилур. Зотан, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг амалларини зое қилмас.
121. Улар кичикми, каттами бирон инфоқ-эҳсон қилсалар ва (ғазот йўлида) бирон водийдан ўтсалар, албатта қилган энг чиройли амалларига яраша Аллоҳ мукофотлаши учун (буларнинг ҳаммаси) улар фойдасига ёзилур.
122. Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!
И з о ҳ. Бу оят Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва саҳобалар Табук жангидан қайтганларидан сўнг пайғамбар бир гуруҳ аскарларни душман томонига юбормоқчи бўлиб чорлаганларида, урушдан қолувчи кимсалар азобланиши ҳақидаги юқоридаги оятлардан қўрқиб қолган барча саҳобалар «жангга чиқамиз», деб келганларида нозил бўлгандир. Бу оятда бундай кичик юришларга ҳамма мусулмонлар кетиб қолиши тўғри эмаслиги, балки улардан бир гуруҳининг бориши кифоя қилиши, қолганлари эса Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларида қолишиб, у кишидан диний таълимотларни ўрганиб, жангга кетганлар қайтишгач, уларга ўзлари ўрганган нарсаларини таълим беришлари лозим эканлиги ифодаланади.
123. Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар! Билингларки, албатта Аллоҳ тақводорлар билан биргадир.
129. Ана энди ҳам юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш Соҳибидир».
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
ผลการค้นหา:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".