Юсуф отасига: «Эй отажоним, мен ўн битта юлдузни ҳам қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилаётганларини кўрдим», деганини эсла.
(Бу тушни кўрганда Юсуф алайҳиссалом ёш бола эди. Одатда ёш болалар бунчалар аниқ ва башоратли туш кўрмайдилар. Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғли Юсуфдан кўрган тушини эшитиб, шу гаплар хаёлидан ўтди. Бу туш улуғ келажакдан башорат эканини англади.)
Шундай қилиб, Роббинг сени танлаб олади, сенга тушларнинг таъбирини ўргатади ва сенга ва Яъқуб аҳлига, худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа батамом қилганидек, Ўз неъматини батамом қилиб беради. Албатта, Роббинг билгувчи ва ҳикматли Зотдир», – деди.
(Аллоҳнинг Пайғамбари бўлмиш Яъқуб алайҳиссалом ўғли Юсуф кўрган тушни ана шундай таъбир қилган эди. Бу туш Юсуфнинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби пайғамбар бўлишидан дарак берар эди.)
Батаҳқиқ, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўровчилар учун оят-ибратлар бор эди.
(Яъни, Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида ажойиб ибратли аломат-белгилар жуда ҳам кўпдир. Ким сўраса, эътибор берса, диққат билан ўрганса, кераклигича ваъз-насиҳат, ибрат ва ўрнак олади.)
Ўшанда улар: «Албатта, Юсуф ва унинг укаси отамизга биздан кўра маҳбуброқлар, ҳолбуки, биз кўпчиликмиз. Албатта, отамиз очиқ-ойдин адашувдадир.
(Яъни, Юсуфнинг акалари (улар ўн киши бўлиб, оналари бошқа эди), отамиз биздан кўра укамиз Юсуф ва унинг ота-она бир укаси икковини яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар.)
Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқ ерга олиб бориб ташланглар, шунда отангизнинг юзи сизга холи қолади. Бундан кейин солиҳ қавмдан бўлиб оласизлар», – дедилар.
(Бу уларнинг ўзаро маслаҳатлари эди. Улар нима қилиб бўлса ҳам, Юсуфни йўқотиб, оталари фақат ўзларига эътибор бериши учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Шайтон васвасага солганда шундай бўлади.)
Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, Биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик.
(Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди: Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарадики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.)
Ва йўловчилар келиб (қудуққа) сувчиларини юбордилар. Бас, у челагини ташлади ва: «Суюнчи беринглар! Бу бола-ку!» – деди. Уни тижорат моли сифатида яшириб қўйдилар. Зотан, Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини билгувчи Зотдир.
Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд, бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», – деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
(Аллоҳнинг тадбири бўлмаса, карвон қаёқдаю қудуқ қаърида ўтирган Юсуф қаёқда? Карвон тўхтамай, ўтиб кетса ҳам бўлаверарди. Аммо тўхтади. Юсуфни кўрди. Уни сотиб, фойда қилишмоқчи ҳам бўлдилар. Беркитиб қўйишмаса, бирорта маҳаллий одам уни кўриб, Мисрга бормай қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳ уларнинг кўнглига беркитиб қўйишни солди. Уни Мисрда сотиб олган кишининг қалбида эса, меҳр-шафқат уйғотди. Мана шундай қилиб, уни энг яхши жойга жойлаштирди. Бу ҳам келажакда бўладиган улуғ ишлар томон бир қадам силжиш эди.)
У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» – деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хожам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», – деди.
(Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни уй эгаси — хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.)
Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(ҳужжат)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздандир.
(Хотиннинг эри келиб қолди. Нима қилиш керак? Маккор хотин ўзини йўқотмай, дарҳол ҳужумга ўтди: «Юсуф менга — сенинг аҳлингга ёмон ният билан ҳамла этди, бузуқлик қилишни хоҳлади. Энди унинг жазоси ёки қамоқ, ёки аламли азоб бўлиши керак», деди.)
У: «Унинг ўзи менинг нафсимни хоҳлади», – деди. У(хотин)нинг аҳлидан бир гувоҳ гувоҳлик берди ва: «Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, бас, хотин рост айтибдир, у ёлғончилардандир.
Агар унинг кўйлаги орт томондан йиртилган бўлса, бас, хотин ёлғон гапирибдир, у ростгўйлардандир», – деди.
(Воқеани ҳеч ким кўрмаган. Фақатгина кўйлак йиртилган. Шунга қараб аниқлаш мумкин. Агар кўйлак олд томондан йиртилган бўлса, Юсуф ҳамла қилган, хотин эса, ҳимояланиш чоғида кўйлакнинг олдидан йиртиб олган бўлади. У ҳолда хотиннинг даъвоси тўғри, Юсуф ёлғончи бўлади. Агар кўйлак орт томондан йиртилган бўлса, хотин ҳамла қилган бўлади ва қочаётган Юсуфни тутиш учун ортидан ташланиб, кўйлакни йиртган бўлади. У ҳолда хотин ёлғон гапирган, Юсуф эса, ростгўй бўлади. Оқилона гап, одилона ҳукм.)
Эр унинг кўйлагининг орт томонидан йиртилганини кўрган пайтда: «Албатта, бу (иш) сиз хотинларнинг макрингиздир. Албатта, сиз хотинларнинг макри жуда зўрдир», – деди.
Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорининг нафсини хоҳлабди. Унга жуда ҳам муҳаббат қўйиб қолган экан-да! Биз у(аёл)ни, албатта, очиқ-ойдин адашувда деб биламиз», – дейишди.
У уларнинг макри ҳақида эшитган вақтда, уларга одам юбориб чақирди. Уларга суяниб ўтирадиган жой тайёрлади. Ва ҳар бирларига пичоқ берди. Сўнгра (Юсуфга): «Уларнинг олдига чиқ!» – деди. Уни кўрган чоғларида лол қолдилар, қўлларини кесдилар. Ва: «Аллоҳ сақласин!! Бу башар эмас! Бу карамли фариштанинг ўзи-ку!» – дейишди.
(Юсуф меҳмонларнинг ҳузурига чиқди. Аёллар унинг ҳусну жамолини кўриб, бошлари айланиб, лол қолдилар, ҳайратга тушдилар ва беихтиёр: «Қўлларини кесдилар». Ана шунда Азизнинг хотини уларни, Юсуфнинг ҳусну жамоли олдида таажжуб ва ҳайрат ила лол бўлганларини кўриб, ўзини ғолиб сезди. Энди у ўзини маломат қилган аёллар устидан кула бошлади.)
У: «Сиз мени маломат қилган нарса — шу. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур», – деди.
У: «Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан», – деди.
Сўнгра, оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди.
(Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Азиз ва унинг атрофидагиларга, хотиннинг аҳлига Юсуфнинг беайб эканлиги аломатлари зоҳир бўлиб, кўзлари билан кўрганларидан кейин, уни бир муддат қамашлари аён бўлди. Юсуф алайҳиссаломнинг бошларига янги синов келди. У киши қамоққа тушди.)
У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда шароб тайёрлаб юрибман», – деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», – деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз».
У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати(дини)ни тарк этган одамман.
(Юсуф алайҳиссалом ўзларига умид билан қараб турган икки йигитга латофат билан жавоб бердилар. Дастлаб, улар тушунолмай қийналаётган жумбоқни ечиш осон иш эканлигига ишора қилдилар. Сўнгра дин ҳақида сўз очдилар. У кишининг ақидалари ва даъват қилаётган динлари бошқа динлар қатори Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиришга асосланган. Бу икки унсур ҳамма пайғамбарларнинг ақидасидир.)
Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати (дини)га эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар.
(Юсуф алайҳиссалом бу сўзлари билан куфрни тарк этибгина қолмай, ҳидоят, иймон йўлига юриш зарурлигини ҳам қамоқдаги шерикларига англатмоқдалар. Уларни куфр миллатини ташлаб, иймон миллатига эргашишга даъват қилмоқдалар.)
Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
Эй, ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қиладир. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейдир. Сиз билмоқчи бўлган иш битди», – деди.
(Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини айтишда жуда риоя билан, одоб билан иш тутдилар. Албатта, шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, тушида шароб сиқаётган йигит яна бориб, хўжаси — подшоҳ саройида соқий бўлиб хизмат қилар экан. Тушида бошида нон кўтариб юрган, ўша нондан қушлар келиб чўқиб еяётганини кўрган шахс эса, осилади ва қушлар келиб, бошини ейди.)
Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», – деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди.
(Юсуф алайҳиссалом икки ҳамзиндон дўстларига тушларининг таъбирини айтиб бўлганларидан сўнг, улардан нажот топади, деб билган шахсга, яъни соқийга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», дедилар. Дарҳақиқат, тушнинг таъбири тўғри чиқди. Ҳалиги йигит қамоқдан озод бўлиб, яна подшоҳга соқийлик қила бошлади. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосини бажо келтирмади.)
Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», – деди.
(Миср подшоҳининг «кўрмоқдаман» деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.)
Ва иккисидан нажот топгани анча муддат ўтгандан сўнг хотирлаб: «Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», – деди.
(Яъни, Юсуф алайҳиссалом билан қамоқда бўлган йигит бир неча йиллар ўтгандан сўнг Юсуфни ва унинг туш таъбири билимдони эканини хотирлаб, мени Юсуфнинг ҳузурига юборинг, деди.)
Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар, озгина асраб қўйганингизгина қолур.
(Cерҳосил етти йилдан кейин қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди.)
Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», – деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», – деди.
(Подшоҳга Юсуф алайҳиссаломнинг пок эканликлари маълум бўлганидан сўнг, уни қамоқдан чиқариб олиб келишни ва у зотни ўзига хос кишилардан қилиб олишини айтди.)
У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», – деди.
(Юсуф алайҳиссалом подшоҳга, мен хазинани қандай муҳофаза қилиш — сақлаш ва уни қандай тасарруф қилишни билувчиман, дедилар. Туш таъбирига кўра, Миср ўлкаси келажакда худди шундай сифатларни мужассам қилган одамга муҳтож эди.)
Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз.
Уларнинг жиҳозларини юклаган вақтда: «Менинг ҳузуримга ота бир инингизни олиб келинг. Кўраяпсизларми? Мен ўлчовни тўла қилмоқдаман ва мен энг яхши мезбонман.
Оталари ҳузурига қайтиб борганларида: «Эй отамиз, бизга ўлчаб бериш ман этилди. Биз билан инимизни юбор, ўлчаб оламиз ва, албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», – дедилар.
У: «Уни сизларга худди акасини ишонганимдек ишониб топширайми? Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳимлиларнинг энг раҳимлигидир», – деди.
У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», – деди.
(Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига манзилга етганларида шаҳарга бир эшикдан эмас, бўлиниб, турли эшиклардан киришларини насиҳат қилдилар. У зот Аллоҳнинг белгилаган тақдирини ўзгартириб бўлмаслигини яхши билар эдилар.)
Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Магар, Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди. Лекин кўпчилик одамлар билмаслар.
(Яъни, ўғиллар кўзлаган манзилга етиб борганларида оталари насиҳатига амал қилиб, ҳаммалари бир эшикдан эмас, турли-турли эшиклардан кирдилар. Аллоҳ тақдир қилган нарса бир эшикдан кирсалар ҳам, турли эшикдан кирсалар ҳам, албатта, бўларди. Буни Яъқуб алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам яхши билардилар. Аммо шунга қарамай, ўғилларига турли эшиклардан киришни насиҳат қилишлари «Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос». Яъни, кўнглига бир айтиб қўйиш тушиб, айтиб қўйди, холос. Бу ерда бошқа ҳеч қандай сир-асрор йўқ. Гапни кўпайтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Бу ҳақиқатларни Яъқуб алайҳиссаломнинг ўзи жуда яхши билади.)
Юсуфнинг олдига кирганларида, у инисини ўзига яқин жойлаштирди ва: «Мен акангман, улар қилган нарсалардан хафа бўлма», – деди.
(Улар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирган вақтларида, у зот меҳмонларни яна яхши кутиб олдилар. Кичик укаларини ёнларига олиб, бошқаларига билдирмай, «Мен акангман», деб ўзларини танитдилар.)
Уларнинг жиҳозларини ҳозирлаган пайтда, инисининг юкига бир сув идишни солиб қўйди. Сўнгра, жарчи: «Эй, карвондагилар, сизлар ўғридирсизлар», деб жар солди.
(Яъни, Юсуф алайҳиссалом оға-иниларининг жиҳозларини ҳозирлаётган ходимларига айтиб, кичик укасининг юкига бир сув идиш қўштириб қўйдилар. Улар жўнаб кетганларидан сўнг, орқаларидан бир одам юбориб, уларни ўғриликда айблади.)
У инисининг юкидан олдин уларнинг юкидан (тафтиш) бошлади. Сўнгра, у(сув идиш)ни унинг юкидан чиқариб олди. Шундай қилиб, Юсуф фойдасига ҳийла қилдик. У, подшоҳнинг дини бўйича инисини олиб қола олмас эди. Магар, Аллоҳ хоҳласагина, бўлиши мумкин эди. Кимни хоҳласак, ўшанинг даражасини кўтарамиз. Ҳар бир илм эгаси устидан билувчи бор.
(Миср подшоҳининг қонуни ўғрига бошқа жазо берарди, уни олиб қолиш мумкин эмас эди. Шунинг учун оға-иниларнинг эътироф қилдириб, Яъқуб алайҳиссалом дини ҳукми бўйича амал қилишга — ўғрини олиб қолишга йўл очилди.)
Улар: «Агар бу ўғирлаган бўлса, бундан олдин унинг акаси ҳам ўғирлаган эди», – дедилар. Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади. У: «Ўзингиз ёмонроқ турумдасиз. Аллоҳ сиз васф қилаётган нарсани яхши билгувчи Зотдир», – деди.
(Улар ўзларини оқлаш учун навбатдаги ёлғонни гапирдилар. Энди Юсуф алайҳиссаломнинг ўзларига у киши ва укалари ҳақида ёлғон тўқимоқдалар. Улар, кичик ўгай ука ўғрилик қилган бўлса, бу ажабланарли эмас, унинг туғишган акаси ҳам олдин ўғрилик қилган эди, бу иш уларнинг табиатида бор ўзи, дейишмоқчи.)
У: «Йўқ, сизга ҳавойи нафсингиз бир ишни яхши кўрсатмиш. Бас, чиройли сабр (қиламан). Шоядки, Аллоҳ уларнинг ҳаммасини ҳузуримга жамлаб келтирса. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли Зотдир», деди.
(Яъқуб алайҳиссалом худди шу гапни Юсуф алайҳиссаломни йўқотган кунларида ҳам айтган эдилар. Энди йиллар ўтиб, кичик ўғлини йўқотган куни ҳам шу гапни такрорладилар, кетидан Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умид узмаганларини билдириб қўйдилар.)
Унинг ҳузурига кирганларида: «Эй Азиз, бизни ва аҳлимизни зарар тутди ва арзимаган сармоя келтирдик. Бас, бизга ўлчовни тўлиқ қилиб бер ва садақа ҳам бер. Аллоҳ, албатта, садақа қилувчиларни мукофотлайдир», дедилар.
(Гапларидан кўриниб турибдики, уларнинг аҳволи оғир. Аввалгидек бор нарсаларини озиқ-овқатга алмаштиришга имконлари ҳам қолмаган. Олиб келган моллари жуда арзимас. Садақага муҳтожлар. Аввалги гердайишларидан асар ҳам йўқ.)
Хушхабарчи келган чоғида, у(кўйлак)ни унинг юзига ташлаганида, яна кўрадиган бўлди. У: «Сизларга мен Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан, демаганмидим?!» – деди.
Ота-онасини тахтга кўтарди. Улар унга сажда қилиб йиқилдилар. У: «Эй отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир, Роббим уни ҳаққа айлантирди. Дарҳақиқат, У менга яхшилик қилди. Мени қамоқдан чиқарди. Шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан сўнг, сизларни биёбондан олиб келди. Албатта, Роббим нимани хоҳласа, ўшанга латийфдир. Албатта, Унинг Ўзи билгувчи ва ҳикматли Зотдир», деди.
(Бу ояти каримада узоқ айрилиқдан сўнг дийдор топишиб, сўрашиб бўлганларидан кейинги ҳолатларнинг тасвири келтирилмоқда. Бу ҳол қандай бўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо қадимги тафсирчиларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, салом маъносида бошларини бир оз эгдилар, дейдилар. Бошқалари, берилган бу неъмат учун Аллоҳга шукр саждаси қилдилар, дейдилар. Яна бирлари, ўша вақтда катталарнинг оёғига йиқилиб сажда қилиш бор эди, лекин Ислом шариатида бекор қилинган, деган фикрни айтганлар.)
Одамларнинг кўплари, гарчи сен жуда қизиқсанг ҳам, мўмин эмаслар.
(Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом қавмларига яхшиликни раво кўрганларидан, иймонга келишларини жуда қаттиқ истар эдилар. Шунга ҳаракат ҳам қилар эдилар. Аммо Аллоҳ таоло бу уриниш уларнинг иймонга келишларига сабаб бўла олмаслигини билдирмоқда.)
Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтадилар.
(Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.)
Сен: «Бу — менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб — ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт.
(Яъни, биз йўлимизнинг тўғри эканини аниқ билиб, ишониб туриб чақирамиз. Бизга Аллоҳ таоло ҳидоят ва нур бергандир. Биз бу йўлдан ишонч ва билим ила юрамиз, унга бошқаларни ҳам чақирамиз.)
Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юборганмиз. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги пайғамбарлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда.)
Ҳаттоки Пайғамбарлар ноумид бўлиб, ўзларини ёлғончига чиқарилганлар, деб гумон қилиб қолганларида, уларга Бизнинг нусратимиз келади. Бас, Биз хоҳлаганларга нажот берилур. Жиноятчи қавмлардан Бизнинг азобимиз қайтарилмас.
(Ҳа, Аллоҳнинг нусрати охирги лаҳзада, ҳеч умид қолмаганда келади. Гулга етиш учун тикан заҳрини тотиб кўриш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом: «Жаннат тиканлар билан ўралгандир», дейдилар.)
Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди. Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганнинг тасдиғи ва барча нарсанинг тафсилоти, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир.
(Ҳа, ўтган умматларнинг, жумладан Юсуф алайҳиссалом ва замондошларининг қиссаларида ҳам ақл ишлатган ҳар бир киши учун ибрат бор.)
पवित्र कुर्आनको अर्थको उज्बेक भाषामा अनुवाद, अनुवादक : मुहम्मद सादिक मुहम्मद युसुफ, प्रकाशन : १४३० हिज्री । रव्वाद अनुवाद केन्द्रको निरीक्षणमा सच्याइएको छ । सुझाव, मूल्याङ्कन र निरन्तर परिमार्जनका लागि मूल अनुवाद हेर्न सक्नुहुन्छ ।
Contents of the translations can be downloaded and re-published, with the following terms and conditions:
1. No modification, addition, or deletion of the content.
2. Clearly referring to the publisher and the source (QuranEnc.com).
3. Mentioning the version number when re-publishing the translation.
4. Keeping the transcript information inside the document.
5. Notifying the source (QuranEnc.com) of any note on the translation.
6. Updating the translation according to the latest version issued from the source (QuranEnc.com).
7. Inappropriate advertisements must not be included when displaying translations of the meanings of the Noble Quran.
نتائج البحث:
API specs
Endpoints:
Sura translation
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/sura/{translation_key}/{sura_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified sura (by its number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114)
Returns:
json object containing array of objects, each object contains the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".
GET / https://quranenc.com/api/v1/translation/aya/{translation_key}/{sura_number}/{aya_number} description: get the specified translation (by its translation_key) for the speicified aya (by its number sura_number and aya_number)
Parameters: translation_key: (the key of the currently selected translation) sura_number: [1-114] (Sura number in the mosshaf which should be between 1 and 114) aya_number: [1-...] (Aya number in the sura)
Returns:
json object containing the "sura", "aya", "translation" and "footnotes".