[1]Дарҳақиқат, тафаккур қилиб кўрилса, бу оламда ҳамма нарса жуфт-жуфт қилиб яратилгани маълум бўлади: қуёшнинг жуфти ой, Ернинг жуфти осмон, куннинг жуфти тун, дунёнинг жуфти Охират... Агар мана шу мантиқ ҳақ бўлса, Охират борлиги ҳам барҳақдир. Ёлғизлик фақат Аллоҳ таолога ярашур.
[2]Бу оят — Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Аллоҳингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида, азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
[3]Бу оятда Исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир: «То бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас». Яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур».
[4]Ислом таълимотига кўра, коинотдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади, яъни Аллоҳ унинг зиммасига қўйган вазифани адо этиш билан У зотга итоат қилади. Зотан, Яратганга итоатсизлик ҳалокат демакдир. Масалан, кўкдаги қуёш ўзининг сайрини бир дақиқа тўхтатса, денгизлар буғланиб-қуриб, қуруқликлар ёниб кетган бўлур эди. Шунингдек, хоҳ мўмин, хоҳ кофир бўлган инсон баданидаги бирон аъзо ўз вазифасини бажаришдан тўхтаса, ўша инсоннинг бутун ҳаёти издан чиқади. Демак, ҳаёт интизоми бузилмаслиги учун Еру осмондаги ҳамма нарса ёлғиз Яратувчига бўйинсуниши шарт экан. Фақат юқоридаги оятда уқтирилишича, мўмин ўз ихтиёри билан итоат қилса, кофир мажбуран бўйинсунар экан. Бу оят сажда оятидир.
[5]Ушбу оят мушриклар Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга: «Агар ҳақиқий пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб уларнинг ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин. Ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин, улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз», деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон мўъжиза кўрсатилса, мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади.
[6]Ривоят қилишларича, яҳудий ва насронийлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Нажоший каби айрим кишилар ҳазрати Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга Қуръон нозил бўлганидан хабар топишгач, ўзларининг китоблари ва Таврот ва Инжилдаги Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини юбориш ҳақида берган ваъдаси амалга ошганидан шодланишиб, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтирган эканлар.