И з о ҳ. Бу сура ҳам юқорида ўтган ва қуйида келадиган айрим суралар каби «хуруфи муқаттаъот», яъни маънодан узилган ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланди.
5. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга бир дўст (яъни, фарзанд) ҳадя этгин
10. «Парвардигорим, мен учун (кампирим ҳомилали бўлганига) бирон белги-аломат қилсанг», деди у (Закариё). (Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан».
И з о ҳ. Дарҳақиқат, Закариё алайҳиссалом уч кунгача тасбеҳ ўгириш ва Таврот тиловат қилишдан бошқа нарсага тиллари айланмай қолади ва ибодатхонага келган кишиларга ҳам фақат имо-ишора билан панд-насиҳат қиладилар. Сўнг вақти-соати етиб, Яҳё алайҳиссалом дунёга келгач, Аллоҳ таоло унга гўдаклик чоғидаёқ ваҳий юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақда ҳикоя қилинади.
21. (Жаброил) айтди: «Шундай. Парвардигоринг айтурки, бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қилурмиз. Бу битган ишдир.
23. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач), деди: «Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди».
И з о ҳ. Биби Марям ўша фурсат очиққан, чанқаган ва ниҳоятда қийналган эдилар. Сув йўқ, емиш йўқ, руҳлари тушкун эди.
34. Улар (яъни, яҳудий ва насронийлар) шак-шубҳа қилаётган Ийсо бинни Марям (яъни, унинг ҳақидаги Аллоҳнинг) Ҳақ сўзи мана шудир.
И з о ҳ. Юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятларда Ийсо бинни Марям Аллоҳ таолонинг «Бўл», деган амри билан отасиз дунёга келган бир банда ва пайғамбар эканликлари тўғрисидаги Ҳақ таолонинг сўзи баён қилинади ва Ийсо ҳақидаги «У валади зино» дейдиган яҳудийларнинг сўзи ҳам, «У худонинг ўғли» дейдиган насронийларнинг сўзи ҳам ботил — ноҳақ сўзлар экани таъкидланади.
35. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас — У зот (бундай нуқсондан) покдир. У бирон ишни қилмоқни истаса, фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлур.
39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларни (яъни, Макка мушрикларини) барча иш битирилиб, (яъни, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилиниб), улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган Кундан — Қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар иймон келтирмайдилар.
40. Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу Ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўлурмиз (яъни, барча жонзот ўтар, ёлғиз Бизгина қолурмиз). Ва фақат Бизгагина қайтурлар.
49. Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлангач, Биз унга (фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик.
52. Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.
И з о ҳ. Ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мадян шаҳридан Мисрга қараб йўлга тушиб, Аллоҳ таолога муножот қилиб кетаётганларида, ўнг томонларидаги Тур тоғидаги бир дарахтдан овоз келади ва ўша жойда Аллоҳ таоло билан бевосита сўзлашадилар.
58. Ана ўша Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни, уларнинг фарзандларидан бўлган Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил-Яъқуб (зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Ийсо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлган пайғамбарлардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида йиқилурлар.
И з о ҳ. Мазкур оят ҳам сажда ояти бўлиб, уни тиловат қилувчига ҳам, тинглагувчига ҳам бир марта сажда қилиш вожибдир.
61. Улар Раҳмон ғойибда (яъни, бандалар кўзига кўринмай) турган ҳолида Ўз бандаларига ваъда қилган мангу (яшаладиган) жаннатларга (кирурлар). Албатта, У зотнинг ваъдаси амалга ошгусидир.
64. «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), биз ёлғиз Пардигорингизнинг амри фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (Охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва Охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Унингдир. Парвардигорингиз унутгувчи эмасдир.
И з о ҳ. Ушбу икки оят Жаброил алайҳиссаломнинг сўзларидир. Пайғамбар алайҳиссаломга бир муддат ваҳий келиши тўхтаб қолганидан сўнг Жаброил келганида Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: «Нега келмай қолдингиз?», деб сўраганларида, у Аллоҳнинг амри билан юқоридаги сўзларни айтган экан.
65. У осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)»
68. Бас (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта, Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.
90. Унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур.
И з о ҳ. Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳол.
97. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик.
98. Биз улардан (яъни, Макка мушрикларидан) илгари ҳам қанча (ўз пайғамбарларига итоат этмаган) авлодларни ҳалок қилгандирмиз. Сиз улардан биронтасини кўрурмисиз ёки овозларини эшитурмисиз?! (Бас, сизга иймон келтирмайдиган бу қайсар қавм ҳам ҳалок бўлиб битар, аммо Биз сизга нозил қилган дин эса Қиёматгача қолур).